-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Пойтахт омили инфляцияга сабаб(ми)? (2019 йил, 29 сон)

23.07.2019

Пойтахтдан чекиниш

ДАВЛАТ статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2019 йил 1 июль ҳолатида мамлакатимиз аҳолиси 33523,6 минг кишини ташкил этган. 2019 йил бошидан 268,1 минг кишига ёки 0,8 фоизга ўсди. Бунда Тошкент шаҳри аҳолиси 2 538,4 минг кишини ташкил этган.

Урбанизациянинг ижобий ва салбий томонлари

Шаҳарларда одатда маиший турмуш шароити яхши йўлга қў­йилган бўлади. Ортиқча меҳнат қийинчиликларидан ҳоли, тинч, осуда ҳаёт шаҳарларнинг инсонлар наздидаги шамойили ҳисоб­ланади. Мазкур ҳолатнинг ижобийлиги қаторида, салбий томони ҳам йўқ эмас. Саноатлашган, индустриал муҳитда ҳар ким бозор иқтисодиётининг ажралмас бўлагига айланади. Иқтисодиётнинг ривожланиши учун биринчи навбатда барқарор меҳнат унумдорлиги керак. Бундай ­унумдорликни қандай шакллантириш мумкин дейсиз? Биламизки, иқтисодиётнинг икки қутбли ривожланиш типи машҳур. Булар эволюцион ва революцион тараққиёт йўлидир. Шаҳарлашиш ҳам ҳар бир шахснинг шахсий ҳаётида шу икки йўлдан бири бўлган революциянинг кўланкасини ўзида акс эттиради. Шаҳарларда аграр шароитдан фарқли ўлароқ ўзини ўзи таъмин этувчи қишлоқ хўжалиги бўлмайди. Барча саноат, савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатишда банд бўлади. Бундай саноат-индустрия муҳитида бир киши иккинчи ёки учинчи кишини иқтисодий таъминлай олмаслиги мумкин. Агар жорий революцион ривожланиш позициясида бир ишчи бошқа вакилларнинг яшаши учун масъулиятни зиммасига олса, демак ўз-ўзидан иқтисодий ўсиш секинлашади — турғунлик юзага келади. Бу вазиятда шаҳар аҳолиси тўла бандликда бўлиши иқтисодий ва молиявий муаммоларнинг урчишига йўл қўймайди. Йўқса...

 

Ҳудудий нарх-наволар нега ҳар хил?

Иқтисодиётдаги талаб ва таклиф маҳаллий инсон омили даражаси билан боғлиқ. Бирламчи истеъмол товарлари, албатта, талаб катта жойда ўз-ўзидан қимматчиликни келтириб чиқаради. Июль ойи ҳолатига Давлат статис­тика қўмитаси республика бўйи­ча алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг минимал-максимал нархлари тўғрисида маълумот берди. Эътиборлиси, барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳудудий реал нархлари аниқланиб, бир маҳсулот учун икки ҳудудда икки хил қиймат кузатилди. Хусусан, ой бошида Нукус шаҳрининг “Нукус деҳқон бозори”да мол гўшти нархи ­28 000 сўмни ташкил этган бўлса, маҳсулот Тошкент шаҳридаги “Фарҳод деҳқон бозори”да 48 000 сўмдан харид қилинган. Нафақат гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балки қолган барча деҳқончилик маҳсулотларининг нархларида ҳам мамлакатнинг бир бурчагида паст, бошқа бурчагида, жумладан, Тошкент шаҳрида энг баланд қийматлар кузатилган.

 Пойтахт Тошкентда аҳоли сонининг кўплиги бу ўринда ўз-ўзидан озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни оширади. Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳри қайсидир маънода инфляциянинг ­ўсишига ҳам таъсир кўрсатиб келаяпти. Марказлашиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг жами ўчоқлари Тошкент шаҳрида экан бу ҳудудда нарх-наво ўсишдан тўхтамайди, инфляция эса ортаверади. Хўш, бу вазиятда нима қилиш мумкин?

 

Теория: мен шаҳарлашишни қандай тасаввур этаман?

Кўп йиллардан бери халқимиз Тошкент шаҳрида доимий эркин истиқомат қилишдан “маҳрум ­этилган”. Пойтахтда рўйхатдан ўтишга нисбатан авторитар характердаги бошқарув тизими кес­кин ишлаб келаяпти. Бундай асабий вазиятда пойтахтни ҳар томонлама ривожлантиришга ури­нишнинг сабаби истиқболсиз, менимча. “Sity”ларнинг бун­ёд этилиши, янги саноат платформалари ва хизмат кўрсатиш соҳасининг айни Тошкентда ривожлантирилиши ўз-ўзидан “пойтахт оҳанрабоси”нинг қувватини кўп карра ошираяпти. Демакки, яқин йиллар давомида мамлакат аҳолисининг Тошкент шаҳрига “талпиниши”ни жиловлаб бўлмайди. Одамлар ҳар қандай вазиятда ўзига “лазейка” топади. Бугун Тошкент шаҳрида минглаб, балки миллионлаб ноқонуний “келгинди”лар фаолият юритиб келаётгани бор гап. Агар аҳвол шу тарзда давом этса, пойтахтда аҳоли сони ошиб боради, қишлоқ хўжалигида инқироз кузатилади, ҳудудий нарх-наволарда катта фарқлар юзага келади, инфляция ошаверади, аҳолининг бошқарувга нисбатан норозилиги ортиб боради ва ҳоказо. Шунда биз ҳам Бразилия, Туркия, Қозоғистон ёки бошқа давлатлар каби пойтахтни кўчиришга мажбур бўлиб қоламиз, балки. Қўшимча миллион-миллиард долларлаб харажат... Бу ўринда қандай умумий чоралар кўрса бўлади? Масалан, сунъий тарзда “пойтахт обрўсини тушириш” мумкин. Қуйидаги икки кетма-кетлик орқали бу теория — таклифни илгари сурмоқчиман.

  • Вазирлик, қўмита, давлат муассасаларини уйғун тарзда ҳудудлараро тақсимлаш;
  • Олий таълимни мос равишда жойларга кўчириш ёки кадрларни республика бўйича жойлаштириш.

Демак, ушбу ҳолат реализация қилинса нималарга эришамиз? Ўйлаб қарасак, Ўзбекистондаги жамики вазирликлар идоралар ва қўмиталар тўлалигича, таълим муассасаларининг эса “элита”си айнан Тошкент шаҳрида жойлашган. Амалиётда ҳам ўз-ўзидан иш пойтахтда ҳал этилади. Олий таълимни тамомлаган кадрлар эса пойтахтдаги ташкилотларда қолишни ўйлашади. Яқинда “Ўзтрансгаз”нинг Қарши шаҳрига кўчгани айни муддао бўлди. Биргина автосаноатимизнинг юраги водий шаҳарлари эканлигини ҳисобга олсак, автомобиль саноати муассасалари ва олий ўқув юртларининг пойтахтда жойлашиши мантиқсиздек туюлади. Бу ўринда автосаноатни водийга кўчириш мақбулроқдек. Натижада соҳа мутахассислари ҳам пойтахтдан чекинади. Туризм, шоу-­бизнес ва медиа саноати ­учун энг мос ҳудуд Самарқанд, деб ўйлайман. Шаҳарнинг тарихий имкониятлари ва Зарафшонбўйи шаҳрининг бугунги ривожлантирилиш сиёсати ҳам бунга кўмакчи бўлади, албатта. Соғлиқни сақлаш вазирлик-ташкилотлари Бухорога жойлаштирилиши мумкин. Тоғ-кон саноатининг имкониятларини эса Навоий, Нукус ва Қарши шаҳарлари кўтара олади. Мазкур ҳолатда реал шароитда пойтахт обрўсини сунъий тарзда тушириш мумкин. Аҳолининг ҳам Тошкентга талпиниши сусаяди. Соҳалар бошқарув марказларининг вилоятларга тарқатилиши билан кадрлар республика бўйи­ча тақсимланади. Муҳими, барча ҳудудлар яхлит ривожланади. Бугунги ахборот технологиялари ва коммуникациянинг ривожи эса жорий ташкилотлар ўртасидаги алоқанинг қийинчиликсиз амалга ошишига ёрдам беради. Қолаверса, соҳаларнинг тақсимланиши, балки чекка ҳудудлардаги коррупциянинг ҳам камайишига сабаб бўлиши мумкин...

 

Ислом ИБОДУЛЛА,

“Инсон ва қонун” мухбири