-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Беҳишт гулларидан юз бурманг Унинг сўрови ҳам, жавоби ҳам оғир келади (2019 йил, 28 сон)

16.07.2019

ҲАДИСИ шарифда битилишича, Муҳаммад с.а.в “Гўдаклардан жаннат иси келади”, деган эканлар.

Сўнгги йилларда аёллар томонидан ўз боласини сотиш, турли йўллар билан жонига қасд қилиш, норасидаларга зулм ўтказиш каби мудҳиш жиноятлар тафсилоти қулоғимизга чалиниб турибди. Хусусан, Фарғонада аёл аталмиш кимса томонидан ўз боласини бўғиб ўлдириши билан боғлиқ қабоҳат атрофида кўтарилган шов-шувлар эндигина тинаёзган бир вақтда, нафақат, миллатимиз ва жамиятимиз, балки бутун инсоният учун шармандали яна бир жиноят содир этилди. Сурхон воҳасида биз фариштага менгзайдиган бегуноҳ гўдак ўлимга маҳкум қилиниб, ҳожатхонага ташланиши барчамизнинг қалбимизни ларзага келтирди. Аслида ҳар қайсики тирик жонни нажас ўрасига ташлашнинг ўзи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган разолатдир. Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб улгурмаган қизнинг олдиндан пухта ўйлаб қилган қилмишини оз бўлса-да юмшатиш, хаспўшлаш учун бир баҳона тополмай қийналади киши.

Бу мавзуни очишдан мақсадимиз бундай чиркин воқеа атрофида янада шов-шув кўтариш ёки кимгадир қатъий ҳукм ўқиш эмас. Балки огоҳлик бонгини қайта-қайта чалишдир, токи меҳр-шафқат, қадр-қиммат ва масъулият ҳамиша ҳар нарсадан устувор турсин. Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтишни истар эдикки, ҳар қайсики ёвузликка қўл урган кимсалар вақти келиб олий ҳакам билан юзма-юз келиши, унинг сўрови ва жавобгарлиги жуда-жуда оғир келишини билармикан?

 

Аёлнинг бор қудрати ва жозиба кучи унинг оналик муҳаббатидадир

“Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилади муборак Ҳадиси шарифда. “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл”, дея ­улуғланади қўшиқда. “Аёл жамият гултожи”, “Аёл дунё бешигини тебратувчи муҳтарама зот”, дея таърифланади қадим замонлардан бери. Шу ўринда кўнглимиздан беихтиёр саволлар ўтади. Аёл аталмиш нозик хилқатни бундай юксак эътирофга сазовор қилган унинг гўзаллигими, ақлу фаросатими ёки латофатими? Бунинг сир-синоати, сеҳри нимада? Бу саволларга буюк олмон донишманди, жаҳонга таниқли адиб ва файласуф И.В.Гётенинг қуйидаги сўзларидан жавоб топиш мумкин: “Аёлнинг бор қудрати ва жозиба кучи унинг оналик муҳаббатидадир”.

Дарҳақиқат, ҳаққоний ва ҳаётий жавоб. Оналар меҳр-муҳаб­бати олдида ҳатто ўлим ҳам ­ожиз, оналар кўкси ҳамиша фарзанди учун балогардон. ...Бунга башарият тарихидан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Узоққа бормайлик, 1988 йилда Арманистонда бўлиб ўтган кучли зилзила ва унинг даҳшатли оқибатларини кўпчилик яхши ­эслайди. Спитак шаҳрида вайрон бўлган иморатлар тагида бир аёл ёш боласи билан 12 кун жон сақлаган. Қутқарувчилар уларни олиб чиқишганида она ўлим ёқасида, 3 ёшли қизчаси эса унга нисбатан анча тетик бўлган. Кейин­чалик маълум бўлишича, Она ўз томирини тишлари билан кесиб, қонини боласига ичирган, шу йўл билан унинг жонини сақлаб қолган. Арман аёли жасоратидан ҳайратга тушган, буни қаҳрамонлик, дея атаган халқаро жамоатчилик ва ОАВларига берган интервьюсида “Менинг ўрнимда бўлган ҳар бир аёл шундай йўл тутарди. Мен оналар қилиши лозим бўлган ишни қилдим холос”, деган эди.

— Онамнинг сиймосини ғира-шира эслайман, — дея ҳикоя қилади “Бухенвальд” концлагерининг собиқ асири Юрченко Пётр Максимович “Онам ҳақидаги хотиралар” китобида — Немис фашистлари қишлоғимизга бостириб кирганида 3 ёшда эдим. Бизни бошқа асирларга қўшиб поездда қаёққадир олиб кетишаётганда онамнинг бағрида эдим. Онам гоҳ чўнтакларини титкилаб, гоҳ қаерлардандир тимирскиланиб бир нималар топиб келар ва менинг оғзимга соларди. Манзилга етиб келганимизда мени онамдан айиришди. Онамни ишчилар, мени эса донорлар, яъни немис солдатлари учун қон топширувчи болаларга ажратилган хароба баракларга жойлаштиришди. Фарзандидан айрилишни истамай дод-фарёд қилган аёлларни фашистлар жойида отиб ташлашарди. Орамиздаги масофа тахминан 2-3 чақирим эди. Лагерда оналар ва болалар бир-бири билан кўришиши қатъий тақиқланган бўлиб, темир интизомни бузганлар учун сўзсиз ўлим муқаррар эди. Очлик ва қон топшириш болаларнинг силласини қуритган, ҳар дақиқада ўнлаб болалар ётган жойидан туролмай ўлиб қолишарди. Учинчи ёки тўртинчи тунда қулоғимга ўзимгагина таниш бўлган, жуда паст шивирлаган овоз чалинди: — Ми-мо... Ми-имо. Онам мени эркалаганда шундай деб атарди. — Ойи, ойижон. Мен бу ердаман. Мажолсизликдан судралиб ёғоч деворга ёпишдим. — Тшш..., секин Мимо. Худога шукр, тирик экансан. Сени кўп қидирдим.

Онам девор тирқишидан қўлимга бир дона хом картошка тутқазди. Нодир неъматни деярли чайнамай ютдим. Томиримга қон югургандай бўлди. Шу ондан бошлаб онам ҳар куни тун ярмидан оғиб, қоровулларни уйқу маҳв этган палла менга гоҳ яримта музлаган картошка ёки бир тишлам қора нон, гоҳида сабзавот пўчоқларини келтирарди. Концлагерга мен билан келтирилган болаларнинг деярли барчаси очлик ва камқонликдан ўлиб кетишди. Ўрнига яна янгиларини келтиришарди. Менинг қилга осилиб турган ҳаётимни онамнинг меҳр-муҳаббати асраб қолди. Онам ўзига берилган озгина егуликларни емасдан, жонини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, менга ташмалаганини кейинчалик тушуниб етдим. Азоб-уқубатли кунларнинг бирида онамни кута-кута кўзим илинди. Немис овчаркаларининг безовта акиллашлари ва автоматнинг тариллашидан чўчиб уйғондим. Ўша тунда онам келмади. Эрталаб тонгда солдатлар барагимиз яқинида ўлиб ётган бир аёлни суд­раб олиб кетишаётганини ўша девор тирқишидан кўрдим. Аёлнинг мен томон чўзилган қўллари яримта картошкани маҳкам чангаллаб олганди.

 

Биз кўникиб кетаверамизми?

Халқимиз энг улуғ инсоний фазилатлари билан дунёга танилган халқ. Урушнинг азоб-уқубатли йилларида ҳам, очлик ва қаҳатчилик суяк-суякларигача зирқиратган кунларда ҳам миллийлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган ҳар қандай иллатларга муросасиз бўлишган. Аждодларимиз юракларида имону ­эътиқод ва меҳр-оқибат кучли бўлган-ки, аёллар шаъни жон қадар яқин, ор-номус, инсофу диёнатни ҳар қандай орзу-ҳаваслардан юқори қўйишган. Саноқли йиллар олдин ота-онаси тирик бўла туриб етимхоналарда тарбияланаётган болалар мавзуси жамиятимиз учун оғриқли масала эди. Фарзандларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора болалар уйига ташлаб кетаётган ота-оналар қаттиқ қораланарди. Бундай иллатлар нафақат ўзи, маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар учун ҳам иснод саналган. Турли ОАВлар саҳифаларида ўзини бозорга солаётган енгилтак хотин-қизлар, қутлуғ ошёнини булғаган қўшмачи аёллар, ўн гулидан бири ­очилмаган бокира қизларни алдов йўли билан чет давлатдаги фоҳишахоналарга сотиш билан шуғулланувчи “одам савдоси” корчалонлари ҳақидаги мақолаларни ўқиб миллат шаъни ва қадр-қимматига чин дилдан ачинганимиз, юрагимиз оғрингани ҳали унут бўлганича йўқ. Бугун эса орамизда хитойлик, япониялик ёхуд бошқа бир хорижлик бой кишига турмушга чиққан қизлари билан фахрланиб юрган ота-оналарга, чет давлатларда “бизнес”ини гуллатаётган ва бобоси тенги кекса миллиардер билан бир ёстиққа бош қўйган “тадбиркор қизлар”га ҳавас билан қарайдиган ҳамюртларимиз талайгина. Энг ачинарлиси, турли ОАВ саҳифаларида ўз болаларини сотаётган аёллар ҳақидаги мақолаларни ҳам этимиз сесканмай ўқишга ўрганиб бораяпмиз. Қўрқса қўрқгулик яна бир томони бир-биридан даҳшатли, бир-биридан шармандали чиркин ҳолатлар биз учун тобора одатий ҳолга айланиб бораётгандек, ҳайратлантирмай, ҳаяжонлантирмай қўйгандек, барчамизни кўниктириб қўяётгандек.

 

Бозорга солинган болалар

Яқинда тўқсонни қоралаган тоғамнинг кўзида ёш кўриб, тинчим бузилди. У киши ўқиётган газетани ғазаб билан четга улоқтирар экан, кўз ёшини яширолмади. — Ўқиманг дейман-ку сизга. Мана энди яна икки уч кун қон босимингиз кўтарилиб юради, — дея жавради янга. Йигирма беш ёшли ўғил отасининг кўнгли бўшлигидан кулган бўлди: — Э, шунга шунчами, нима, биринчи бор эшитаяпсизми, бундай воқеаларни...

Қизиқсиниб газетани қўлимга олдим ва тоғамнинг кўнглини буз­ган мақолани ўқишга тутиндим. Унда андижонлик аёлнинг саккиз ойлик ўғлини 1000 АҚШ долларига пуллаш мақсадида харидор излагани ва жигаргўшасини сотаётган вақтида қўлга олингани ҳақидаги тафсилот ёзилган экан.

— Одамлар бир тишлам нонга зор бўлган, очликдан силласи қуриб, кўча-кўйда ўлиб ётган кунларни кўрдим, лекин ўз фарзандини сотган бирор-бир одамни эшитмаган эдим, — деди тоғам куйиниб. — Атрофга қара, қандай фаровонлик. Машаққат йўқ, оворагарчилик йўқ, истаган ноз-неъмат тайёр. Овқатни танлаб есак, кийимни саралаб кийсак. Шундай тўкин-сочин замонда боласини сотиш ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган қабоҳатдан бошқа нарса эмас.

Кескин, аёвсиз бўлса-да, то­ғамнинг фикрига қўшилмай, жиянимнинг эътирозини ҳам эътироф этмай илож йўқ, деб ўйладим ва беихтиёр ёдимга ижтимоий тармоқларда қўзиқориндай пайдо бўлаётган бу каби нохуш иллатлардан бири ёдимга тушди.

Қашқадарёлик Камола (исм-­шарифлар ўзгартирилган) мактабни битиришга бардоши етмадими ёки истаги бўлмадими ўқишни тамом йиғиштирди-да, тўсатдан Самарқандга отланди. Бошқа ўқимайман, — деди ўз тақдирига ўзи хўжайин қиз. — Самарқандда таниш дугоналарим официант бўлиб ишлашаяпти. Уларнинг олдига бориб, мен ҳам ишлайман. Унинг ота-онаси қиз бола ёлғиз ўзи қаерга кетаяпти, дугоналари кимлиги билан на қизиқишди, на эътироз билдиришди. Камоланинг таниш дугоналари ўзидан 5-6 ёш катта бўлиб, кўчада тасодифан танишиб қолишганди. 16 ёшли қиз улар яшаётган уйга келгач, бу опаларнинг ҳеч қаерда ишламай, маишатда яшашларини билди. Лекин уни орқага қайтаргувчи, тўғри йўлга солгувчи кимса топилмади. Бу орада Камола ўзи танимаган, билмаган оилали йигитдан ҳомиладор бўлиб қолди. Иложсиз қолганда, яна “меҳрибон ­опалар” ёрдам қўлини чўзишди, яъни ҳали туғилмаган гўдакка харидор топишди. “Ҳам шармандаликдан қутуласан, ҳам яхшигина пул ­ишлаб оласан”, дейишди. Бу гап Камолага мойдек ёқиб тушди, ахир, унинг мақсади ҳам шу эди-да. Уддабурон қиз йигирма кунлик чақалоғини 500 АҚШ долларига сотаётган пайтида қўлларига кишан солинди. Не ­ажабки, суд залидагина бола тақдирига бефарқ ота-она ва енгил ҳаётга иштиёқманд қизнинг кўзлари гўёки очилгандай бўлди.

 

Иллатнинг илдизи қаерда?

Доно халқимизнинг “Иллат иллатни чақиради”, деган нақли бежиз айтилмаган. Бу ҳикмат замирида улкан ҳақиқат бор. Агар юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, маънавий қашшоқлик ва маърифатсизлик, миллий қад­риятларимизни билмаслик ёки писанд қилмаслик, қўпол қилиб айтганда, ор-номус, масъулият ва меҳр-шафқат каби энг оддий инсонийлик тушунчалардан мосуволик манаман, деб турганини кўриш қийин эмас.

Зотан, арзимас пулга сотилган, ахлатхона ва ҳожатхонага ташлаб кетилган болалар аслида номуссизлик ва баднафслик қурбонларидир. Тўғри йўлдан адашган ўғил-қизларимизнинг жиноий қилмишлари, аввало, ­ота-она, маҳалла, мактаб ва бош­қа тегишли мутасадди ташкилотлар, масъул ходимларнинг масъулиятсизлиги, касбий бурч ва вазифаларига “мендан кетди, эгасига етди” қабилида ёндашиш­лари, бир-биримизнинг тақдиримизга лоқайдлигимиз мевалари, десак муболаға бўлмас.

Очиғи, ёнгинамизда яшайдиган айрим қўни-қўшниларимизнинг номуссизлик, қўшмачилик каби “бизнес” фаолиятини кўрмаймиз, эшитмаймиз.

Сабаби, бир сўз дейишга оғиз ростлаган “ёзувчи”лар ва “ичи қора”ларнинг оғизларига урадиган бойвучча “тадбиркорлар” олдида ҳаттоки айрим маҳалла, ички ишлар ва бошқа тегишли мутасадди ташкилот ходимларининг тили қисиқлигидан хижолат тортамиз-да.

Шукрки, миллат шаъни, ёшлар тақдири, комил инсон таълим-тарбиясига жонкуяр ҳамюртларимиз кўпчиликни ташкил ­этади. Улардан бирлари оилада, ўқув муассасаларида азалий қад­риятларимиз манбаи бўлмиш ислом таълимотига кенгроқ эътибор қаратиш керак, деган фикр­да. Бу борадаги бурч ва масъулиятни янада кучайтириш ҳамда жавобгарлик таъсир чораларини қатъий белгилаш тарафдорлари ҳам талайгина.

 

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири