-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ҳуқуқий педагогикада тарбия. Олий таълимда уни қандай қўллаш керак? (2019 йил, 27 сон)

09.07.2019

ЎЗБЕКИСТОНДА кадрларни тайёрлашнинг ўзига хос моделини яратишга ҳаракат қилинаяпти. Жамиятнинг фан ва таълимга нисбатан талаблари ошиб бораётганлигини ҳисобга олсак, ҳар жиҳатдан билимли кадрларни тайёрлаш бугун олий таълим муассасалари олдида турган муҳим вазифадир. Айни дам ўқитиш технологияларининг янгиланиб бораётганлиги, таълим ва илмий муассасаларнинг ташкилий ҳамда иқтисодий шароитлари тез суръатда ўзгараётганлигини тан олиш жоиз. Шубҳасиз, бу ўринда олий ўқув юрти жамоаларининг ҳозирги замон педагогикасининг энг самарали ютуқларидан унумли фойдаланаётганини қувонч билан таъкидлаш керак.

Лекин минг афсуски, буларнинг ҳаммаси ҳам билимли, ҳам тарбияли, ҳар жиҳатдан мукаммал соҳа вакилини тайёрлашга хизмат қилаётгани йўқ. Олий ўқув юртини тамомлаган талаба ўзи танлаган соҳанинг туб моҳиятини англамаяпти. Шу касбни эгаллаб одамларга қандай хизмат қилиш кераклигини билмайди ёинки соҳанинг буюк намоёндалари уни қай тариқа ва нима учун юксакликка кўтарганини тушунмайди. Буларнинг асл сабабини эса замонавий таълим қанчалик илғор аҳамият касб этаётган бўлмасин, педагогикага чинакам тарбия, аслият етишмаётганлигида деб баҳоладик.

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри”, “Бахт-саодатга эришув тўғрисида” каби асарларида таълим-тарбиянинг муҳимлиги, унда нималарга эътибор бериш зарурлиги, таълим-тарбия усуллари ва услуби ҳақида фикр юритади. Таълим — инсонга ўқитиш, тушунтириш асосида назарий билим бериш; тарбия — назарий фазилатларни маълум ҳунарни эгаллаш учун зарур бўлган хулқ нормаларини ва амалий малакаларни ўргатишдир, дейди олим.

Буюк мутафаккир шоиримиз ­Алишер Навоий томонидан 1481-1482 йилларда ёзилган “Вақфия”
асарида илмпарварлик ва инсонпарварлик ғоялари асосида ҳатто унинг мударрислар ва талабалар моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлигини кўрамиз. Хусусан, мазкур асарда мударрисларга ҳар йили икки юз олтиндан маош белгиланганлиги, ҳар ойда икки қопдан буғдой ва арпа нон учун ҳамда отининг еми учун берилганлиги қайд этилган. Навоий талабаларнинг икки ҳалқа (гуруҳга бўлиб), бир гуруҳнинг сонини 11 дан оширмаганлиги ҳам теран билим олишга мўлжалланган тадбир бўлиб, агар ҳар бир гуруҳда 20 ва ундан ортиқ талаба бўлса, мударрис уларнинг ҳар бирига етарлича эътибор беролмай қолади, деб ҳисоблаган. У талабаларни қобилияти ва яхши ўқишига қараб уч тоифага бўлгани ва уч даража маош (ҳозирги замон тилида стипендия) белгилагани ҳам диққатга сазовордир.

 

Мутафаккирларимиз илмини жаҳон тан олади. Биз эса уларни ўрганмаяпмиз

Буларни нега айтаяпмиз? Улуғ мутафаккирларимиздан буюк мерос қолганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин уларни ўрганиш масаласи эса...

Қайси олий таълим муассасасида ўқув жараёнига улуғ алломаларимизнинг асарларидан фойдаланилаяпти, деб айта оламиз?! Ваҳоланки, кўплаб чет эл ­олий ўқув юртларида бугун Ибн Сино, Ал-Фаробий, имом ал-Бухорий, Бурҳониддин ал-Марғиноний асарларини махсус фан сифатида ўқитишаяпти.

Фикримизни ҳуқуқий таълим берадиган ўқув юртлари мисолида давом эттирмоқчимиз. Ҳуқуқшунос талаба педагогик фаолиятга махсус ўқитилмайди. Аммо ҳуқуқшунос ўқитувчи фақатгина ўз фанини билиши етарли эмас, у ёки бу даражада педагогик маҳорат, педагогик жараён, унинг турли шакл ва услуб­лари, касбий психология ва ­этикани ҳам яхши тушунмоғи лозим. Бу даргоҳни тамомлаган ҳуқуқшуносни халқ орасига йўллаймиз. Демак, у мулоқот маданиятини мустаҳкам даражада билиши зарур. Шу билан бирга хулқ-атвори муносиб бўлиши керак. Хўш, агарки, ­олий ўқув юртларида бу жиҳатларга эътибор қаратилмас экан, унда бу тарбияни бўлажак кадрлар қаердан ҳам оларди?

Бугун “инглиз ҳуқуқи”, “инглиз маданияти”, “инглиз тили” тушунчаларига тамомила кириб бораяпмиз. Ҳуқуқшуносликда хорижий амалиёт “берилиб” ўрганилаяпти. Ҳозир кўплаб олий таълим даргоҳлари каби бизнинг университетда ҳам педагогиканинг замонавий услубларига, асосан, хориж таж­рибасига таянилмоқда. Албатта, хорижнинг энг илғор тажрибасини ўрганишнинг кўпгина афзал жиҳатларини инкор этиб бўлмайди. Лекин қанчалаб фиқҳшунос алломаларимиз, адо­латпеша ва тадбирли қозикалонларнинг тажрибаси тарихий қўлёзмалар орқали бизга мерос қолган. Аслида уларнинг илмини замонавий амалиётга қўллашимиз керак эмасмиди?! Биз ихлос қўйганимиз ўша хориж услуби ҳам шарқ олимларининг бой меросини ўрганиш асносида шу даражага етмаганмиди?! Мутафаккирларимиз тажрибасини жаҳон тан олиб турган бир пайтда биз уларни ўрганмаслигимиз нақадар ачинарли.

 

Университет биносига қадам босаман

Юз йиллик анъаналарга эга университетимиз биносининг ҳар бурчига бир-бир қадам босаман. Бирор жойда улуғ алломаларни, уларни босган йўлини анг­латувчи сурат ёки бошқача тас­вирни кўрмайман. Зеро бу даргоҳдан неча-неча ҳуқуқ илмининг билимдонлари чиққан эди. Биз ­уларнинг босган изидан юриб шу ергача келган эдик. Авлодларимиз илмий меросни ўзи хоҳиш билдириб ўрганиши учун биз уларнинг кўз ўнгида улар сиймосини яратишимиз керак эмасми? Талабалар улуғларнинг фиқҳ илмига, ҳуқуқшунослик илмига қўшган ҳиссасини тан олиб, улар руҳини сезиб, шу билан маънавиятини тўйинтириб таҳсил олиши қандай соз бўларди. Яқинда мен Санкт-Петербург университети ­юридик факультетида ўтказилган шу даргоҳда XIX асрда таҳсил берган, унинг номи билан ­юритиладиган халқаро Мартенс илмий анжуманда қатнашдим. Икки йилда бир маротаба бу университетда дунё миқёсида халқаро ҳуқуқ илми билимдонлари йиғилиб, Фёдор Мартенс қолдирган бой меросни таҳлил ­этиб, ҳуқуқдаги энг сўнгги тенденцияларни муҳокама этадилар. Бу тадбир менда катта таассурот қолдирди. Шунда ўйладим, ҳуқуқ илмида Х.Сулаймонова, Ш.Ўразаев, А.Аъзамхўжаев каби етук намояндалар илмий меросини наҳот биз ҳам оммалаштира олмасак?!  Шу асно биз энг илғор ҳуқуқий амалиётнинг ортидан қуваяпмизу, тарбияни унутиб қўйяп­миз, чоғи. Негаки, юридик ўқув ­юрти бош­қа олий ўқув юртларидан ­ўзининг ахлоқий жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу даргоҳни битирган талабалар судья, прокурор, терговчи, адвокат ва бошқа касб ­эгалари сифатида келгусида кўплаб инсонларнинг тақдирини адолатли ва тўғри ҳал қилиши лозим бўлади. Шу сабаб ҳам улар юксак инсоний фазилатларга эга бўлишлари жуда муҳим эканлигини унутмаслик керак. Талабаларга таҳсил бериш жараёнида касбий эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда йўналтириш, уларнинг жаҳон ва миллий адабиёт намуналарини билиши, маданият ва санъат асарлари билан танишиш имкониятидан ҳам унумли фойдаланиш зарур бўлади. Бу борада талабаларни театр, музейларга олиб боришни тизимли ташкил қилиш яхши самара берган бўларди. Бу айни пайтда Президентимиз илгари сураётган бешта ташаббусни амалиётга тат­биқ этишда ҳам муҳим саналади.

 

Таълимга жиддий эътибор керак: “Ақлий ҳужум”, эвристика нима?

Президентимизнинг “Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди”, деган шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафасига оид фикри қанчалик ҳаётий ҳақиқат эканлиги кўриниб турибди.

Кўп вақтлар давомида олий ўқув юртида назарий ва амалий билимлар қай даражада, ўқув режасида уларнинг нисбати қандай бўлиши керак, бундай билимларни талабаларга қандай усул ва воситалар орқали етказиш лозим, деган баҳс­лар бўлиб келган.

Машҳур чех педагоги Я.Коменский инсон ҳар қандай билимни яхши ўзлаштиришга қобилияти бор, фақатгина бунга тўғри усулни танлай билиш лозим, деб ҳисоблаган. Ҳозирги замон таълим тизимида, жумладан, юридик таълимда турли усуллар қўлланилади, хусусан, таълимнинг энг муҳим анъанавий усулларидан бири бу сўз — тушунтириш усули ҳисобланиб, талабанинг билим олишида ўқитувчининг жонли сўзи асосий манба сифатида улкан кучга эга бўлади. Албатта, талаба ҳам ўз ўрнида, ­амалий машғулотларда ўз маъруза ва чиқиш­ларида, имтиҳонларда жавоб беришида, ўз илмий раҳбари билан курс ёки малакавий ишини ёзишда, биринчи навбатда, сўздан фойдаланади ва унинг касбий нутқи шаклланишида булар катта аҳамият эгаллайди. Талабанинг фанларни ўзлаштиришида, уни тушунишда, эслаб қолишида, сўровларда фойдаланишида, айниқса, кейинчалик, ҳаётда қўллай олишида ўқитишнинг кўргазмали усуллари ҳам муҳимдир. Ўқитувчининг машғулот давомида тегишли кўргазмали жадвал, схема ва ҳатто доскада маркер билан кўрсатган ёзуви, криминалистика бўйича ўқув кабинетидаги анжомлар талаба томонидан яхши қабул қилинади. Талабанинг ўз ўқитувчиси раҳбарлигида семинар ва амалий машғулотларда, айниқса, унинг ўз маърузалари, тегишли мавзу бўйича вазифа ва топшириқларни ­ечиши, баҳс ва мунозараларда фаол иштирок этиши ҳуқуқий воқелик ва ҳодисаларни ўзлаштиришида “ақлий ҳужум”, яъни ақлий фаолият руҳи билан бойитилган эвристик усул ҳисобланади. Бундай усул икки ижобий шаклда амалга оширилиб, яъни биринчидан, талаба уйга берилган топшириқ ва вазифани амалий машғулотларда ўзининг жавобларини тақдим этган ҳолда таҳлил қилиши, иккинчидан, ўқитувчи томонидан илгари сурилган муаммоли масалаларни талабанинг мустақил равишда ­амалий машғулотларда ўз маъруза ва ёзма ишлари орқали муҳокама қилиши билан ажралиб туради. Талабанинг ўз ўқитувчиси раҳбарлигида амалий машғулотларда маъруза ёки реферат, курс ва малакавий ­ишларини тайёрлашга йўналтирилган тадқиқот ­усулини ҳам назарда тутади. Бунда ёзма ишни ёзишда унинг режасини тузиш, материаллар тўплаш, уни тизимлаштириш жараёни талабанинг дунёқарашини кенгайтиради, мантиқий фикрлашга ундайди.

 

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

юридик фанлар доктори