-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Зўравонлик замиридаги зулм ёхуд зўрлик ишлатмоқчи бўлганлар жазосиз қолмайди (2019 йил, 34-35 сон)

29.08.2019

АЁЛЛАРГА нисбатан зўравонлик ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ бўлган жуда жиддий муаммо саналади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дун­ёда ҳар учинчи аёл (35 фоиз) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан.

Зўравонлик иллати ҳақида ­узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу борада очиқ гапирилмоқда.

— Тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғим билан қўшни давлатга кетдик. Ҳаётимиз яхши эди. Кейинчалик кичик, арзимас баҳоналар билан орамизда жанжал чиқа бошлади. Оиламиздан файз кўтарилди. Тинчимиз йўқолди. Афсус, муносабатларимиз яхшиланмади. Турмуш ўртоғим мени ёш болам билан ижара уйимизда ташлаб кетди. Қизим жуда ёш. Ишсиз, иложсиз қолдим. Кунимиз зўрға ўтарди. Нонга зор бўлган пайтлар ҳам бўлди. Илинж кутардим. Лекин ўзга юртда ким ҳам дардингга шерик бўлай деб турибди, дейсиз. Давлатимизга қайтай десам, қўлимда на ҳужжат, на пул бор... Қариндошларимдан нажот сўрасам, ҳужжатларимиз йўқлиги учун олиб кета олишмаслигини айтишди. Шунда холам Хотин-қизлар қўмитасига ёрдам сўраб мурожаат қилибди. Ишонасизми, улар тез кунда ҳужжатларимизни тайёрлаб, йўл ҳаражатларимизни тўлаб, ватанимизга қайтишга ёрдам беришди. Республика реабилитация ва мослаштирув марказининг Жиззах вилоят ҳудудий маркази томонидан боламга ва менга катта ёрдам кўрсатилди. Болам келганимизда йигирма кун иситмалади. Марказ томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизишди. Дори-дармонлар билан таъминлашди. Кейин яна марказга қайтдик. Бундан ташқари, мен учун руҳшунос ажратилган. Биласизми, мана шу суҳбатлар, эътибордан ҳаётга, ўзимга бўлган ­ишончим ортди. Ҳаммаси ортда қолиб кетганига ишонаяпман. Ўша қийинчиликда ўтган кунларимда руҳим синган, кераксиз матоҳдек бўлиб қолгандим. Ҳатто, болам ҳам кўзимга кўринмасди. Жонимга қасд қилишга ҳам урингандим...

Лекин қоронғулик орқасидан ёруғ кунлар келиши рост экан. Марказдан миннатдорман. Ҳозир шахсий бизнесимни йўлга қўйиб, фарзандим келажагини мус­таҳкамламоқчиман. Бу йўлда қадамларимни бош­ладим.

Жабрдийданинг исм-шарифини келтирмадик. Бу аёлга ҳозирда Жиззахда тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бош­қа зарур ёрдамлар кўрсатилмоқ­да.

Аёл билан суҳбатлашар эканмиз, кўнглимизда марказ фаолияти билан яқиндан танишиш истаги пайдо бўлди. Бундай марказлар очилганига ҳам яқин кунларда бир йил тўлади. Аввало, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказига йўл олдик. Марказ учун янги бино қурилиши тугалланибди. Шу кунларда бинонинг расмий очилиши бўлишини айтиб, марказ раҳбари кутиб олди. Учинчи қаватга кўтарилар эканмиз, йўл-йўлакай хона эшикларига ёзилган ёзувларни ўқиймиз. Руҳшунос, юрисконсульт, ҳамшира, маслаҳат хонаси ва бошқалар... Бу хоналарда ҳаётда қийинчиликка учраган, зўрлик ишлатишдан жабрланган ­аёлларга ёрдам кўрсатилар экан.

 

Насиба МИРОДИЛОВА,

Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази раҳбари:

— Бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятда ва оилада ўз ўрнига эга ҳамда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши, шу билан бирга сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жараёнларда фаол ва эркин фаолият юритишлари учун давлатимиз томонидан жуда катта эркинликлар, имтиёзлар яратилган. Жумладан, республика бўйлаб Ўзбекис­тон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилгани ҳам шу эътибор исботидир. Марказларнинг ­асосий вазифаси аёлларимизни ҳуқуқий ҳимояга олиш. Уларнинг жамиятда ва ­оилада зўрлик ­ишлатишдан, жабр кўришдан ҳимоялашдан иборат. Бугунги кунда республикамизда марказлар 167 тага етди. Ушбу марказлар орқали аёлларга сифатли тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бу марказларга вилоятларимиздан минглаб аёллардан мурожаатлар бўлди.

Марказнинг яна бир мақсади зўрлик ишлатишдан жабр кўрган ­аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини ­олишдан ­иборат. Чунки бугунги кунда жамиятдаги энг катта муаммолардан бири — моддий қийинчиликдан ёки оилага мослаша олмаганидан, эри ёки қайнонасидан жабр кўриб, нафақат ­ўзининг, балки фарзандларининг ҳам жонига қасд қилган аёллар учраб турибди. Бу оғриқли муаммоларимиздан бири. Руҳий босим остида яшаб келиш натижасида кўп­лаб руҳий ҳасталиклар кузатилади. Баъзан жуда оддий кўринган кичик оилавий низолар ҳам бора-бора жиддий психосоматик касалликларни келтириб чиқариши сир эмас. Марказлар иш бошлаганидан буён аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камайганлигини кўришимиз мумкин.

Марказ томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жабрланганларнинг оила аъзолари билан ўтказилаётган суҳбатлар, профилактик чора-тадбирлар ҳам яхши самара бераяпти. Ҳамкорликдаги фаолият натижасида уларнинг ­оила аъзолари билан ҳар томонлама келишувга эришаяпмиз. Қувонарлиси, бизга мурожаат қилаётган аёллар ўз уйига қайтаяпти. Мажбурликдан эмас, тушунган ҳолда қайтаяпти. ­Оиласи сақланиб қолаяпти.

Марказ томонидан амалга ­оширилаётган яна бир эзгу ишни айтиб ўтмоқчиман. Марказга мурожаат қилган аёлларнинг аксарияти ишсиз. Қўлида касб-ҳунари йўқ. Моддий аҳволи оғир. Қолаверса, оила аъзолари зўравонлигига учраб келган. Шу сабабли уларга қатъият, куч, ­ўзига бўлган ишончни орттириш мақсадида тадбиркорлик билан шуғулланишлари ­учун кенг имкониятлар яратиб бераяпмиз. Аввало, бу соҳани ўзлаштиришларига кўмаклашиб, кейин эса бизнесларини йўлга қўйишлари учун кредитлар ­ажратилишига кўмаклашаяпмиз.

Бугунги кунда ушбу марказларга 8 минг 822 нафар ­хотин-қиз мурожаат этиб, уларнинг 1 минг 316 нафарига тиббий, 2 минг 276 нафарига психологик, 1 минг 793 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 1 минг 148 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 886 нафар хотин-қизларга кредит ­олишга кўмаклашилди.

Айтганча, бу Марказ билан боғланиш учун ягона қисқа рақамли “1146” “Ишонч телефони”га мурожаат қилиш мумкин. “Ишонч телефони” 24 соат давомида хизматингизда. Бунда мурожаатчи истагига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланиши кафолатланади.

Таъкидлаш жоиз, Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Зўрлик ишлатишга ўрганган ва бунга одатий ҳолат сифатида қараган шахслар қонун олдида жавоб беришлари жорий этилди. Илгаригидек, қайнона-келин муносабатларидаги можаролар, оилада ҳукмронлигини намоён қиламан, деб аёлига азоб берадиган зўравон эр ёки зулмкор ­оила вакилларига жавобгарлик муқаррарлиги белгиланмоқда. Бир сўз билан айтганда, аёллар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилмоқда.

Қонунда жабрланувчига қуйидаги ҳу­қуқ­лар берилган. Жумладан:

ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки уларни содир ­этиш таҳдиди тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

махсус марказларда, шунингдек, бепул “Ишонч телефони” орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда ­уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга муро­жаат этиш.

Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ­ариза билан судга мурожаат ­этганида давлат божи тўлашдан ­озод қилинади.

Шунингдек, Қонунда ҳимоя ордери ҳақида ҳам сўз боради. Хўш, ҳимоя ордери ўзи нима?

Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ва аёлга тазйиқ ўтказаётган ёки унга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёки бир гуруҳ шахсларга ушбу Қонунда белгиланган таъсир чораларини қўллашга сабаб бўлувчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери орқали шахс бундан кейин маиший зўрлик ­ишлатса, жавобгарликка тортилиши ҳақида хабардор қилинади. Ордер билан:

маиший зўрлик ишлатиш та­қиқланади;

зулмкорнинг жабрланувчи би­лан бевосита ёки билвосита алоқада бўлишини вақтинча тақиқланади;

жабрланувчининг даволаниш, маслаҳат олиш, реабилитация марказида бўлиш харажатлари айбдор зиммасига юкланади.

Ҳимоя ордери жабрланувчига маиший зўрлик ишлатилганлиги далили белгиланган вақтдан бош­лаб бир сутка ичида берилади. Ордер 15 кунгача амал қилади, амал қилиш муддатини 30 кунга узайтириш мумкин. Ҳимоя ордерлари ҳудудий ИИБ томонидан берилади.

Бундан ташқари, ваколатли органлар ҳамда тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиларига тиббий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар ташкил этиши мумкин.

Тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади.

Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши ҳам Қонундан ўрин олмоқда.

(Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Давлат раҳбари томонидан имзолангач, кучга киради).

Қонунчиликда зўравонликнинг оқибатларига қараб қу­йидаги жавобгарликлар белгиланган:

Қасддан баданга шикаст етказиш, ўлдириш ёки зўрлик ­ишлатиш билан қўрқитиш, қийнаш, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача ­озодликни чеклаш ва 10 йилгача ­озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва унинг мудҳиш оқибатларига барҳам беришга, яъни оилавий зўравонлик масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда. Давлатимизда олиб борилаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсат опа-сингилларимизга чинакам бахтли яшаши учун, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий ҳамда оилавий мажбуриятларни ҳамоҳанг тарзда бажариши учун зарур имкониятлар яратмоқда.

 Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири