-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади (2019 йил, 27 сон)

09.07.2019

Дарҳақиқат, Президентимизнинг бу сўзлари замирида инкор этиб бўлмас ҳақиқат мужассам. Барча замонларда аёлларни муҳтарамаю мукаррама зот сифатида эъзозлнган, қадрланган. Хусусан, Ҳадиси шарифдаги “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган муборак калом барчамизга яхши таниш. Ислом динидаги аёлларни улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оналарнинг ҳақини оғринмай адо этиш каби таълимотлар буюк жаҳонгир Амир Темур ва темурийзода подшоларнинг сиёсатида ўз ифодасини топган. Буни Амир Темурнинг қуйидаги сўзлари ҳам яққол тасдиқлаб турибди: “Бу замин аёллари ҳар соҳада етакчилик қила олади, бу замин аёлларнинг садоқати, меҳр ва зукколигини улуғлайди, шундай экан, аёлларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давлат сиёсати даражасида билдим”.

Муқаддас заминимизда туғилиб ўсган аёллар жасорати тилларда достон бўлган юртпарвар Тўмарис, Темур салтанатининг бебаҳо гавҳари оқила аёл Сарой Мулк хоним, назм маликалари Нодирабегим, Жаҳон отин Увайсий, “Олой маликаси” Қурбонжон додхоҳ каби тарих зарварақларидан жой олган.

Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, унинг олтин тамойиллари ҳаётимизга татбиқ этилаётган бугунги кунда юртимиз аёлларига эътибор ва ғамхўрлик, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тобора ошиб бормоқда. Шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидир” деб белгилаб қўйилган конституциявий принцип асосида аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги ошиб, оналик ва болалик, оила институтининг қонуний манфаатларини таъминлаш тобора юқори даражага кўтарилиб бормоқда. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан юқори баҳо берилмоқда.

 

Момоларимиз номи тилларда достон

Феруза МУХИТДИНОВА,

Тошкент давлат юридик университети юридик фанлар доктори, профессор:

— Ўзбек аёллари умумбашарият тараққиётига улкан ҳиссасини қўшган машҳур ўғлонлари — Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби саркардалар, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, ҳазрат Хўжа Аҳрор Валий каби азиз авлиёлар, жаҳонни лол қолдирган — Форобий, Абу Райҳон Беруний, Имом ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби олимларни тарбиялаган оналардир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1 минг 500 нафарга яқин халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда. Юзлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида 500 нафардан зиёд фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ва истеъдоди билан ватанимиз равнақи учун астойдил хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Пре­зиденти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қатор Фармон ва қарорлари Давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини ошириш, Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ҳар йили муайян йўналишда қабул қилинаётган махсус давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши доирасидаги режали ишлар маълум даражада аёлларимизнинг ҳаёт шароити ва сифатини яхшилашга ҳам алоқадордир. Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТ ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги, ­“Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисида”ги ва бошқа ҳужжатларини ратификация қилган. Албатта, бу ишларни амалга ­оширишда Ўзбекистон 1995 йил 6 майдан “Оналикни муҳофаза этиш тўғрисида”ги Конвенцияга, 1997 йил 30 августдан “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бугунги кунда аёлларга эътибор ҳар даврдан ҳам ўзгачадир.

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга қарасак, ижобий ўзгаришлар талайгина. Жумладан, яқин ойларда Суриядан юртимизга қайтариб келтирилган оналар ва болаларга кўрсатилаётган реабилитация ёрдамининг бош мақсади ҳар бир аёл эътиборда, давлат ҳимоясида эканлигини ифода этишдир. Шунингдек, жорий йилнинг 21 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат Раиси лавозимига Танзилла Норбоеванинг тайинланиши ­аёлларимизнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигидан далолат. Мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатида янги қўмита — Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди. Олиб борилаётган ислоҳотлардан кўриниб турибдики, Шарқда аёлларга эътибор ҳамиша юқори даражада бўлган, аёл миллат ­онаси, юрт равнақида ўз ўрнига эга инсон сифатида улуғланишини бугунги давр исботламоқда.

 

Ҳар бир аёл давлат бошқарувида фаол ва ташаббускор бўлсин

Зулайҳо МАХКАМОВА,

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг 1-ўринбосари:

— Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва шу орқали маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқарув органларининг барча бўғинларидаги раҳбар лавозимларида хотин-қизлар улушини ошириш мақсадида Сиёсий партиялар билан 2018-2019 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижрога йўналтирилди.

Унга кўра, сиёсий ва ҳуқуқий билимли, фаол, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 3 240 нафар кадрлар захираси шакллантирилди.

Лекин мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишда ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди.

Сабаби, кўрсатилаётган номзодларни тайёрлаш борасида тизимли иш олиб борилмаяпти, айниқса, раҳбарлик лавозимларига хотин-қизлардан номзод сўралса, топиб ҳам бера олмаяпмиз.

Ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар сони 1 фоизни ҳам ташкил этмайди.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кадрлар билан ишлаш Концепциясини ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз лозим.

Сиёсий партиялар билан ҳамкорликда вакиллик органларига, Парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-қизлар томонидан номзод кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда депутатлар орасида уларнинг улушини 30 фоиздан кам бўлмаслигига эришишни ўзимизга вазифа қилиб олишимиз керак.

2019 йилда Президентимиз томонидан берилган топшириқ, яъни хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан дастур тасдиқланди, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 13 минг нафар хотин-қизларни иш билан, 1600 нафар хотин-қизларни уй билан таъминлаш бўйича рўйхат шакллантирилди.

Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ­ишлаб чиқилиши бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Шунингдек, 2019 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловчи хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро келишув Меморандуми имзоланди ҳамда йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Қўмита қошида “Фахрий аёллар”, “Ижодкор аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Илм-фан ва аёл”, “Ташаббускор ёшлар” уюшмалари фаолият олиб боради.

 

Олий Мажлис Сенатида янги қўмита

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати:

— Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланган бир вақтда юртимизда бу борада амалга оширилаётган ижобий ишлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари, ЮНИСЕФ каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан эътироф этилиб, юқори баҳоланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма — Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифини берди. Бу тузилма, албатта, мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, ҳар йили халқимизнинг қутлуғ байрамлари муносабати билан Президентимиз томонидан амнистия, афв эълон қилинар эди. Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми бағрикенглик ва кечиримлилик каби инсонийлик хислатларни янги босқичга кўтарди. Унга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида қилмишидан астойдил пушаймон бўлган кўплаб аёллар озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтарилди.

Юртбошимиз Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида тўғри йўлдан адашганларни кечириш ва соғлом ҳаётга қайтариш масаласига алоҳида эътибор қаратганлиги муносабати билан 6 нафар маҳкума аёл озодликка чиқарилди. Улар билан суҳбатлашиш давомида тўғри йўлдан адашган бу аёлларнинг кўзларидаги қувонч ёши, пушаймонлик ва ўкинч изтироби, фарзандлар соғинчи ва тўғри йўлга муштоқликни кўрдик. Уларнинг миннатдочилик сўзлари самимий, қўллари эзгу дуога очилган эди.

 

Қувончдан бошим осмонга етди

Любовь БАСОНОВА,

Тошкент шаҳри:

— Турмушим ёмон эмасди. Бировдан олдинда, бировдан орқада фарзандларим бағрида яшаб юргандим. Нафс қутқуси билан гиёҳвандлик савдосига қўл урдим. Қилмишимга яраша узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиндим. Ота-онам, болаларим кўзларида ёш билан мени панжара ортига кузатиб қўйди. Фарзандларимнинг мунгли нигоҳи жонимни бир ўртаса, соғинч азоби минг бор ёндирди. Ҳар бир инсон учун, айниқса, аёллар учун энг катта бахт оила бағрида, фарзандлари ва яқинлари қуршовида тинч, шукроналик билан яшаш экан. Бу ҳақиқатни мен шу ерда англаб етдим. Тушкунликка тушиб, ҳаётдан тўйган, фарзандларим дийдоридан умид узиб ҳам қўйган бир пайтда “Сиз энди озодсиз. Оилангиз бағрига қайтиб, тинч ҳаёт кечиринг” дейишганида, қувончдан бошим осмонга етди. Дунёда ўзимни энг бахтиёр инсон деб билдим. Беихтиёр тилимга шу сўзлар келди: “Бағрикенг, олийҳиммат элу юртимизни Оллоҳ ҳамиша ўз паноҳида асрасин. Шундай адолатли, инсонпарвар мамлакатда яшашнинг ўзи бахт. Бунинг қадрига етайлик”.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири