-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тинчлик йўлидаги халқаро кураш Женева конвенцияларининг 70 йиллигига (2019 йил, 32 сон)

15.08.2019

ИККИНЧИ жаҳон урушининг аянчли оқибатларидан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди. Бу тасодифий эмас. Уруш юзага келтирган мудҳиш кулфатларни енгишда одамларга елкадош бўлиш бу ташкилотнинг зиммасидаги улкан вазифа эди. Ўша пайтларда БМТ низомида давлатларнинг низоли вазиятларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик тамойили мустаҳкамланганди. Шу тариқа давлатлар ўртасида тинчликни асраш, алоқаларни мустаҳкамлаш учун бирин-кетин чоралар кўрила бошланди ва БМТ доирасида шу масала билан боғлиқ ҳаракатлар бугунгача давом этаяпти. ­Аммо урушни тақиқлаш билангина уни йўқ қилиш мумкин, деб ҳисоблаш, албатта, соддалик бўлади.

Айни дам дунёнинг турли бур­чак­ларида бирин-кетин ловиллаётган “оловли нуқталар”, ­Югославия, Ливия, Ироқ, Сурияда ҳамда Собиқ иттифоқ парчаланганидан сўнг МДҲда юз берган қуролли тўқнашувлар, фуқаролар урушлари ҳам шундан далолат беради. Маълумотларга кўра, 1945 йилдан буён ҳозирги вақтгача 150 дан ортиқ турли уруш ёхуд қуролли низолар юзага келган. ­Ана шу далилларнинг ўзи ҳам урушни тақиқлаш чинакам инсонийлик ва одиллик бўлишига қарамасдан, ушбу тақиқни ҳаётда ҳақиқатан ­амалга ошириш қанчалик қийинлигини кўрсатиб турибди.

Уруш ҳаракатлари ҳамон энг улкан ижтимоий офатлигича қолмоқда, одамларни жабру-жафоларга, ватангадоликка, улкан йўқотишларга маҳкум этмоқда. Айни шу сабабли тўхтамаётган қуролли низолар билан боғлиқ муносабатларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш долзарб аҳамият касб этиб бораяпти. Гуманитар ҳуқуқ эса бу борада қуролли низолар билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солишнинг бебаҳо воситаси бўлиб хизмат қилади. Демоқчимизки, турли даражадаги низоларга ҳуқуқий ечим топадиган ва инсонпарварлик ғояларига асосланиб, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қиладиган ҳужжатлар ва келишувларнинг улуши бунда катта бўлади. Негаки, уруш бўҳрони тирик-нотирик жонни аямай ютаётган даврларда, беҳисоб одамларнинг ҳаёти тамоман қадрсиз бўлган пайтда инсонпарварлик ғояси фақат бир неча конвенциялардагина акс эта бошлаган эди.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти қандай пайдо бўлди?

Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг вужудга келиши ва ривожланиши Дюнан ва унинг сафдошлари номи билан боғлиқ. Швейцариялик ёш тижоратчи Жан Анри Дюнан (1828-1910) Италияга 1859 йилдаги хизмат сафарида француз-италия ва австрия қўшинлари ўртасидаги Сольферино жангига бевосита гувоҳ бўлади. Жанггоҳда ярадорлар, минглаб ҳалок бўлаётганлар қисмати, азоб-уқубатлардан қийналаётганларни ўз кўзи билан кўради. Бу манзаралар унда даҳшат ҳисси билан бир ўринда чексиз раҳмдиллик ва инсонпарварлик туйғуларини уйғотади. Анри Дюнан ҳар қандай ҳолатда уларга ёрдам бериш мумкин, деб ҳисоблаган. У маҳаллий аҳолидан бир гуруҳини тўплаб, ярадорларнинг томонлардан қайси бирига мансублигидан ­қатъи ­назар, уларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил қилади. У 1862 йилда чоп этилган “Сольферино яқинидаги жанг тўғрисида хотира” китобида Европа давлатларида кўнгилли ёрдам бериш жамиятларини ташкил этиш зарурлиги тўғрисида ёзади. Шундан кейин ушбу инсонпарварлик ғоясини амалга ошириш ҳар томонлама, ялпи аҳамиятга эга бўлиб, бундай жамиятларни ташкил этиш жараёни дунёда кескин суръат билан ривожланиб борди. Дюнаннинг олижаноб ҳаракати унинг ҳамфикрларини шу қадар тўлқинлантириб юбордики, 1863 йилнинг февралида “Бешлар қўмитаси”нинг вужудга келиши айни Дюнаннинг ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун уларни бирлаштирди ва халқаро нодавлат ташкилоти — Халқаро қизил Хоч қўмитасининг дастлабки тамал тоши қўйилди. Дюнан бу борадаги саъй-ҳаракатлари туфайли 1901 йилда халқаро Нобель мукофотининг биринчи лауреатлигига эришди. Халқаро қизил Хоч ташкилоти эса уч марта 1917, 1944 ва 1963 йилларда тинчлик соҳасидаги ҳиссаси учун мазкур халқаро мукофотга сазовор бўлди. Шу тариқа Қизил Хоч асосчиларининг уруш жабрдийдалари тоифасини ­ҳимоя ­қилишга қаратилган мажбурий халқаро қоидаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи 1864 йилги биринчи Женева Конвенциясидан бошланади.

Қуролли низоларни қонун доирасига киритиб бўладими?

Халқаро гуманитар ҳуқуқ халқаро ҳуқуқ тармоғи сифатида таркиб топганига ҳали унча кўп бўлмади. Унинг вужудга келиши ХIХ асрнинг олтмишинчи йилларига тўғри келади ва у азалдан инсониятга беҳисоб кулфатлар келтириб, инсонлар ёстиғини қуритган ва ҳаётини яксон қилган урушнинг ғайриинсоний табиатига қарши ўлароқ ­юзага келган. Гуманитар ҳуқуқ томонидан кўзда тутилган чеклашлар ва тақиқлар қуролли низоларнинг жабрдийдаларини ҳимоя қилиш каби олижаноб мақсад йўлида ўрнатилади. Бундай мақсад борлигининг ўзиёқ давлатнинг зўравонлиги ва бебошлигига, унинг одамлар ҳаётига, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига беписанд муносабатда бўлишига монелик билдиради. Гуманитар ҳуқуқнинг амалий кучи айни шундаки, у қуролли низоларни, уларнинг турларидан қатъи назар, қонун доирасига киритади, ўзи ўрнатган қоидаларни бажаришга давлатларни мажбур этади.

КОНВЕНЦИЯ кимларни ҳимоя қилади?

Кейинчалик Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг кодификация жараёни жадаллашиб боргани сайин ­унинг нормалари томонидан ҳимоя қилинувчи шахс­лар доираси тобора кенгайиб борди. Пировардида, ёрдамга муҳтожларни ҳимоя қилувчи бу каби ташкилотларнинг вазифаси фақат уруш жабрдийдаларига эмас, оддий фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатиш билан узвий боғлиқ бўлди. Бу эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келди, ўшанда 1949 йилда тўртта Женева Конвенцияси тузилган эди, уларнинг ҳар бири уруш жабрдийдаларининг муайян тоифасини ҳимоя қилишга бағишланди. Шулардан бири эса гуманитар ҳуқуқ тарихида илк бор тинч аҳолини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солишга бағишланди.

1949 йилнинг август ойида Женева Дипломатик конференцияси бўлиб ўтади, у 21 апрелдан 12 августгача давом этади. Ўшанда конференция қатнашчилари — ҳукуматлар вакиллари бу ерда қатор конвенцияларни, шу жумладан, 1907 йил 18 октябрдаги Гаага Конвенциясини ва 1929 йил 27 июлдаги Женева Конвенциясини ҳам қайта кўриб чиқадилар. Энди воқеликнинг ўзгарган шароити ва эҳтиёжига мосланиб, инсонпарварликка асосланган ҳуқуқий тизим янада такомиллаштирилиши ва ривожлантирилиши, айниқса, иккинчи жаҳон уруши оқибатларини инобатга олган ҳолда тараққий эттирилиши зарур эди. Уларни қайта кўриб чиқиш асосида конференция қатнашчилари қуйидаги тўртта битимни тузишга муваффақ бўлдилар:

I Женева Конвенцияси — ҳаракатдаги армияларнинг ярадорлари ва беморларининг қисматини яхшилаш тўғрисида;

II Женева Конвенцияси — денгиздаги қуролли кучлар таркибидаги ярадорлар, беморлар ва кемалари ҳалокатга учраган шахс­ларнинг қисматини яхшилаш тўғрисида;

III Женева Конвенцияси — ҳарбий асирлар билан муомалада бўлиш тўғрисида;

IV Женева Конвенцияси — уруш вақтида тинч аҳолини ҳимоя қилиш тўғрисида.

Урушнинг қонунлари ва одатларини тизимлаштирган гуманитар ҳуқуқ манбалари шу тариқа яратилган эди. 190 давлатдан ортиқ иштирокчи бўлган 1949 йилнинг 12 августидаги Конвенциялар ҳамда уларга доир 1977 йил 8 июнда қабул қилинган қўшимча иккита Баённомани Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 3 сентябрда имзолаган.

1949 йилдаги Женева Конвенциялари ва 1977 йилдаги Қўшимча Баённомалар халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий ҳужжатлари ҳисобланади, улар маънавий-ахлоқий тамойилларга, умуминсоний қадриятларга ва биринчи навбатда инсонпарварликка асосланган. 1949 йилда тўртта Женева Конвенцияси имзоланиши муҳим тарихий воқеа бўлди, уларнинг мазмуни ҳозиргача ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Ушбу конвенциялар амалдаги армияда ярадор ва касалларни, тиббий ходимлар ҳамда кема ҳалокатига учраган ёки асирликка тушган шахс­ларни ҳимоялайди. Шунингдек, мазкур конвенциялар туфайли уруш пайтида фуқаролар ҳимояси қонунийлаштирилди.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти ва Ўзбекистон

Халқаро Қизил хоч қўмитаси фаолиятининг муҳим йўналиши аҳолининг кенг қатлами ўртасида Халқаро гуманитар ҳуқуқ (ХГҲ) тўғрисидаги билимларни тарқатиш ҳисобланади. Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти 1995 йилда Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси аъзолигига қабул қилинган. Мазкур ташкилотлар Ўзбекистонда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофазалаш, тиббий маданиятини янада юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалалари билан шуғулланади. Жорий йил май ойида қуролли тўқнашувлар ҳудудида бўлган 156 та Ўзбекистон фуқаросини Суриядан мамлакатимизга қайтариш амалиётини ўтказишда ҳам бир қатор  халқаро ташкилотлар қаторида халқаро Қизил хоч қўмитаси ҳам яқиндан кўмаклашганини алоҳида таъкидлаш лозим Тошкент давлат юридик университети (муқаддам ТДЮИ) Халқаро Қизил хоч ташкилотининг(ҲҚХТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан гуманитар ҳуқуқларга оид билимларни олий ўқув юртлари ва академик муассасалар ўртасида тарқатиш дастури доирасида кўп йиллар давомида ҳамкорлик қилиб келди. Жумладан, “Халқаро гуманитар ҳуқуқи” фани республикамизнинг қатор олий ўқув юртлари (ТДЮИ, ЎзМУ, ЖИДУ) ўқув режасига махсус ва факультатив курс сифатида киритилган ва қатор дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари ҳамкорликда яратилган. Ана шу ҳамкорлик асносида Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бор ўзбекистонлик олима Г.М.Тансиқбоева муаллифлигида ўзбек ва рус тилларида “Халқаро гуманитар ҳуқуқи” номли дарслик тайёрланган. Бундан ташқари, муқаддам мазкур ўқув юртларининг бир қатор ўқитувчилари ХҚХТ томонидан Халқаро гуманитар ҳуқуқи фанига оид ташкил қилинган ўқув дастурларида иштирок этганлар. Мазкур ўқув курслари уларнинг бу фанга доир касбий малакасини кенгайтириш ҳамда янги билимлар билан бойитишга хизмат қилди.

Давлатимиз хавфсизлиги ва барқарор иқтисодий тараққиёти, халқимизнинг осуда, фаровон ҳаёти ва бунёдкорлигини таъминлаш йўлида мамлакатимиз мудофааси, ташқи таҳдид­ларнинг олдини олиш қобилияти замон талаб­лари даражасида бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон халқаро миқёсдаги асосли ва эзгу ташаббуслари билан жаҳон ҳамжамияти ҳурматини қозонмоқда. Хусусан, Марказий ­Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт ҳамда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо қилиш, афғон можаросини БМТ шафелигида тинч музокаралар ўтказиш йўли билан ҳал этиш каби қатор тинчликсевар ташаббуслари бутун дун­ё­да ўз эътирофини топди.

 

Омонулла МУҲАММАДЖОНОВ,

юридик фанлар доктори