-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Туризм келтираётган даромад автомобиль саноатини ҳам ортда қолдирмоқда (2019 йил, 29 сон)

23.07.2019

“БИЗДА туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Айниқса, тиббиёт туризми, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий соҳалар ривожига ҳам катта туртки беради”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

БУНДАН атиги 100 йил олдинги, ­яъни XX асрнинг йигирманчи йилларидаги сайёҳликни, бугунги кундаги замонавий ТУРИЗМ билан таққослаш мумкин бўлса, тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадаги тафовут вужудга келади. Халқаро иқтисодий таҳлилчи экспертларнинг хулосаларига қараганда, айни пайтдаги дунё миқёсидаги интерграциянинг жадаллик билан кенгайиб бориши эвазига XXI асрнинг дастлабки йилларига келиб, жаҳон иқтисодиётида сайёҳлик, яъни туризм ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатувчи етакчи тармоқлардан бирига айланган. Статистик маълумотларга кўра, туризм келтираётган даромад товар ва хизматлар экспорти бўйича кимё саноати, ­электроника техник воситаларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва ҳатто автомобиль саноатини ҳам ортда қолдирмоқда. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълум қилишича, дунё ялпи ички маҳсулоти ҳаж­мининг ўндан бир қисми, халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда бутун дунё бўйича сайёҳлар оқими ҳар йили 5 фоиздан кўпроқ миқдорда ўсиб бормоқда.

Айниқса, экотуризм кейинги йилларда сезиларли даражада ривож­ланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий маълумотларига кўра сўнгги икки ўн йилликда ривожланаётган мамлакатларда туристлар сони асосан табиий ёки экотуризм ҳисобига амалга ошмоқда. Масалан, Кения 1,4 миллион, Эквадор 1,2 миллион, Коста-Рика 1,2 миллион, Непал 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида соф даромад олмоқда. Қайд этиш лозимки, ушбу мамлакатларнинг экотуризмдан олган даромади давлат ялпи ички маҳсулотининг 70-80 фоизига тенг. Канадада табиий туризмининг умумий ҳажми ички туризмдан тушган даромаднинг 25 фоизини ташкил этар экан.

Ўрни келганда алоҳида таъкидлаш жоизки, экотуризмни ривож­лантиришга жуда катта имконият берадиган бой атроф-муҳит, фақат Ўзбекистонгагина хос бўлган гўзал табиатга эга мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда мазкур тармоқ салоҳиятини юксалтириш бўйича кўп­лаб амалий ишлар қилинди.

Эътиборингизга тақдим этилаётган бугунги давра суҳбатида туризм ва экотуризм, унинг айни пайтдаги ҳолати, ривожлантириш тенденциялари ҳақида парламент аъзоларининг фикр-мулоҳазалари билан яқиндан танишасиз.

Яратган туҳфа этган табиат боғлари

Фарҳод ҚУВВАТОВ,

Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш ва у орқали янги иш ўринларини яратиш, табиатнинг ноёб ёдгорликларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бугунги куннинг долзарб масалалари қаторига киради. Нима учун, деган табиий савол туғилади. Гап шундаки, Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта табиий омиллар бор. Тасаввур қилинг, мамлакатимизда 8000 дан ортиқ табиий ёдгорликлари 38 миллион гектардан ортиқ овчилик — балиқчилик ерлари, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига кирган ўтхўр ҳайвонларнинг 24 тури, қушларнинг 48 тури, судралиб юрувчиларнинг 10 тури, балиқларнинг 18 тури, 78 турдаги умуртқасизлар, ўсимликларнинг 270 тури учрайди.

Ўзбекистонда умуртқалиларнинг 700 дан ортиқ тури, ­умуртқасиз ҳайвонлар билан қўшиб ҳисоблаганда 15000 дан ортиқ тури мавжуд.

Юксак ўсимликларнинг 4000 дан ортиқ тури, шундан 9 фоизи эндемиклар, жами мохлар, лишайниклар, қўзиқоринлар ва бошқа бир ҳужайралилар билан эса 11 000 тури мавжуд.

Республикамизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони 2164 км2ни ташкил этган 8 та давлат қўриқхонаси, 6061 км2 майдондаги 2 та миллий боғ, ноёб турларга кирувчи ҳайвонларни кўпайтириш Республика жайрон экомаркази, 12186 км2 майдонда 12 та давлат буюртма қўриқхонаси, 4 та табиат ёдгорлиги, 1 та биосфера резервати ва кўплаб бошқа муҳофаза этиладиган ҳудудлар мавжуд. Буларнинг ҳаммаси 20 520 кв.км, ёки Ўзбекистоннинг 5,2 фоиз ҳудудини ташкил этади. Мамлакатимиздаги бири-биридан фарқланадиган иқлим, ландшафтлар, ўсимлик ва ҳайвонот олами турлича бўлган ҳудудларнинг мавжудлиги экотуризмнинг муҳим ресурсларга бойлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, давлат қўриқхоналари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг энг қаттиқ режим тури бўлиб, экотизимлар ва уларнинг таркибий қисмлари — ўсимликлар, ҳайвонлар, жонсиз табиатни ҳимоя қилиш ҳамда сақлаб қолиш учун барпо этилган, доимий равишда фаолият юритадиган, муҳофаза этиладиган зоналардир. Хўжалик фаолияти тақиқланади, экотуризм учун фақат уларнинг қўриқланадиган зоналарига йўл қўйилади. Республикамизда қуйидаги қўриқхоналар мавжуд: Чотқол, Ҳисор, Зомин, Зарафшон, Қизилқум, Нурота, Сурхон ва Китоб Чотқол ва Китоб қўриқхоналарида табиат музейлари мавжуд.

Яратган мамлакатимизга бир қанча табиат боғларини туҳфа ­этган. Ушбу тур муҳофаза этиладиган ҳудудлар тизими Зомин ва ­Угам-Чотқол табиат боғларининг ташкил этилиши билан жорий этилди.

Табиат боғларининг ҳудудида қўриқхонага айлантирилган зоналар, рекреация, хўжалик мақсадида ва бошқа тарзда фойдаланиш зоналари ажратиб қўйилади.

Табиат боғларининг асосий мақсади — табиатдан бир қадар оқилона ва қатъий назорат қилинадиган ҳолда фойдаланиш (туризм, ўрмон маҳсулотларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги) билан бир вақтда биохилма-хилликнинг муҳофаза қилинишини таъминлашдан иборат.

Ноёб ҳайвонлар турларини кўпайтириш бўйича республика маркази ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда Ноёб ҳайвонлар турларини кўпайтириш бўйича республика марказида ноёб ҳайвонлар турларини, жумладан, жайрон, қулон, Пржевальский оти, Бухоро тоғ қўчқори, бурама шохли эчки (морхур), Бухоро буғусини (хонгулни), Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига ва Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган турларни сунъий тарзда кўпайтириш мақсадида Бухоро вилоятида 5145 гектар майдонда ташкил этилган “Жайрон” экомаркази расман фаолият юритмоқда.

Сайёҳлар нимани кўришни хоҳлайди?

Жуманазар ОТАЖОНОВ,

Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугун дунёда экотуризмга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Хўш, экологик туризм ўзининг нимаси билан ажралиб туради? Авваламбор, экотуризм табиатни муҳофаза қилишга янгича ёндашувдир. Айнан шу сабабдан ҳам у атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг янги ­амалдаги кўринишларидан бири. Шуни ҳам айтиш керакки, туризмнинг мазкур йўналиши сайёҳларни ва сайёҳлик ташкилотларини табиатга салбий таъсир қилмасликка, уни муҳофаза қилишга даъват этади.

Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистонга келаётган ёши 50 дан ошган сайёҳларнинг 41 фоизи мамлакатимизнинг энг хушманзара ҳамда табиий ландшафтлар яхши сақланиб қолган ноёб жойларини, 25-30 ёшлар атрофидаги сайёҳларнинг 26 фоизи ­эса экологик муаммолар мавжуд ҳудудларни кўриш истагида эканлик­ларини билдиришган.

Экотуризм турларининг бутун хилма-хиллигини шартли равишда иккита асосий туркумга ажратиш мумкин. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (акваторий) доирасидаги ва “ёввойи”, бузилмаган ёки кам ўзгартирилган табиат шароитларидаги экотуризм.

“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Қонунига мувофиқ, ушбу ҳудудлар асосий тоифаларига кўра, давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари (миллий боғлар, маҳаллий табиат боғлари), давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар (буюртма қўриқхоналар, табиий питомниклар, балиқ хўжалиги зоналари), муҳофаза этиладиган ландшафтлар (курорт зоналари, рекреация зоналари, сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари, ерусти ва ерости сувларининг ҳосил бўлиш зоналари ва айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар (ўрмон хўжаликлари, овчилик хўжаликлари)га бўлинади.

Биргина бизда мавжуд бўлган Бадай-тўқай биосфера резерватининг ҳудуди умумий майдони 68717,8 гектарга тенг ва у жуда муҳим муҳофаза этиладиган табиат зонаси ҳисобланади. Қўриқланадиган ушбу табиат зонасида ажойиб ёввойи ҳайвонот олами инсонларни ўзига тортади. Хусусан, унда ноёб буғулар — гул-буғу (хонгул), хива тустовуқлари, бўрсиқлар, ёввойи чўчқалар яшайди, сузувчи ва сув яқинида ­яшайдиган қушлар кўп.

Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта табиий асос бўлиб хизмат қилади.

Даромаднинг тақсимланиши қонунда белгилаб қўйилиши керак

Зафар ХАНИЯЗОВ,

Қонунчилик палатаси депутати:

— Тўғри, экотуризмни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда жуда катта имкониятлар бор. Аммо бугунги кунда соҳани ривожлантириш учун талайгина ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан ҳудудларда бир қанча муаммолар мавжуд. Буни жойларда бевосита ушбу соҳа билан шуғулланувчилар томонидан билдирилаётган эътирозлардан ҳам англаш мумкин.

Мисол учун, ҳали-ҳануз ер-жой олиш учун бир қанча ­идораларга мурожаат қилиниши, ерни олгандан сўнг эса уни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар туфайли тадбиркорлар ойлаб ва ҳаттоки йиллаб сарсон бўлишмоқда, электр энергия ва табиий газ таъминотига уланиш, банк кредитлари, яъни кредитлар фақат уч йилга берилиши узоқ муддатли кредитлар берилмаётганлиги (балки қонун асосида сайёҳлик мажмуасини яратаётган тадбиркорларга енгилликлар ва имтиёзлар бериш керакдир), сайёҳлик объектларига олиб борувчи йўлларнинг таъмирталаблиги ёки умуман яроқсизлиги бу соҳани ривожлантиришга катта тўсиқ бўлмоқда. Яна бир муҳим масала: Ички туризмни ривожлантирмай туриб ­етарлича хорижий сайёҳларни диққатга сазовор жойларга олиб келиб бўлмайди. Бунинг учун шарт-шароитларни яратиш зарур. Жумладан, ҳар бир ҳудуд марказларида ишловчи овқатланиш шохобчаларига замонавий ва миллий тус бериб, уларни 24 соат ишлашини йўлга қўйиш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарур. Корея, Гонконг ёки бошқа Европа давлатларига ташриф буюрсангиз, кечқурунги соатларда ҳам кўчалар ёп-ёруғ, сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланган, эрталабгача овқатланиш шохобчаларига бориш мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, экотуризмни ривожлантириш учун қуйидаги чораларни кўриш лозим, деб ҳисоб­лаймиз.

Биринчидан, туристик маршрутларни батафсил ва малакали таърифлаб берувчи мутахассисларни тайёрлаш керак (очиғини айтадиган бўлсак, туризм соҳаси бўйича таълим муассасаларини тугатган аксарият ёшлар хорижий тилларни яхши билишмайди);

иккинчидан, сайёҳ қаерга боришини, нималарни кўришини ва ўзининг жисмоний салоҳиятини баҳолаши учун таърифланган маршрутларни расмий рўйхатга олиш лозим;

учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривож­лантириш давлат қўмитасида барча маршрутлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар базаси шакллантирилиши керак;

тўртинчидан, гидлар (кузатувчилар) тайёрланган бўлиши керак;

бешинчидан, табиий шароитда инфраструктура тайёрланган бўлиши лозим, унча катта бўлмаган коттеджлар (имкони борича миллий услубда, табиий муҳитга яхши сингиб кетадиган), маршрутларда дам олиш ва овқатланиш масканлари, ҳайвонларни кузатиш учун махсус жойлар ташкил ­этилиши лозим. Камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ­ўсимлик турлари мавжуд ҳудудлар, албатта, белгиланган ва ўралган бўлиши лозим;

олтинчидан, маршрутлар таърифланган стендлар, бук­летлар, видеороликлар, сувенир буюмлар бўлиши лозим;

еттинчидан, маҳаллий аҳоли саёҳатни ташкил этишда иштирок этиши учун маршрут тўғрисида маълумотларга ­эга бўлиши ва тайёрланган бўлиши лозим (хизмат кўрсатиш, овқатлантириш, сувенирлар тайёрлаш ва бошқалар).

Энг муҳими, экологик туризмдан олинадиган даромаднинг қанча қисми маҳаллий бюджетга ва қанча қисми табиатни муҳофаза қилиш ташкилотларига ёки туристик маршрут амалга оширилган ҳудуддаги ташкилотга йўналтирилиши қонунда белгилаб қўйилиши лозим. Шундагина “экологик туризм” ўзининг аниқ мақсадига эришади.

Бетакрор Ўзбекистоннинг экотуризм тармоғи салоҳияти нақадар юксак эканлигига шубҳа йўқ. Лекин юқорида санаб ўтилган баъзи бир муаммоларнинг ечими бўйича ҳам амалий ишлар қилинса, Ўзбекистоннинг фақат ўзигагина хос бўлган хушманзара табиати ва файзли гўшалари сайёҳларни бундан ҳам кўпроқ ром этади.

 

Арслон ЭШМУРОДОВ

тайёрлади.