-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашади (2019 йил, 31 сон)

06.08.2019

“Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз”.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

КОРРУПЦИЯ жуда мус­таҳкам томир ёзади, дейишади. Фақат бу томирлар илдизи пастга эмас, балки юқорига қараб ўрмалайди. Бу томирларга ҳамманинг кўзи тушса-да, ҳамма бирдек уларни янчиб ташлашга ҳаракат қилавермайди. Томирларни парчалашга эса минглаб қўллар керак бўлади.

Бу ўхшатишда ҳақиқат бор. Коррупция асосида битган ишнинг бир кунмас бир кун қинғири чиқади. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа. Боиси, ўрганган кўнгил бу қилмишни бир қилдими, кейингиларини ҳам қилиши, шубҳасиз. ­Аммо кўза кунда эмас, кунида синади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Коррупциянинг илдизини қуритиш учун ҳар бир соҳада назоратни кучайтириш, шу каби ҳолатга олиб келувчи оқибатларни аниқлаш, ­уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тизимли чоралар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалда қўллаш бўйича комплекс ёндашув зарур.

Коррупция билан курашишда кўп­лаб давлат органлари ўз усул ва услубларини қўлламоқда. Адлия вазирлигида ушбу иллат билан курашиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш борасида муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Биринчи фаза: Адлия услуби

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш, порахўрлик жиноятини содир этишда гумонланиб тергов ҳаракатлари олиб борилаётган шахслар ҳақидаги хабарларни кўп кузатаяпмиз. Албатта, айбдор шахслар тегишли жазога тортилиши, бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилиши лозим. Лекин, бизнингча, энг аввало, ҳар бир давлат ташкилоти ўз тизимидаги идораларда коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ ҳаракатларни ­амалга ­ошириши, турли хавф-хатарларни баҳолаши, улардаги коррупциявий омилларни минимал даражага тушириши лозим.

Адлия органларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш энг асосий мақсад. Лекин бу осон иш эмас. Бу ишда тартиб, қатъийлик, принципиаллик бўлмас экан, коррупцияга қарши курашиш баландпарвоз гап бўлиб қолаверади. Шу сабабли биз коррупцияга қарши курашишда ­аниқ режа асосида иш олиб бораяпмиз.

Ҳуқуқий ҳужжатлар базаси ишлаб чиқилди

Аввало, вазирлик коррупцияга қарши курашиш бўйича мустаҳкам ички норматив ҳужжатлар базасини яратишга алоҳида эътибор қаратди. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисида, Адлия органлари ва муассасалари ходимларини ротация қилиш тартиби тўғрисида, Давлат нотариал идораси нотариусларини алмаштириш (ротация қилиш) тартиби тўғрисидаги низомлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус дастур қабул қилинди. Дастурнинг асосий мақсади ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупция учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашдан иборат. ­Адлия вазирлиги қошида коррупцияга қарши курашиш кенгаши тузилди. Ушбу Кенгаш коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурнинг ижро этилишини назорат қилиб боради.

Коррупцияга қўл урган 18 нафар ходим ишдан олинди

Адлия органлари ва муассаса­лари маъмурий биноларида жис­моний ва юридик шахслар ­ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб ­олиш тизими жорий этилди. Адлия органлари ва муассасаларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳо­латлари ҳақидаги хабарларни дарҳол ва ўз вақтида етказилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграмм ижтимоий тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот яратилди. Махсус бот орқали шу кунга қадар 2 мингдан ­ошиқ тезкор хабарлар келиб тушди. Бу хабарларга асосан ўтказилган хизмат текширувлари натижасига кўра, тизимда ишлаётган 18 нафар ходим лавозимидан озод этилди. Жумладан, нотариус ёрдамчиси мижоздан ортиқча пул маблағи олганлиги учун ўша нотариал идорадаги барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Халқаро коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусан, Сингапур, Франция, АҚШ, Германия каби ривожланган давлатлар таж­рибаси билан бирга Қозоғистон, Беларусь давлатлари тажрибаси ҳам ўрганилди. Халқаро ташкилотларнинг маърузалари ва тавсиялари ўрганиб чиқилди ва уларга асосланиб таҳлилий материаллар тайёрланди.

Молиявий очиқлик

“Очиқ адлия” дастури қабул қилинди. Дастур фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш имконини кучайтирди. Эътибордан четда қолаётган камчиликлар, қолаверса, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича бевосита жамоатчилик ёрдамига таянилмоқда. Адлия вазирлиги веб-сайти (adliya.uz)да фуқаролар адлия органларига юборган ўз мурожаатларини кузатиб боришлари мумкин. Яна бир муҳим жиҳат, адлия органлари ходимлари устидан берилган ҳамда ўз тасдиғини топган шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформа ишга туширилди.

Вазирлик биносида хизмат хоналарининг жойлашиш структураси ҳам очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида қайта кўриб чиқилди. Бунда ходимларнинг кунлик фаолиятини бемалол кузатиш мумкин. Бу эса назоратни, иш ­унумдорлигини оширади.

Очиқликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, бу шубҳасиз, молиявий маълумотлардир. Молиявий маблағларнинг сарфи, қаердан келиб қаерга кетаётгани, нима мақсадларда ажратилаётгани, умуман, Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирлик веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда. Бунда харажатлар, уларни амалга оширилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид шартномалари рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.

Муҳим янгиликлардан яна бири, бу адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Мазкур ташаббус 2018 йил ­якунлари бўйича амалга оширилди ва “Адлия ҳисобот беради” номли рисола тайёрланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Рейддан сўнг

Давлат нотариал идораси, нотариал архив ва давлат хизматлари марказлари ходимлари фаолиятида меҳнат интизоми, Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши, шунингдек, улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат олиб бориш мақсадида 1 028 та қисқа муддатли текшириш (рейд тадбирлари) ўтказилиб, 832 нафар масъул ходимга тегишли жазо чораси кўрилди. Шу билан бирга, 670 та “сирли мижоз” тадбири ўтказилиб, реал хизмат ­олувчи шахс сифатида давлат хизматлари жараёнида қатнашиш орқали хизмат кўрсатиш сифати, муддати, шарт-шароити ўрганилиб, 221 нафар масъул ходимга тегишли жазо чораси кўрилди. 5 316 нафар ходим орасида профилактик суҳбат ўтказилди.

2019 йилнинг ўтган даврида ­аниқ режа асосида олиб борилган ишлар орқали адлия тизимидаги ҳар бир ходимга муҳим сигнал етказилди. Яъни, ходим ким бўлишидан, лавозимидан қатъи назар, унинг ўтмишдаги хизматларига қарамасдан агарда унда ҳалоллик бўлмаса, у ходимдан воз кечилади.

Иккинчи фаза: АНТИКОРРУПЦИЯВИЙ КОМПЛАЕНС

Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида биринчи фаза якунлари бўйича эришилган натижаларга асосан янги фазага ўтилмоқда. Мазкур босқичда ­Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ишлаб чиқилди. Сиёсатда вазирликнинг коррупцияга қарши курашишга қаратилган асосий йўналишлари ва коррупциявий фаолиятга аралашиб қолишга қарши курашишга бўлган ёндашув ифодаланган. Шунингдек, ­Адлия вазирлигида антикоррупциявий комплаенс тизимини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

 Идоравий комплаенс тизими ўзида юқори даражада касбий ва ахлоқий қоидалар ижросини таъминлаш, қонунчиликка ва ички тартиб-қоидаларга риоя этилмасликка оид хатарларни камайтириш ҳамда жиддий моддий зарар етказилишини бартараф этиш ва амалдаги қонун ҳужжатлари, ички идоравий ҳужжатлар бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар мажмуини назарда тутади.

Антикоррупциявий комплаенснинг афзаллиги шундаки, бу коррупцияга бўлган мойилликни пасайтиради, ходимлар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфи, ходимларнинг шахсий манфаати ёки бойиш учун ташкилотнинг моддий ресурсларидан фойдаланиш натижасида ташкилот обрўйига ва иқтисодига зарар етказиш каби хавфларни йўқотади.

Ким коррупцияга қўл урса, биз у билан хайрлашамиз!

Вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашишда қуйидаги асосий тамойиллар белгиланди:

  • қонунийлик;
  • ҳар қандай кўринишдаги коррупцияга муросасиз муносабатда бўлиш;
  • коррупцияга оид хатарларни мунтазам баҳолаш;
  • профилактик характердаги чораларни кўришнинг устуворлиги;
  • ахборот, ташкилий ва назорат чораларидан комплекс тарзда фойдаланиш;
  • вазирлик тизимида коррупцияга кўп учраётган йўналишни такомиллаштириш;
  • коррупциявий ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги.

Мазкур тамойилларга амал қилиш коррупцияга қарши кураш фаолиятини амалга оширувчи ҳар бир ходимнинг асосий вазифасига айланади. Хусусан, ҳар қандай даражадаги лавозимда ишлаётган ходим коррупциявий ҳуқуқбузарлик содир этса, биз у билан хайрлашамиз. Адлия органларида ишловчи ходимларда ҳалоллик энг муҳим хислатга айланиши лозим.

“Меҳмон” учун пул йиғишга йўл қўйилмайди

Мазкур стратегик ҳужжат ўзида вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятининг қуйидаги асосий йўналишларини назарда тутмоқда:

  • жамоатчилик ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик;
  • коррупцияга қарши экспертиза;
  • манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
  • “Сирли мижоз” тадбири;
  • совғалар бериш ва олишни чеклаш;
  • текшириш ва ўрганишлар ўтказиш;
  • одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.

Кўпчилик назарида жуда оддий маиший масала ҳисобланган ўзбекона меҳмондўстлик ҳам назаримизда ноқонуний ҳаракатлар учун замин яратади. Вазирлик ходими ҳудудларга хизмат сафарига борганда уни меҳмон қилиш арзимаган нарса бўлиб кўриниши мумкин, лекин бунинг оқибатида бошқа нохуш ҳолатлар (меҳмонни рози қилиш ­учун пул йиғиш ва ҳ.к) келиб чиқаётгани ҳам сир эмас.

Шу сабабли, биз адлия органлари ходимларига ҳудудларга хизмат сафари давомида тизимдаги ва бошқа идоралар ходимлари билан умумий овқатланиш жойларига бориш тақиқланди.

Коррупцияга одатланган қўлларга қўлингизни тутманг!

Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида назарда тутилган тадбирларни тўлиқ амалга ошириш орқали адлия органларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш каби юксак натижаларга эришиш кутилмоқда.

Муҳими, чора-тадбирлар келиб чиққан коррупциявий ҳолатларга чора кўриш эмас, балки коррупция келиб чиқмаслигини таъминлашга йўналтирилган.

Аммо биз қандай дастур ёки чора-тадбирларни қўлламайлик, фуқароларнинг фаоллиги кузатилмас экан, порахўрлик, тамагирлик каби ҳолатлардан бизни огоҳлантирмас экан, иллатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. Шу сабабли мазкур салбий ҳолатлар кузатилганда фуқаролар ўзларига қулай ­усулда бизга мурожаат қилишларини сўраймиз. Айтган-ча, коррупциявий ҳолатларни фош ­этган шахс­лар сир тутилиши кафолатланган.

Коррупцияга одатланган қўлларга қўлингизни тутманг. Фарзандингизга тоза келажак яратинг. ­Ўзингизда ушбу иллат билан курашга куч топмасангиз, бизга мурожаат қилишни унутманг!

 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими