-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Директорнинг уч йиллик қилмиши (2019 йил, 30 сон)

04.08.2019

ФАРҒОНА туманидаги 14-умумтаълим мактаби директори Умиджон Мамаризаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ён-атрофдагиларга ўрнак бўлиш ўрнига фирибгарликка қўл урди. Энг ачинарлиси, директорнинг қилмиш­лари бир-икки ой ёки бир йил эмас, салкам уч йил давом этди.

Аниқланишича, ­Умиджоннинг дастлабки фирибгарлиги 2015 йил сентябрь ойида юз берган. Хусусан, у Абдуллажон Бозорбоевга туманнинг Сойбўйи маҳалласи ҳудудидаги 242-сонли дала контуридан 8 сотих ер майдонини олиб беришини айтади.

Аниқланишича, Умиджоннинг дастлабки фирибгарлиги 2015 йил сентябрь ойида юз берган. Хусусан, у фуқаро Абдуллажон Бозорбоевга туманнинг Сойбўйи маҳалласи ҳудудидаги 242-сонли дала контуридан 8 сотих ер майдони олиб беришини айтади.

Тез кунларда ҳокимиятда ким ошди савдоси ўтказилади. Шунда сизга ёрдам бераман. Фақат олдиндан икки минг доллар беришингиз керак.

Шунга кўра, Абдуллажон ака бор-будини йиғиштириб, 2000 АҚШ долларини У.Мамаризаевнинг қўлига тутқазади. Кимошди савдоси бўлиб ўтган куни эса ­Умиджон А.Бозорбоевга суюнчилайди.

Ўғлингиз иккалангиз тўрт сотихдан саккиз сотих ерни ­ютиб олдинглар. Ҳоким қарори чиққач, ўзим сизларга етказаман, дея ишонтиради.

Шу тариқа У.Мамаризаев турли баҳоналарни рўкач қилиб, салкам 2 йилни ўтказиб юборади. Кейин эса туман ҳокимининг 2017 йил 23 сентябрдаги қарори ва иловасини Абдуллажон ­акага тақдим этади. Бироқ қарор ­иловасида А.Бозорбоевнинг ҳам, ўғлининг ҳам исм-шарифи қайд ­этилмаганди. Шундагина жабрланувчи алданганини англаб етади.

 Орадан 6 ой ўтгач, мактаб директори фуқаро Шерали Қаҳҳоровни сал бошқачароқ тарзда алдайди. Аввалига у Шерали ака ва рафиқаси Мукаррам опага 242-контурдан 8 сотих ерни кўрсатади.

“Мана шу ерни ким ошди савдоси орқали сизларга олиб бераман”, деб оғиз кўпиртиради. “Лекин олдиндан “харажати”ни бермасангиз бўлмайди”.

У шундай дея таниши Юрсун­али воситачилигида Ш.Қаҳҳоровдан 2000 АҚШ долларини ­олади. Аммо 2016 йил 25 март куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган ким ошди савдосида Шерали ака 8 сотих эмас, 4 сотих ернинг эгасига айланади. Натижада Ш.Қаҳҳоров қолган 4 сотихнинг тақдирини сўраб, унга мурожаат қилади. Устаси фаранг фирибгар эса бу сўровга ҳам тезкорлик билан жавоб беради:

— Сиз ташвиш қилманг, яна тўрт сотихга қарор чиқартириб бераман.

Бироқ айни ваъда ваъдалигича қолиб кетади. Қолаверса, Умиджон 2018 йил апрель ойига қадар шундай “усул”да яна 9 нафар кишини, жами 11 нафар ҳамқишлоқларини ўзининг фириб тўрига “илинтиради”. ­Уларни ишонтириш учун ҳам туман ҳокимининг 2017 йил 23 сентябрдаги сохталаштирилган 1603-сонли қарори ва иловасидан фойдаланади. Бу билан у жабрланувчиларга 120.819.627 сўм миқдорида моддий зарар етказади. Энг муҳими, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилган мурожаати асосида У.Мамаризаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Оқибатда у суд томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, қонуний жазога маҳкум этилди. Шунингдек, айрим жабрланувчиларнинг 44.418.627 сўм зарардан ихтиёрий вос кечганлиги инобатга олиниб, судланувчи томонидан тергов жараёнида банкка тақдим қилинган 76.400.500 сўм пуллар қолган жабрланувчиларга мутаносиб равишда ундириб берилди.

Энди бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Ўз номи билан айтганда, мактаб бу — таълим-тарбия муассасасидир. Яъни унда эртанги ёруғ келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларга, фарзандларимизга илм-фан сир-асрорлари билан бирга ҳаётий ўгитлар берилади. Лекин ана шундай даргоҳ раҳбарининг ўзи тарбияга муҳтож бўлса, нафс домига тушиб, оғир жиноятга қўл уриб турса, у қўл остидаги устоз-мураббийларга ибрат бўла оладими? Ёки муассасадаги таълим-тарбия ишлари қониқарли амалга ошириладими?

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

 Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири