-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тоғ йўлидаги можаро маъмурий жавобгарликка сабаб бўлди (2019 йил, 26 сон)

08.07.2019

ПОП туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Шаҳзода Жумаева (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2019 йил 20 март куни, яъни Наврўз умумхалқ байрами доирасида бизнес ҳамкори Баҳодир Ҳудойбердиев билан бирга ўзининг “Нексия” русумли машинасида Парда Турсун қишлоғидаги зиёратгоҳдан қайтишаётганди. Йўлнинг Чоркесар маҳалласидан ўтувчи қисмига етганда орқадан “Малибу” русумли, 50 Е 388 LA давлат белгили автомашина уларни таъқиб қилиб келаётганини сезиб қолишди. Йўлда давом этишаркан, “Малибу” ҳам изма-из келаверди. Аммо маҳалланинг ички йўлига ўтиб, ҳаракатни давом эттиришаётганда негадир орқадаги машина кўринмай қолди. Маҳалла ҳудудидан ўтиб, туман маркази томон кетишаётганда эса нотаниш бир ­“Нексия” автомашинаси йўлга кўндаланг туриб ­олиб, уларни тўхтатди.

— Нима иш қилиб қўйдинглар? Ҳозир Баҳром ака келади, кутиб туринглар, — дея буйруқ берди йўлтўсар йигит.

— Баҳром акангиз ким, нега бизнинг йўлимизни тўсаяпсиз? Ўзингиз кимсиз?, — деб сўради Б.Худойбердиев.

Йигит эса бунга жавоб бермай, пинагини ҳам бузмай тураверди. Шу маҳал бояги “Малибу” етиб келди. Унинг соҳиби Парда Турсун қишлоғида жойлашган сил касалликлари сиҳатгоҳи бош шифокори ўринбосари Баҳромжон Хосиятов эди. Ўша пайтда Б.Хосиятов яхшигина маст бўлиб, автоуловни ҳам шу ҳолда бошқариб келганди. Энг асосийси, у Б.Худойбердиев ва Ш.Жумаевани гўёки тоққа чиққан (Парда Турсун қишлоғи тоғли ҳудудда жойлашган — муаллифлар) ошиқ-маъшуқлар деб билиб, тўхтаган жойида бақир-чақир қилиб, уларга куракда турмайдиган сўзлар билан сўкиниб, жамоат тартиби ва фуқаролар ­осойишталигини бузди. Натижада Б.Худойбердиев бу хусусда ички ишлар ходимларига мурожаат қилди. Шу боис учаласи ҳам туман ИИБ биносига олиб келинди. Бу ерда эса Ш.Жумаева Б.Хосиятовнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ҳақорат қилган.

Поп туман тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 20 мартдаги 309-сонли “Ичганлиги ва мастлик ҳолатини аниқлаш ҳақидаги қайди”да Б.Хосиятовнинг алкоголь мастлик ҳолати қайд этилган. Оқибатда унга ва Ш.Жумаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган. Албатта, мазкур ишни кўриб чиқар экан, Поп туман маъмурий суди ҳар иккала ҳуқуқбузарга нисбатан қарор қабул қилишда жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олди. Пировардида Б.Хосиятовга кодекснинг 131-моддаси 1-қисми ва 183-моддасига биноан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. ­Ш.Жумаевани эса кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топиб, кодекснинг 21-моддасига мувофиқ огоҳлантириб, жавобгарликдан озод қилди. Шундай экан, каттами-кичикми, оғирми-енгилми, ғайриқонуний қилмиш ҳеч қачон жавобсиз қолмаслигини унутмаслик шарт.

 

Самаджон ҚОДИРОВ,

Поп туман маъмурий суди раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири