-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Коррупцияга қарши курашишда хориж тажрибаси (2019 йил, 32 сон)

16.08.2019

ПОРАХЎРЛИККА қарши ҳар бир давлат ўз услубида курашиб келади ва қайсидир давлатда коррупцияга деярли барҳам ­берилган бўлса, яна қаердадир бу иллат “гуллаб-яшнаш”да давом этади. Қуйида коррупция­га қарши курашиш борасида жаҳон тажрибасини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Сингапур

Коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш намунаси сифатида Сингапурдаги ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Бу давлат қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айланди. Бунинг замирида эса коррупцияга қарши кураш ётади.

Ҳукумат бу борада махсус дастур ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра барча даражадаги амалдорларнинг фаолияти тўлиқ шаффоф бўлиши таъминланди. Коррупцион алоқалар илдиз отмаслиги учун мажбурий ротация тартиби жорий этилди. Барча даражадаги амалдорларнинг фуқаролар билан муносабатларида тизимли назорат ўрнатилди ва турли бюрократик тўсиқлар олиб ташланиши учун бу муносабатлар механизми такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, барча мансабдорларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, пора олганлик ва берганлик учун жазо кескинлаштирилди. Шу билан бир вақтда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил ОАВ шакллантирилди.

Сингапур етакчиси Ли Куан Юнинг коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши кераклиги ҳақидаги машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради.

Хитой

Агар Сингапурда коррупциячи амалдор маълум бир муддатга қамоқ жазосини олган бўлса, Хитойда бунинг учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор ўлимга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.

Нидерландия

Нидерландияда ҳам бу иллатга қарши курашиш учун қатор чоралар ишлаб чиқилган. Пора билан қўлга тушган ­амалдорга кейинчалик давлат ташкилотларида ишлаш тақиқланади, у барча ижтимоий имтиёз ва кафолатлардан маҳрум этилади.

Эҳтимолий порахўр амал курсисини эгалламаслиги учун кадрлар танлашнинг махсус тизими ташкил этилган. Бундан ташқари, йирик муассасаларда мансабдорлар ўз ваколатларини суи­истеъмол қилишларининг олдини олиш учун уларни кузатиб турадиган алоҳида ички хавфсизлик тизими мавжуд бўлган.

Мамлакатда ОАВга порахўрлик ҳолати билан боғлиқ воқеаларни кенг ёритишга ва суриштирувлар ўтказишга рухсат берилган.

Ҳонгконг

Хитойнинг шундоққина ёнида жойлашган Ҳонгконг ҳам коррупцияга қарши курашда эришган муваффақиятлари билан мақтанса арзийди – илгари мамлакатнинг деярли барча давлат идоралари коррупция ботқоғига ботганди. Бу ботқоқдан чиқиш учун қуйидаги чоралар амалга оширилди: давлат амалдорлари барча мулклари, автомобиллари ва бошқа қимматбаҳо буюмларини ҳалол йўл билан топган маблағларига сотиб олганини исботлаб бериши лозим. Агарда буни исботлай олмаса, уни қамоқ кутади ва барча мол-мулки мусодара қилинади.

Иккинчидан, 1974 йилда бу ерда “Коррупцияга қарши мустақил комис­сия” ­ташкил этилган бўлиб, комиссия офицерлар ҳамда зиёлилар ва бизнесменлардан ташкил топган. Улар ўта катта миқдорда маош олишади ва фақатгина губернаторга бўйсунишади.

Ва ниҳоят, Ҳонгконг аҳолиси ва ­ОАВ вакилларига порахўрликка қарши курашиш учун кенг имконият берилган – фуқаролар пора сўраган амалдор ­устидан комиссияга шикоят қилиши, журналистлар эса ҳар қандай амалдор фаолияти юзасидан текширув ўтказиш­лари мумкин. Натижа эса ҳайратланарли — 30 йил ичида порахўрлик даражаси 90 фоиздан 3 фоизга тушган.

Дания

Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, жамиятнинг барча аъзолари томонидан ахлоқ тамойилларига риоя қилиш жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Йоахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кес­кин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.