-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Судьялар олий мактаби. Мамлакатимиз суд тизимида яна бир тарихий воқеа (2019 йил, 36 сон)

14.09.2019

2019 ЙИЛ 4 сентябрь куни Президентимиз Қарори билан мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган Судьялар олий мактабида 2019/2020 ўқув йили учун бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, сенаторлар, депутатлар, тегишли масъ­ул ташкилотлар раҳбарлари, юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш муассасалари мутасаддилари ҳамда ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар ­олий кенгаши раиси:

— Ҳаммамиз яхши биламизки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлашда адолатли, мустақил суд ҳокимияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда том маънодаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўтказилди. Мана шундай кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан бири, мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабидир.

Бугун сиз билан биз бевосита гувоҳи бўлиб турганимиз Судья­лар олий мактабининг 2019-2020 ўқув йили учун биринчи бор бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг тантанали очилиши ҳеч муболағасиз мамлакатимиз суд тизими ҳаётидаги тарихий воқеликдир.

Судьялар олий мактабини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, ­уларнинг малакасини ошириш орқали бугунги кун талабига тўла жавоб бера оладиган юксак салоҳиятли, профессионал ва етук судьялик корпусини шакллантиришга кўмаклашишдир.

Дилбар ХАЙРУЛЛАЕВА,

Судьялар олий мактаби магистратураси тингловчиси:

— Жорий йилнинг август ойида 2019-2020 ўқув йили учун магис­тратурага шаффоф ва холисона кириш синовлари ўтказилди. Дастлаб иншо ёзган бўлсак, кейин тест синовларидан ўтдик. Мана шу имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 60 нафар талабгорнинг ичида мен ҳам тингловчи бўлиш шарафига муяссар бўлдим.

Бундан жуда фахрланаман, шу билан бирга, биз илк тингловчилар олдида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган муҳим вазифа, бугунги кун талабларига жавоб берадиган, салоҳиятли судья бўлиб етишиш каби масъулият турганлигини ҳам ҳис қилаяпман. Мана шу бир йил давомида Судьялар ­олий мактабида бериладиган дарслардан жуда унумли фойдаланишимиз шарт, деб ҳисоблайман.

 Биз бугун гувоҳи бўлиб турибмизки, ўқув жараёнига иш ­юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услублари татбиқ этилган.

Ривожланган давлатларнинг судьялар тайёрлаш таълим муассасалари билан интернет тармоғи орқали онлайн тарзда мулоқот ­олиб бориш ва уларнинг электрон ўқув адабиётлардан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ўқув аудиториялари бунга мос равишда энг ривожланган ахборот коммуникация воситалари билан жиҳозланган.

Илҳом НАСРИЕВ,

Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлар доктори, профессор:

—  Судьялар олий мактаби олдига мамлакатда судьялар корпусини тайёрлашнинг ягона тизимини ташкил этиш, юриспруденция, касбий этика, психология, ишга оид мулоқот, вақтни бошқариш, музокаралар олиб бориш, ахборотлар билан ишлаш технологиялари, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллашга доир назарий ва амалий кўникмаларга эга, мустақил фикрловчи, қатъиятли, жасур ва ҳалол судья ва суд ходимларини тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Юқорида таъкидланганидек, мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган мазкур давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича илк бор судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш ва давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш ишларини ташкил этади.

Фазлиддин ИШОНХАДЖАЕВ,

Судьялар олий мактаби магистратураси тингловчиси:

— Ўзбе­кистон Рес­публикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат ­судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахсларгина тайинланиши белгилаб қўйилди.

“2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимояси кафолатларини кучайтириш ва одил судловга эришиш даражасини оширишни асосий устувор йўналиш сифатида белгилаб, моҳиятан ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилганлигини кўрсатади.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьялик касбининг нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида биринчи марта судьялик ваколатлари муддатлари қайта кўриб чиқилди. Судьялик лавозимига тайинлашнинг биринчи беш йиллик, кейинги ўн йиллик ва муддатсиз даврга лавозимда бўлишни назарда тутувчи тартиб киритилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувдаги маърузасида суд тизимининг бугунги кундаги аҳволи, ундаги камчиликлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтиб, суд тизимидаги мавжуд камчилик­ларни бартараф этиш мақсадида ҳар қандай вазиятда ҳам одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган судьялар таркибини шакллантириш, судьяликка номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судьялар малакасини оширишга ихтисослашган алоҳида ўқув муассасасини ташкил ­этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича вазифаларни белгилаб берган эди.

Ушбу таълим муассасаси давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган мана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаши шубҳасиз.

Малика ҚАЛАНДАРОВА,

Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлар номзоди:

—  Алоҳида таъкидлаш лозимки, малакали кадр­лар суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, адолатли судьялик қарорларини қабул қилиш гарови ҳисобланади.

Шунинг учун, судьялар корпусини юқори билим ва салоҳиятга, етарли тажриба ва кўникмага, юксак маънавий-ахлоқий фазилатга эга юридик кадрлар, жумладан, биринчи навбатда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида намунали фаолият юритаётган ходимлар ҳисобидан шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий мактабда тингловчиларга илғор инновацион педагогик ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерфаол ўқитиш услублари асосида таълим берилади.

Олий мактаб магистратурасини тамомлаган судьяликка номзодлар келгусида юксак маънавий-ахлоқий фазилатга, етарли ҳаётий тажрибага, мустақил фикрлаш, энг муҳими, ўзи қабул қилган қарор учун жавобгарликни ўзига олиш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар бўлиб етишиши лозим.

Бунинг учун биз ўқитувчилар ўз устимизда тинмай изланишимиз лозим, деб биламан. Бугун ривожланган демократик мамлакатларнинг судьялар тайёрлаш тизимини ҳам чуқур ўрганишимиз лозим.

● Арслон ЭШМУРОДОВ тайёрлади.