-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ўқишга киритиб қўяман!..” Абитуриентларни алдаган “ҳожатбарор” (2019 йил, 27 сон)

10.07.2019

ОЛИЙ ўқув юртига кириш имтиҳонлари яқинлашгани сари “ўқишга киритиб қўяман”, деган кимсалар кўпайиб қолади. Мақсад аниқ — “ўлжа”ни топиб пулини олиш. Аммо масаланинг муҳим томони шундаки, ўша “ҳожатбарор”ларнинг абитуриентни имтиҳонларга пухта тайёрлаб, ўқишга киритишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Улар ўқишга киритиш баҳонасида керакли пулни олади-да, кейин жуфтакни ростлаб қолади.

Нормурод Шеров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, бир нафар фарзанди бор йигит. Нуфузли университетда ўқитувчи бўлиб ишласа-да, пул топишнинг осон йўлини ўйлаб юрган кезлари Мақсуд Нуриддинов билан танишиб қолади. Мақсуд суҳбат чоғида Н.Шеровга айни пайтда жияни мактабни битириб олийгоҳга киришга тайёргарлик кўраётганлигини айтиб, имтиҳондан ўтишда ёрдам беришини сўрайди. Нормурод эса Мақсудга ўқишга киритиш ваколати йўқлигини, аммо ўқишга киритишда ёрдам берадиган танишлари борлигини айтади.

Шунда Мақсуд: “Жияним анчадан бери кучли ўқитувчилар ёрдамида тайёргарлик кўриб келаяпти. Ҳар эҳтимолга қарши олдини олиб қўйган яхши. Мабодо 1-2 балл етмай қолса ёрдам берасиз. Кира олмаган тақдирда пулни қайтариб берасизми?”, деб сўрайди.

“Ўқишга киритиш осон иш эмас. Ака, кўнглингиз тўқ бўлсин. Мени ким деб ўйлаяпсиз. Менинг танишим чакана одам эмас. Жуда юқори лавозимда ишлайди. Исмлари “Лобархон”, дея ­Нормурод унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Н.Шеров қармоққа илинган  “лаққа балиқ”ни ўша танишининг ёнига бошлаб боради. Н.Шеров Л.Холмуродовага жияни ўқишга келганини айтиб, қайси факультетга топширгани маъқул деган маънода савол беради. Табиийки, шум мақсадидан бехабар Л.Холмуродова унга қариндошининг ўқишга ҳужжат топширишда муаммо бўлса қонуний ёрдам беришини, лекин бошқа ёрдам бермаслигини айтиб, уларни хонадан чиқариб юборади.

Шундан сўнг, Мақсуд ва Нормурод 2018 йил 6 май куни 12:00 да университетнинг эски биноси ёнида учрашишади. Суҳбат чоғида Н.Шеров М.Нуриддиновдан қариндошини ўқишга киритиш учун қанча пул беришини сўради, Мақсуд ҳозирча 7-8 минг АҚШ доллари миқдорида пули борлигини, қариндоши ўқишга киргач эса унга яна алоҳида пул беришини айтади.

Гапни бир жойга қўйган “оғайни”лар 2018 йил 17 май куни ­университет биносида кўришишга келишиб олишади. Ўша куни фирибгар Мақсуддан унинг жиянини ўқишга киритиш учун 8.000 АҚШ доллари (64.206.640 сўм)ни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Суд, айбланувчи Н.Шеровга жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, илгари судланмаганлиги, оилавий аҳволи, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифланганлигини инобатга олиб, унга тегишли жазо тайинлади.

Алишер РАИМБЕРГЕНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмазор туман бўлими бошлиғи