-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

«Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз». Президент ҳокимларга қандай танбеҳ берганди? (Эксклюзив видео)

04.08.2019

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказилган видеоселекторда Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари Шуҳрат Ғаниев, Фарҳод Эрманов ва Зафар Рўзиевни қаттиқ танқид қилганди. Президент ҳокимларга «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилишида йўл қўйилган камчиликлар учун танбеҳ берган ва улардан бузилиш ишларидан жабр чеккан аҳоли вакилларидан узр сўрашни талаб қилганди. Kun.uz ихтиёрига ўша видеоселектордан видеоёзув келиб тушди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Президент дастлаб Хоразм вилоятида рўй берган воқеаларга тўхталиб, вилоят ҳокими Фарҳод Эрмановни ўзига душманлик қилишда айблайди.

«Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилганлардан бири — Хоразм вилояти ҳокими жаноб Эрманов. Эрмановга интернетдаги изоҳлардан сенга ва сенга ўхшаган ноинсофларингга «табрик» жўнатаман.

Сен ва менинг сиёсатим тўғрисидаги бугун чиққан изоҳларни ўқи. Сен ноинсоф менга дўст бўлсанг, бузиш қўлингдан келмас экан, нима қиласан у ерни бузиб? Мана, изоҳларни ўқи.

Атрофингда ўтирган одамларинг билан мана менга қилган душманликларинг. Бузишдан олдин калланг билан ўйлаб кўрмайсанми, бузгандан фойда борми ёки йўқ? 

Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан?» — деган президент.

«Яккабоғ воқеалари»га тўхталиб ўтган президент Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга ҳам танбеҳ берган.

«Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннинг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, менга қилган «дўстлигинг». Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кечаю-кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган «дўстлигинг».

Қўлингдан келмас экан, нима қиласан бир одамнинг туппа-тузук турган уйини бузиб? Сен хулоса қил, уйингни биров келиб бузса [нима қиласан]?

Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман.

Мана, сенинг «дўстлигинг», жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!» — дея Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирган президент.

Фарғона вилояти Риштон туманида амалга оширилган кенг қамровли бузилиш ишларига тўхталган.

«Мана, интернет фойдаланувчиларининг Риштон туманидаги кўчмас мулк бузилишларига нисбатан изоҳлари. Мен сизларга тайёр пул беряпман, пулни «Обод қишлоқ» қилинглар, деб беряпман. Мана, сенинг менга «дўстлигинг», Ғаниев деган валломат!

Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, президентнинг расми бор. Сен ноинсоф бориб, Эрмановга ўхшаб аҳмоқларча «буза, буз» дейсан. Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз. Мен сени шунинг учун тарбия қилиб юрувдимми? Қош қўяман деб кўз чиқариб, бутун Ўзбекистонни [шарманда қиляпсизлар].

Болалар меҳнати бор эди, энди у йўқ бўлди, энди бутун интернет президент топшириқ берган, бузиш, одамларни норизо қилиш билан тўлиб тошди.

Эй ноинсоф, Риштон бўйича ҳам сенга пул бериб айтдимки, Риштонни янгилаш керак, бироқ одамларни рози қилиб қилиш керак, деб. Жаноб Ғаниев, тажрибали ҳоким! Майли, Эрманов кеча келган ҳоким, Рўзиев иккаланг хиёнатчисан! Сизлар билан катта-катта ишларни амалга ошира оламизми? Ҳеч қачон ошира олмаймиз! Чунки сизларга бир топшириқ беришга одам қўрқади! Нега десангиз, савиянг йўқ, билиминг йўқ, китоб ҳам ўқимайсан, президентнинг қарорини ҳам», — деган президент.