-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Туғилганлик гувоҳномаси бор фарзандга яна гувоҳнома сўралди (2019 йил, 34-35 сон)

04.09.2019

ФУҚАРОЛИК ­ишлари бўйича Каттақўрғон туман судидан туман адлия бўлими фуқаро Д.Хусаинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) манфаатида туғилганлик фактини белгилашликни сўраган.

Адлия бўлимининг даъво аризасида мурожаатчи 1968 йилда Каттақўрғон туманида туғилганлигини, шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб яшаганлигини, кейинчалик турмуш ўртоғи ташлаб кетганлигини, у билан қонуний никоҳдан ўтмаганлиги баён этилган. Шунингдек, 1993 йилда уй шароитида қиз фарзанд кўрганлигини, ҳозирда у 25 ёшда бўлиб, шу кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмаганлигини, туман ФҲДЁ бўлими томонидан унга рад жавоби берилганлигини, фарзанди уй шароитида туғилганини, етишмовчилик сабабли ўша вақтда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаганликларини таъкидлаган. Ҳамда ҳозирги пайтда қизи мактабни ва коллежни ҳам тугатганлигини, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишлиги зарурлиги сабабли у Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганлигини, аммо у ердан унга фуқаролик ишлари бўйича судга мурожат қилиши тушунтирилганлигини, шу сабабли Д.Хусаинованинг 1993 йил 7 март куни қиз фарзанди туғилганлигини белгилашни сўраган.

Суд ишни аризачининг фарзанди ўқиган Каттақўр­ғон туманидаги 53-сонли мактабда сайёр суд мажлисида кўриш давомида Д.Хусаинованинг фарзан­ди Н.Хусаиновага Катта­қўрғон туман Халқ таълими бўлимига қарашли 53-сонли мактабдан 2009 йил 23 июнда №3684583-сонли умумий ўрта таълим шаҳодатномаси берилган­лиги аниқланган. Ушбу шаҳодатномада боланинг туғилган куни 1993 йил 10 март эканлиги ва туғилган жойи ­эса Туркманистон Рес­публикаси, Асфанский вилоят, Чоржўй шаҳри экан­лиги қайд этилган.

2019 йил 7 февралда Каттақўрғон туман Халқ таълими бўлимига қараш­ли 53-сонли мактаб маъмурияти томонидан тузилган далолатномада собиқ ўқувчи Н.Хусаиновага шаҳодатнома берилганлигини ва унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бор бўлиб, Туркманистон Рес­публикасида туғилганлик ҳақидаги маълумотларни тумандаги Хизмат кўрсатиш ва касб-ҳунар коллежига топширилганлиги маълум қилинган.

Мазкур ҳолатлардан сўнг суднинг ҳал қилув қарори билан туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги фуқаронинг мурожаатлари асоссиз эканлиги сабабли даъво аризасини қаноатлантириш рад этилди.

Шунингдек, суднинг хусусий ажрими билан Каттакўрпа МФЙ раисининг хатти-ҳаракатларига тегишлича баҳо бериб, Каттақўрғон туман Тиббиёт бирлашмаси ва Зарафшон ҚВП, Каттакўрпа МФЙ томонидан тузилган 2018 йил 22 майдаги 4-сонли далолатнома ва 2018 йил 29 майдаги 33-сонли тиббий маълумотномаларга мансабдор шахс Д.Хусаинованинг манфаатларини кўзлаб, расмий ҳужжатларга била туриб, асоссиз ва ёлғон маълумотлар ­асосида расмийлаштирилганлик ҳолатларига қонуний баҳо берилди.

 

Камол НАМОЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси,

Чарос ИНОЯТОВА,

ҳуқуқшунос