-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Буюк ўзгариш ва бунёдкорликлар узоқда эмас, кўз ўнгимизда бўлмоқда (2019 йил, 34-35 сон)

29.08.2019

БИЗ таъриф этмоқчи бўлган Жом қишлоғи Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари оралиғида жойлашган бўлиб тарихи бир неча асрларга бориб етади. Бу табаррук замин пиру комил Саҳоба ота, Иброҳим ота сингари азиз инсонлар номи билан аталиши бежиз эмаслигини тасаввур этасиз. Аҳолиси чорва ва ғалла етиштирадиган меҳнаткаш, танти, мард инсонлардир. Унинг кечаги куни ривожланишдан ниҳоятда орқада қолган, йўллари таъмирга муҳтож, электр энергиясида узилишлар, турмуш шароитининг мураккаблигига чидаб, эртанги нурли келажагига умид боғлаган халқ.

Янги ислоҳотлар дастури айнан Жомда бошланганлигининг сабаби бор. Юртбошимиз Самарқанд вилояти ҳокими бўлган даврда бу ерда кўп маротаба бўлган, одамлар билан учрашган, гарчанд шароити оғир бўлса-да, жомлик пахлавонлар, чорвадорлар, иқ­тидорли олимлар, илм-маърифат эгалари бу элнинг мард ўғлонлари ўз турмушларидан нолишмаган.

Бугун эса бу обод қишлоқни кечаги Жом десангиз, хато қиласиз. Аҳолиси ишли, фарзанд­лари шаҳардагидек ёруғ мактаб ва боғчаларга бораяпти. Кўчалар чароғон, хонадонлар узлуксиз электр манбаидан баҳраманд. Йўлга қў­йилган транспорт қатновлари бу элнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Энг қизиғи, бугун бошқа туман ва вилоятларга кўчиб кетган оилалар, эндиликда ўзи туғилиб ўсган қишлоқларига қайтишмоқда.

— Одамларимизнинг ҳаётида том маънода ўзгариш бўлди, — дейди Жом маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Қиличов. — Қисқа фурсат ичида ­асрларга татигулик ­ободончилик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Буларни кўриб гувоҳи бўлган аҳолимизнинг ҳам эртанги кунга бўлган иштиёқи ортган. Мана, қилса бўларкан-ку, деб ­Юртбошимиз ҳақига дуодалар. Йўлингиз тушса, қишлоғимизга келинг. Пойтахтдан қолишмайди. Йўлларимиз равон, кўчаларимиз чароғон, янги қурилган уй-жойларга кишиларнинг ҳаваси келади.

— Ҳақиқатан ҳам Жом қиш­лоғининг аҳволи оғир ва ачинарли эди, — дейди Нуробод туман ҳокими Фахриддин Зоиров. — Мамлакатимиз бўйлаб бошланган ўзгаришлар шамоли бу қишлоққа биринчилардан бўлиб етиб келди. Ўтган 2018 йили “Обод қишлоқ” Давлат дас­тури доирасида респуб­ликада биринчи бўлиб унинг ижроси Жомда бошланди. Қиш­лоқда истиқомат қиладиган мавжуд 1065 та хонадон вилоят бў­йича 106 та ҳомий ташкилотга бўлиб берилди. Ушбу хонадонлар бугун замон талаби асосида қайта таъмирланди. Ўтган давр мобайнида 75 та арзон уй-жой қурилиб, унинг 25 таси кам таъминланган ва шароити оғир бўлган оилаларга бепул берилди. Қишлоққа кирадиган юриб бўлмас даражадаги қарийб 8 километр марказий йўлга асфальт ётқизилди ҳамда 13 километр ички йўллар таъмирланди. Узунлиги 16 километр, эни 66 метр бўлган янги кўприк қурилди. Қишлоқда 3 та автобус бекати ҳамда замон талабига жавоб берадиган “Жом деҳқон бозори” қурилишга топширилди. Самарқанд билан Қашқадарё вилоятини боғлайдиган марказий кўчадан 42 тасига тунги ёритиш ­устунлари ўрнатилди. Қишлоқда газ таъминоти бўйича ҳам хайрли иш ­амалга оширилди. Айнан Жом қишлоғи аҳолиси ­учун 1 дона “Isuzi” русумли газ баллон ташийдиган автомашина ажратилди. 2105 дона суюлтирилган газ баллони қишлоқ аҳолисига берилди. Янги “Жом газ сервис” маркази омборхонаси қурилди. Энди жомликлар қачон Самарқанддан газ келади деб, кўз тикиб ўтиришмайди. Шунингдек, Жом қишлоғида 12 та янги трансформатор пунк­ти ташкил этилди. Мавжуд 6 дона трансформатор капитал таъмирланди. Қишлоқ бўйича 1230 дона янги темир-бетон ­устунлари ўрнатилди. 45 километр ­узунликдаги ҳаво тармоғи реконструция қилинди. Мавжуд “Омондара” сув иншооти капитал таъмирланди. 19 километр янги сув тармоғи тортилди. 75 метр дренаж қувурлар ўрнатилди. 4 та янги сув иншооти қурилиб, тоғ ён-бағирларида яшайдиган аҳоли ­учун ­ичимлик суви ташишга 2 та техника ажратилди. Аҳоли чорва молларини суғориш ­учун махсус 12 та сув ҳавзаси қурилди. Соғлиқни сақлаш борасида ҳам бу ерда кенг кўламдаги ­ишлар ­амалга оширилди. Қиш­лоқ врачлик пункти капитал таъмирдан чиқарилди. Қишлоқ аҳолиси учун хизмат кўрсатишга 1 та янги “Тез ёрдам” машинаси ­ажратилди. 1 та янги оилавий поликлиника қурилди. Бундан ташқари, қишлоқда 1 та янги мактаб, маҳалла, кутубхона, масжид, ҳаммом, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. ­Озиқ-овқат дўкони, ­оталар чойхонаси, дорихона ва бошқа савдо ҳамда маиший иншоотлар қуриб битказилди. “Обод қиш­лоқ” дас­тури доирасида қишлоқнинг 15 та кам таъминланган оила­сига қорамол берилди. 2 та ногирон фуқарога бепул уй-жой ажратилди.

— Айни кунларда Юртбошимизнинг “Обод қишлоқ” Давлат дастури дои­ра­сида туманда катта ҳажмдаги ­ободончилик ва
бунёдкорлик ­ишла­ри амалга оширилмоқ­да. Хусусан, бугун тумандаги Наврўз, Улус ва Халқобод қишлоқларида дас­тур доираси бўйича катта ишлар бош­ланган. Жумладан, бугунгача Улус қишлоғида 272 та, Халқобод қишлоғида 355 та, Наврўз қишлоғида 110 та уй таъмирланди. Шунингдек, Наврўз қиш­лоғига 2,3 километр асфальт ётқизилди. Улус ва Халқобод қишлоғида ҳам йўллар таъмирланди. Учта қишлоқнинг ҳар бирига янгидан автобус бекатлари қурилди. Бундан ташқари, Дас­тур доирасида шу қиш­лоқларда 90 дона тунги ёритгич ўрнатилиб, сув таъминоти яхшиланди. 9 та трансформатор таъмирланиб, узоқ қиш­лоқларга 22 километр электр энергияси тортилди. Бугун фаолият ютитаётган 3 та мактаб, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси капитал таъмирланди. Мана шу 3 та қишлоқда 58 та арзон уй-жой қурилмоқда. Уйлар фойдаланишга топширилгандан сўнг 10 та оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган кам таъминланган оила­лар бепул уй-жой билан таъминланади. Шунингдек, 40 та муҳтож оилаларга ҳам уй берилади. Туманда инвестиция ва манзилли дас­тур доирасида 82,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб қуйидаги ободончилик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, туманда 3 та мактаб қурилди. Айнан Жарқудуқ 46-сонли, Аврон 76-сонли, Шарқ юлдузи маҳалласида 77-сонли мактаб­гача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда тумандаги ­Амир Темур маҳалласида 2 та 3 қаватли, Жом маҳалласида 50 та 2 сотихли, 3 хонали арзон уй-жойлар, Наврўз маҳалласида 9 та 5 хонали уйлар қурилиб яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Шу пайтгача туманда 7 та лойиҳа асосида 11,2 километр ҳажмдаги ички йўллар таъмирланди. Сари кўл — Нуробод — Қарнаб — Навоий автомобиль йўлларида бугун таъмирлаш ­ишлари олиб борилмоқда.

— Бундай фаровонликни кўз олдимизга келтирмагандик, — дейди Жом қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Азимбой Қосимов. — Юртбошимизга раҳмат, бу ишларга ­ўзи бош бўлиб амалга оширди.

Ҳақиқатан ҳам асрлар бўйи қақраб ётган бийдай дашту биёбонлар, бепоён кенгликлар қуршовида бўлган Ватанимизнинг олис чорвадорлар юрти Нурободни кўриб кишилар ҳайратдан ёқа ушлайдилар. Бу ернинг халқи нурли келажагимизга шукроналар айтиб, яшамоқдалар. Яхшиси, йўлингиз тушса, Жом томонларга бир келинг, ўзингиз кўриб, ишонасиз ва ҳавас қиласиз.

 

Ўз мухбиримиз.