-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Гендер тенглиги: ёхуд аёлларга меҳр-оқибатдан квота бўлсин (2019 йил, 32 сон)

16.08.2019

ОНАНИ Ватанга қиёслаймиз, эъзозлаймиз. Аёлни оиламиз чироғи, кўнглимиз фароғати, дея ардоқлаймиз. Аммо аёлга бахт бердик, деб гоҳо унинг елкасига оғир юкларни ҳам ортиб қўямиз. Нозик елкасида оғир юклар билан анча жойга бориб қолган, соғлиғини йўқотиб, хаста бўлганида меҳримизни ундан дариғ тутамиз “кунда касал, жонимга тегди”, дея зуғум қиламиз.

Ҳаёт эса қувонч билан ғамларга қоришиб, оғир синовларни бош­га солиб давом этаверади. Оилага дарз кетиб, ажралиш бекатига келганда, албатта, бир этак боласи билан яна ­аёл ҳеч нарсасиз кўчада қолади. ­Алимент тўлаш малол келганида, ойлик маошини яшириб, сохталаштириб, арзимаган пулни кўчирадиган фирмаларни топиб, ўз фарзандига бир парча нонни раво кўрмайдиганлар эса, наҳотки бизнинг эркаклар, дея ўйланиб қоламиз.

Бунга нима сабаб? Ўз қадрини билмаганнинг қадрига биров етармиди, дейсизми? Ёки ҳуқуқи поймол бўлганларни ҳимоя қила олмаётган жамиятдами айб? Айб кимда?!

ЮНЕСКО эксперти, тарих фанлари доктори, Хофстра университети профессори Элёр Каримовнинг фик­рича, бизда ёш қизларнинг коллеж ва лицейларни битирибоқ, турмушга чиқиб кетиши, олий маълумотга эга эмаслиги ҳолатлари уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлигига сабаб бўлмоқда. Савияси, билими паст аёлнинг нафақат жамиятда, балки оилада ҳам ўрни баланд бўлмаслиги ўз-ўзидан аён.

Кейинги вақтда гендер тенглиги ҳақида кўп гапирадиган бўлдик. Гендер тенглигини ҳаётга татбиқ ­этиш борасидаги илк қадамлар сезила бошланди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта юқори лавозимга — Сенат раислигига аёл киши сайланди. Президентимиз Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди. Буларнинг барчаси ­Ўзбекистонда гендер тенглигига ­эришиш йўлидаги ижобий ўзгариш­лар, албатта.

Аммо биргина бу билан гендер тенглигига эришдик, дея олмаймиз.

Ахир, кеча эмас, бугун ҳам гендер тенглиги нима эканлигини билмайдиган, аниқроғи, билишни истамайдиганлар орамизда жуда кўп.

Чунки ораста, билимдон, оқила қизларни, имонли ўғилларни тарбиялаган, оқ ювиб, оқ тараган, турмуш ўртоғига меҳр кўрсатган, оилага барака киритиб турган “ишламайдиган” олий маълумотли аёлни камситиш, унга қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кузатилади. Хусусан, кўнгил қўйиб турмуш қуриб, йиллар ўтиб, бир пайтлар севимли бўлган аёлдан кечиб, вояга етмаган фарзандлар билан уларни кўчада бошпанасиз қолдириш каби ножўя ҳаракатлар учрамоқда. Қолаверса, “ўғлим ўқисин, қизинг ўқиб, шаҳар олиб берармиди”, дейдиган оталарнинг кескин қарори, иккита дипломи бўлса ҳам мен хоҳласам хотиним ишлайди, хоҳламасам йўқ, дейдиган “яккаҳоким” эрнинг пўписаси, иложи бўлса хотин-қизларни ишга олмаслик чораларини кўраётган амалдорларнинг ҳадикларига кўп бора дуч келинмоқда.

Тўғри, шарқона одобу ахлоқимиз гендер тенглигидан кучлироқ бўлиши мумкин. Аниқроғи, шундай деб кўпчилик ўзини овутмоқчи бўлади. Бу тенгликни аслида ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини тан олиш, ҳурмат қилиш, деб талқин қилиш зарур.

Ахир, қачонгача, ҳар куни ичиб келиб, хотинини уриб, бошини ёрадиган, оёқ-қўлини синдирадиган, ўз фарзандларини бу ҳаётдан бездирадиган зўравон эркакларни, тўрт мучаси соғ бўла туриб ўзи ишламайдиган, касалманд аёли ва вояга етмаган боласини ишлашга мажбур қиладиган ноинсоф эркакларни яширамиз? Аёлларнинг шу каби муаммолари ва бунинг оқибатида мудҳиш фожиалар содир бўлаётгани тўғрисида бот-бот айтилмоқда. Бу эса, аччиқ эртакларнинг ўтмишда қолмаганлигини, балки ҳозир ҳам давом этаётганлигини билдиради.

Яна бир оддий мисол. Болажон халқмиз. Фарзандимиз-дилбандимиз, деймиз. Боламизни бошимиздан баландга кўтарамиз. Аммо оилада қатор қиз фарзандлар туғилиб қолса, ўғил туғмайдиган хотиндан воз кечиб, ўз болаларига бегонадай қарайдиган оталарга ҳам гендер тенг­лигини яхшилаб тушунтириб қў­йиш керак. Чунки бу ҳам аёлни камситиш, ҳатто хўрлашнинг бир тури ­эмасми?

Мулоҳазаларимиздан асл хулоса шуки, аёлларга унвонлардан, шону шуҳратлардан муҳимроғи — ­оила бахти, фарзандларнинг беминнат ­осуда бахт ошёнида камолга етишидир. Аслида ҳам аёллар учун мансабларга, амалларга квота керакмас, уларга, энг аввало, меҳр ва оқибат тенглиги, беминнат меҳр ва инсонни тушуниш квотаси бўлсин.

Бухоро шаҳрида Anhor.uz интернет нашри томонидан ЮНЕСКОнинг “ОАВларида “Низо тили”: гендер ўлчами” лойиҳаси доирасида Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари журналистлари учун “Гендер тенг­лиги ва бағрикенглик мавзусини ёритишда журналистларнинг потенциалини кучайтириш” номли тренинг ташкил этилди. Тренинг медиатренерлари ЮНЕСКО эксперти, тарих фанлари доктори, Хофстра университети профессори Элёр Каримов, Лола Исламова ва Саида Сулаймонова, Дарья Османоваларнинг тақдимотлари барчада қизиқиш уйғотди. Ушбу икки кунлик тренингда журналистлар учун ўнлаб янги долзарб мавзулар ҳақида ўйлаш ва ­уларни ёритиш имкониятлари пайдо бўлди. Ёшлар Иттифоқи ҳамкорлик қилган мазкур лойиҳада Бухоро ёшлари жуда фаоллик кўрсатганини ҳам ­алоҳида эътироф этиш лозим.

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири