-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия органлари қонунбузилиш ҳолатларига қарши муросасиз курашда давом этади (2019 йил, 31 сон)

12.08.2019

НАМАНГАН вилоят ­адлия бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш соҳасида вилоятнинг марказдан узоқ бўлган олис ҳудудлардаги аҳолини ҳам қамраб олиш ва бу орқали халқ дардини халқнинг ичига кирган ҳолда тинглаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини қонуний ҳал этиш мақсадида жойларда доимий равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, бошқарма раҳбарияти томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Наманган вилоятининг Косонсой, Норин, Поп, Чуст, Чортоқ, Янгиқўрғон, Мингбулоқ, Наманган, Учқўрғон, Уйчи, Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳридаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинларида жами 18 маротаба сайёр қабул ташкил этилиб, ушбу сайёр қабуллар давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 300 га яқин мурожаатлар қабул қилинди.

Мурожаатлар бошқарманинг тегиш­ли таркибий бўлимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, шундан 166 таси қаноатлантирилди, 63 таси ҳуқуқий тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилди, 47 таси тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли идораларга юборилди.

Шунингдек, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан турли ҳудудларда 344 та маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди. Ушбу сайёр қабуллар давомида фуқаролардан турли соҳаларга оид 812 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 692 таси кўриб чиқилиб, шундан 579 таси қаноатлантирилди, 113 таси ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилди. Қолган мурожаатларнинг 70 таси жойи­да ҳал этилди, 50 таси эса тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли ­идораларга юборилди.

Жумладан, ўтказилган сайёр қабуллар давомида Тўрақўрғон туманида ­яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Наманган вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан берилмаётган иш ҳақини олишда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган мурожаати Тўрақўрғон туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, судга даъво аризаси киритилиши натижасида  уларга иш ҳақлари ундириб берилди.

Бундан ташқари, Мингбулоқ туманида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг суюлтирилган газ баллони олишда амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати Мингбулоқ туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, Мингбулоқ туман газ бўлими томонидан газ баллон берилиши таъминланди.

Шунингдек, Учқўрғон туманининг Обод МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан аҳоли учун ажратилган арзон нархдаги ун маҳсулотлари тарқатилмаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари Учқўрғон туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, “Учқўрғон дон маҳсулотлари” АЖ томонидан аҳоли эҳтиёжлари учун арзон ун маҳсулотлари тарқатилди.

Юқоридаги каби аҳолини қийнаб келаётган масалаларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмаётганлигини таъкид­лаган ҳолда адлия органлари фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатларига қарши муросасиз курашишда давом этади.

 

Отабек РАҲИМОВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси масъул ходими