-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Разведкачилар “АрМИ – 2019” мусобақасида иккинчи ўринни эгаллашди

15.08.2019

Бугун, 15 август куни Ҳиндистоннинг Ражастхон штати Жайсалмер шаҳри яқинидаги дала-ўқув майдонида жорий йилнинг 5 августида бошланган  “Қўшин разведкаси аълочилари – 2019” мусобақаси ўз якунига етди.

Мусобақада Ўзбекистон, Россия, Белорусь, Қозоғистон, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон ва Суданнинг қўшин разведкачилари жамоалари ўзаро белашди.

Танлов бешта – “Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш”, “Механик-ҳайдовчилар мусобақаси”, “Разведкачи сўқмоғи”нинг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш”, “Ўқ отиш” ва “Разведка бўлинмасининг вазифани бажарганидан сўнг йиғин пунктига чиқиши” босқичларидан иборат бўлди.

Алоҳида таъкидлаш лозим-ки, охирги – бешинчи босқичда ўзбекистонлик разведкачилар юқори натижаларни кўрсатиб, қурол-аслаҳалар ва тўлиқ жанговар экипировкада сувли тўсиқдан сузиб ўтиш шартини 13 дақиқаю 22 сонияда бажариб, мусобақа рекордини ўрнатишди.

Бўлиб ўтган барча бешта босқич натижаларига кўра, ўзбекистонлик қўшин разведкачилари иккинчи ўринниэгаллашди. Бу ҳақда Ҳиндистондан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги офицери Ғайрат Юлдошев хабар берди.

Ўзбекистонлик разведкачилар жамоаси раҳбари подполковник Вячеслав Лакотанинг таъкидлашича, жамоа юқори кўрсаткичларга ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, билим ва кўникмаларининг юксак даражада эканлиги, шунингдек, жамоадаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва жипслик, ғалаба қозонишга бўлган иштиёқ туфайли эришди.

– Мусобақанинг барча босқичларида яхши натижаларга эришган ҳолда жамоамиз мусобақа совриндорлари сафидан ўрин олиш учун астойдил кураш олиб борди ва кўзлаган мақсадларига эришди”, – дея таъкидлаган В.Лакота.

Мусобақа якунида шоҳсупа қуйидагича кўриниш олди:

I ўрин – Ҳиндистон жамоаси;

II ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси;

III ўрин – Россия Федерацияси жамоаси.

15 август куни бўлиб ўтган мусобақанинг тантанали ёпилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросимида мусобақа ташкилотчилари томонидан ғолиб жамоаларга медаллар, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги Халқаро армия ўйинлари доирасидаги “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақаларида Ўзбекистон жамоаси фахрли 3-ўринни (Россия Федерацияси ва Хитойдан кейин) эгаллашган эди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти