-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Биз коррупцияга қаршимиз” мегатанлови. Кураш қалб ва онгда шаклланиши керак (2019 йил, 37 сон)

17.09.2019

ШАФФОФЛИК, очиқликни ўз иш фаолиятида бош мезон ҳисоб­лаган Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашга чорловчи мегатанлов якуни ­эълон қилинди. Танлов ғолиблари 5 та номинация, яъни “Энг яхши журналистик материал учун”, “Энг яхши блог­пост учун”, “Энг яхши юмористик асар (карикатура, ҳажвия ва ҳоказо) учун”, “Энг яхши видеоролик сценарийси учун”, “Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун” йўналишларида тақдирланди. Вазирликда мазкур мегатанлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Русланбек Давлетов,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири:

— Коррупция — тараққиётга ғов бўлувчи хавфли иллатдир. Унга қарши кураш ҳар доим қатъият билан олиб борилиши лозим. Хусусан, вазирлик ўз тизимида коррупцияга қарши кураш эълон қилган. Бугун бу йўналиш бўйича иккинчи фаза иш бошлади. Ушбу курашда коррупцияга қарши тарғибот алоҳида ўрин тутади. Бугун мегатанлов ўтказиб, шов-шув кўтаришдан йироқмиз. Танловнинг тарбиявий аҳамияти жуда катта. Бу мегатанлов инсонларнинг қалбида коррупцияга нисбатан нафрат уйғотишга, жиноятни фош этишга, келиб чиқиш сабаблари билан курашишга, салбий оқибатлари хусусида жамият аъзоларига тегишли сигналлар бериш ҳамда коррупцияни фош этишда ўзларининг саъй-ҳаракатларини аямаётган, жамият аъзоларини огоҳликка чорлаётган ватандошларимизни рағбатлантиришга қаратилган

Мегатанлов Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дас­турининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Танловда қатнашиш учун 70 нафар иштирокчидан 400 га яқин ижодий иш тақдим этилди.

— Танлов йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Рабиев. — Ёдингизда бўлса, ўтган йили биз учта номинация бўйича танлов эълон қилган ­эдик. Бу йил номинациялар сони бештага етди, яъни энг яхши ҳажвий асар ва энг яхши тасвирий материал номинация­лари қўшилди. Ўтган йилги “энг яхши ижтимоий ролик” номинацияси бу йил “энг яхши ижтимоий ролик сценарийси” тарзида ­эълон қилинди. Чунки ролик олиш бир қадар мураккаб ва кўп ресурс талаб қиладиган жараён бўлгани сабабли, унда иштирок этувчиларнинг имкониятлари бир қадар чекланиб қолган эди. Биз роликнинг ғояси муҳим, деб ҳисобладик. Шу сабабли роликнинг ўзини эмас, сценарийсини юборишларини истадик. Албатта, ғолиб бўлган сценарий асосида ролик олинишига ҳамкорлик қилишни назарда тутганмиз.

Маълумки, бу иллат домига дучор бўлган мулозимларни жазога тортиш билан порахўрлик йўқолиб қолмайди. Шу боисдан ҳам бу хавфли иллатларнинг оқибатларини ёш авлод онгига сингдириб бориш, жамиятда коррупция ва порахўрликнинг батамом йўқолишига замин ҳозирлайди.

Номинациялар ғолиблари ичида ёш авлод вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Бу ҳам жамиятда, айниқса, ёшлар онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат тобора кенгроқ шаклланиб бораётганидан далолатдир. Қувонарлиси, ушбу зарарли, жирканч иллатга қарши ўсиб келаётган ёш авлодда ўзига хос фуқаролик позицияси, тоқатсизлик ва муросасизлик мавжуд.

— Назаримда, коррупция билан курашишда ёзувчилар, ижодкорлар, журналистлар бирлашиши керак. Бу борада, ҳатто ҳуқуқ-тартибот органларидан анча ортда қолаётганимиз ҳам рост. Масалан, ўтган йили 1100 дан ортиқ коррупционерлар суд қилинган. Ушбу суд ҳукмларининг ўзи ҳар биримиз учун материал эмасми-ди? Нега биронта коррупционерни фельетон қилиб ёзмаяпмиз? Уларнинг жиноятини шундай таъсирчан қилиб ёзайликки аҳоли, кенг жамоатчилик бундан хабар топсин. Ўша пулни олаётган ёки олишга ҳозирланган одамлар уялсин. Қўни-қўшнисидан, фарзандларидан. Ҳалол яшашга ўргансин, — деди “Энг яхши блог­пост учун” номинацияси ғолиби Тўлқин ­Эшбеков.

Шунингдек, — Одамларга визуал кўринишдаги материаллар орқали тарғибот қилиш энг таъсирчан усул ҳисобланади. Бу материаллар ҳамманинг кўзи тушадиган жойларда, ҳатто оёқлари остида ҳам бўлиши мақсадга мувофиқ. Бугун мен танловга тақдим этган дизайнерлик ишларим ҳам аҳоли гавжум жойлардаги баннерларга жойлаштирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўйлашимча, минг марта ўқигандан кўра, бир марта кўрган афзал, дегани бежиз эмас. Бу янада самарали бўлар эди”, — дея таъкидлади “Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун” номинацияси ғолиби Жасурбек Тожибоев.

Номинациялар бўйича ғолиблар билан танишинг:

“Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Отабек Сафаров — Ҳуқуқий маълумотлар билан тўғри ишланган ва ўзига хос услубда ёзилган “Қаерда бўлса ҳам... Қанча бўлса ҳам... Кимдан бўлса ҳам” материали учун;

2-ўрин: Маруса Ҳосилова — Коррупциянинг сабаб ва оқибатларини очиб беришга қаратилган “Бешикдан то қабргача... ёки коррупция “пиллапоя”лари”, “Ҳеч қачон ­очилмайдиган жиноятлар ёхуд ёпиғлиқ қозонлар қачон ­очилади?” каби туркум материаллари учун;

3-ўрин: Ортиқбой Курамбаев — Коррупцияга қарши курашишни ёритишда янгича ёндашуви – “Йигит омон бўлса” эссеси учун.

 

“Энг яхши блогпост учун”

номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Тўлқин Эшбеков — Мавзуга ёндашишда узоқ йиллик тажрибага таянилгани ҳамда коррупция ҳолатларини бартараф этишда самарали таклифлар билан чиқилгани жиҳатдан “Қоч, коррупционер келаяпти!” блог­пости учун;

2-ўрин: Наргиза Юнусова — “Бефарқ бўлманг! Сиз қай бирини танлайсиз?”, “Коррупцияни тугатиш учун бизга нима тўсқинлик қилади?” блогпостлари орқали коррупция манзараларини кенг жамоатчиликка содда ва тушунарли очиб берганлиги учун;

3-ўрин: Азизбек Вафоев — Коррупциянинг жамият равнақига, етук кадрлар шаклланишига салбий таъсири бўйича кузатувлар акс этган “Талаба ва ректор суҳбати” материали учун.

 

“Энг яхши юмористик асар

(карикатура, ҳажвия ва ҳоказо) учун”

номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жаҳонгир Исмоилов — Порахўрлик, фирибгарлик, таъмагирлик, қонунни менсимаслик каби иллатлар қаламга олинган ҳамда ўзига хос шакл ва услубда акс эттирилган ҳажвий ҳикоялар тўплами учун;

2-ўрин: Бобур Расулов — Коррупция оқибатлари таъсирчан ва тушунарли талқин қилинган туркум карикатуралари учун;

3-ўрин: Феруза Раҳмонқулова — Материалнинг тил ва услуб жиҳатдан ўқишлилиги билан “Мен пора олмайман!” ҳажвияси учун.

 

“Энг яхши видеоролик сценарийси учун” номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Шокир Ҳолиқов — Ҳолатни ифодалашда бадиий юксак, таъсирчан ёндашилгани жиҳатдан “Коррупция бўлмаганида ҳаммаси бошқача бўларди!” сценарийси учун;

2-ўрин: Нурмуҳаммад Жумағулов — Келажак авлодни ёмон иллатдан ҳимоялашга, уларни асраб-авайлашга қаратилган “Кичкинага катта тарбия” туркум сценарийлари учун;

3-ўрин: Неъматжон Атамуратов — Воқеликлар қиёсан талқин этилган “Келажагингни коррупцияга алмаштирма!” сценарийси учун.

 

“Энг яхши флаер, буклет, баннер, плакат учун”

номинацияси ғолиблари:

1-ўрин: Жасурбек Тожибоев — Дизайн ва маълумотлар уйғунлиги жиҳатдан “Фарзандларингиз қувончини порага алмаштирманг!” флаер, буклет, баннер намуналари учун;

2-ўрин: Аслиддин Абдувоитов — Коррупцияга қарши биргаликда курашишни тарғиб қилувчи плакат (рассомлик иши) учун;

3-ўрин: Бекзод Усанов — “Биз коррупцияга қаршимиз!” флаер, буклет, баннер намуналари учун.

Тадбирда қатор вазирлик, идоралар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, танлов ғолиблари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Танловнинг ҳар бир номинацияси бўйича ғолиблар Samsung Galaxy S10 (1-ўрин), Notebook (2-ўрин), телевизор (3-ўрин) каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири