-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Ўғлингизни Миллий гвардияга ишга жойлаштириб қўйишим мумкин” (2019 йил, 29 сон)

23.07.2019

ОЛТИАРИҚ туманининг Оқ бўйра маҳалласида яшовчи Маҳфуза Эрматова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғли Жамолиддинни ишга жойлаштиришга жуда қийналди. Ҳеч қайси идора ёки ташкилотдан нажот бўлмагач, маҳалла фуқаролар йиғини раисига учрашди. Бироқ раис маҳалла идорасида унга боп иш йўқлигини маълум қилди. Бу жавобдан онаизорнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, чиқиб кетаётган эди, МФЙнинг ҳарбий ҳисоб бошлиғи Аҳмаджон Ғаниев учраб қолди.

— Ҳа, опажон, кайфиятингиз йўқ. Тинчликми?, — сўради Аҳмаджон.

— Тинчлик. Ўғлимга иш сўраб келгандим, фойдаси бўлмади.

— Сиқилманг, опа. Ҳамма нарсанинг иложиси бор. Ўғлингизга иш ҳам топилади, фақат харажатидан қочмасангиз бўлгани, — дея А.Ғаниев аёлга тасалли бергандек бўлди. Ва ўзининг фириб тузоғига илинтиришга киришди.

Бу гапни эшитиб, М.Эрматова ҳайрон бўлди.

— Қанақа иш, қандай харажати бор?, — ажабланиб сўради у.

— Органда ишлайдиган таниш­ларим орқали ўғлингизни Миллий гвардияга ишга жойлаштириб қўйи­шим мумкин. Хўп, десангиз улар билан гаплашиб кўраман. Хизмат ҳақини ўзлари айтишади.

Албатта, Аҳмаджоннинг таклифи Маҳфуза опани анчагина эсанкиратиб қўйди. Негаки, шу пайтгача ўғлига иш қидирган маҳалда ҳам кимгадир пул бериб, муаммони ҳал қилишни ўйламаганди она. У узоқ ўйлаб, сўнг оғиз очди:

— Майли, гаплашиб кўринг. Лекин ўғлим Жамолиддин бу ҳақда билмасин.

Шундан кейин кўп ўтмай, ҳарбий ҳисоб бошлиғи М.Эрматовага қўнғироқ қилиб, Олтиариқ туман ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи Солижон Ниёзматов билан гаплашганлигини, бошлиқ ўғлини 4000 АҚШ доллари эвазига ишга киритиб қўйишга рози бўлганлигини, пулнинг бир қисмини олдиндан бериши кераклигини билдирди. Аммо барибир Маҳфуза опа бундай ноқонуний йўл билан ўғлини ишга жойлаштиришни хоҳламади. Шу боис бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди. Оқибатда ДХХ Фарғона вилоят бошқармаси томонидан унга 1.000.000 сўм пул ва диктофон берилди.

Эртаси куни эса М.Эрматова ким­ёвий ишлов берилган пулни А.Ғаниевга тутқазди. Шундан сўнг Аҳмаджон аёлни С.Ниёзматов билан учраштириб, таништириб қўйди. Олган пулларини бўлса ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Бироқ “ҳожатбарор” ўз кирдикорини ошкор қилувчи сўзлари овоз ёзиш қурилмасига муҳрланганидан мутлақо бехабар эди.

Буни қарангки, кейинги учрашувда Солижон Ниёзматовнинг ўзи ҳам Жамолиддинни 4000 АҚШ доллари эвазига ишга киритиб қўйишини маълум қилди. Шу боис Маҳфуза Эрматова унинг талабини ҳам диктофонга ёздириб олиб, айтилган нархга дарҳол кўна қолди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, М.Эрматованинг телефони жиринглади.

— Ўғлингизнинг паспорти ва ҳалиги нарсадан беш юзини олиб шаҳарга келинг, — деди қўнғироқ қилган Қўриқлаш бўлими бошлиғи.

Шунга кўра, у Маҳфуза опани Фарғона шаҳри марказида маҳаллий аҳоли тили билан “Гул бозор” дея аталувчи жойда кутиб олди. Солижон Ниёзматов М.Эрматовадан ўғлининг фуқаролик паспорти, дипломи, ҳарбий гувоҳномаси билан бирга 500 АҚШ долларини ­олаётган вақтда ушланди. Шу боис Аҳмаджон иккаласига нисбатан Жи­ноят кодексининг тегиш­ли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса ҳар иккала айбдорнинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Қонунни билмаган, қилмишининг ҳу­қуқий оқибатини тушунмаган фу­қаронику қўя турайлик. Лекин ­ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг бир бўлимига раҳбарлик қилиб келган С.Ниёзматовнинг нафс домига тушганини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, у мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганини, ҳатто ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимда бундай салбий иллат юз бермаслигига масъул эканлигини ҳам ҳанузгача теран анг­ламаган бўлса?

 

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири