-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририга қанчалик зарурият бор?

10.07.2019

Қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz сайтида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Конституциямизга биноан, ижро этувчи ҳокимият вазифасини бажарувчи мазкур органнинг фаолиятини янгидан тартибга солишга эҳтиёж бор эдими?

Сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар барча жабҳаларда, шу жумладан, давлат бошқаруви асосларини, уларнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш, шунингдек, мамалакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги нуқтаи назаридан янгидан кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини янада аниқлаштириб белгилаб қўйиш қуйидаги асосларга кўра долзарбдир:

амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг нормалари Ҳукумат фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган;

бугунги кунда 200 дан ортиқ қонун ҳужжатларида Вазирлар Маҳкамасининг мингдан ортиқ ваколатлари белгиланган бўлиб, ушбу ваколатларни самарали амалга оширишд бир қанча мураккабликларни келтириб чиқармоқда;

Ҳукуматнинг инвестиция, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, ташқи иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш, ташқи сиёсий фаолият, ахборот технологиялари, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги ваколатлари аниқ белгиланмаган;

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўзига бириктирилган аниқ соҳа ва тармоқлар учун жавобгарлиги ҳамда уларни баҳолаш мезонлари тартибга солинмаган;

Ҳукуматнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмлари мустаҳкамланмаган.

Кўришимиз мумкинки, ушбу қонун ҳужжатини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Мазкур қонун ҳужжатининг лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатларнинг ижро ҳокимияти фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилашдаги самарали тажрибаси инобатга олинганлигини ҳам алоҳида эътироф этишимиз лозим. Жумладан, Франция, Литва, Латвия, Эстония, Россия Федерацияси, Беларусь, Украина, Грузия, Арманистон ва Молдова давлатларининг тажрибаси ўрганилган бўлиб, миллий давлатчилик тажрибамизга уйғунлаштирилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Муҳокама этилаётган қонун ҳужжатини қабул қилиш орқали ижро этувчи ҳокимият фаолиятида қадай афзалликлар кузатилади?

Мазкур қонун ҳужжатини янги таҳрирда қабул қилиш орқали қуйидаги самарали натижаларга эришилади:

Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги, самарали усуллари ва замонавий механизмлари жорий этилади;

Ҳукумат аъзоларининг давлат сиёсати амалга оширилиши
ва бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиш учун шахсий масъулияти оширилади;

Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ ва соҳалардаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган ҳолда, унинг ушбу соҳаларни ривожлантириш бўйича жавобгарлиги кучайтирилади;

ушбу муносабатларни тартибга солувчи турли даражадаги қонун ҳужжатлари тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунда мужассамлашади;

соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади.

Шу билан бирга айтиб ўтишимиз мумкинки, мазкур ҳужжат тасдиқланса Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатлари, ҳар бир соҳа бўйича ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкиллаштириш тартиби белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолиятини тартибга солувчи 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит ҳолга келтирилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжати Конституция ва қонунларнинг устунлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, очиқлик ва шаффофлик каби тамойиллар билан тўлдирилмоқдаки, бу жараён Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг жамият ва фуқаролар учун очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, бугунги кунда Ижро этувчи ҳокимият тизимида кузатилаётган бир қатор муаммо ва камчиликларни ижобий томонга ўзгартириш, унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ мураккаб механизмларни бартараф этишга хизмат қилади.

 

Хидирали СОДИҚОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими