-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Обод қишлоқ, обод маҳалла ва равон йўллар (2019 йил, 38 сон)

27.09.2019

ЙЎЛЛАР олисларни яқин, оғирларни енгил қиладиган, элларни-элларга, давлатларни-давлатларга боғлайдиган беғараз дўст ва қадрдон ҳамроҳдир. Неча йиллар, неча асрлар ўтса ҳамки, йўллар ўз йўлини йўқотмайди, эзгу манзилларга кўприк бўлиб қолаверади. Йўлларнинг бехатар бўлиши эса кўп жиҳатдан унинг созлигига боғлиқлигини барчамиз яхши биламиз.

Шунинг учун ҳам ҳар бир мамлакат учун йўл қурилиши ва йўллардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Рес­публикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил қилинди. Қўмитанинг 2017 йил 19 мартдаги 11-сонли буйруғи билан республикамизнинг барча ҳудудлари қаторида вилоятимизда ҳам “Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси ташкил топди.

Навоий шаҳридан мамлакатимиз пойтахти Тошкентгача бўлган масофа 500 километрдан ошиқроқни ташкил этади. Вилоятнинг энг чекка ҳудудига бориш ­учун эса салкам 600 километр йўл босиш керак. Бу — вилоятимиз қанчалик улкан ҳудудни ­эгаллаганига бир мисол, холос.

“Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУКнинг ­асосий вазифалари ва фаолияти сифатида ана шу улкан ҳудудни эгаллаган вилоятдаги ички хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳарча қўрғонларини, қишлоқ ва овуллар кўчаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича бош буюртмачи функциясини амалга ошириш белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда ­амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижроси бўйича “Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонасига дастур доирасида туманлар марказидан қишлоқларга борадиган йўлларни таъмирлаш ва туманлар марказий кўчаларига асфальт ётқазиш бўйича буюртма берилди. Вилоятимиз туманлари кесимида 9 та туманда ва 16 та маҳалла фуқаролар йиғини ва овул фуқаролар йиғинларида 343 километр ички йўллар 118 036,0 миллион сўм қийматида жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, бу буюртмалар пудратчи ташкилотлар томонидан режадагидан ортиғи билан бажарилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш йўл-транспорт инфратузилмасини муҳандислик коммуникациялар тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосида аҳолининг турмуш маданиятини ошириш, оғирини енгил қилиш, кўчаларни кенгайтириш, йўллар равонлигини ошириш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Жорий йилда республикамизда “Обод маҳалла” дастурини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги (“Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 10-сонли баёни) дастурга асосан ҳозирги кунда вилоятимизда 14,2 километр узунликдаги 12 194,7 миллион сўм қийматида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Ушбу дастурга Навоий шаҳридаги Жанубий, Бинокор, Янгиариқ, Зарафшон шаҳридаги Алишер Навоий, Ёшлик маҳаллалари киритилган.

Вилоятимиз йўлчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига тўйга тўёна деганларидай бир қанча объектлар фойдаланишга топширилди, жумладан, Навоий шаҳрининг марказий кўчаларида транспорт воситаларининг тирбандлигини камайтириш мақсадида И.Каримов кўчасини 1 километр масофада реконструкция ишлари тўлиғича бажарилди. Бунга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 15.723.4 миллион сўм харажат қилинди.

“Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича режалаштирилган 90,1 километр йўлни асфальтлаштириш ишлари амалга оширилди ва 249,5 километр йўлга шағал ётқизилиб, йўллар сифатли таъмирланди. “Обод маҳалла” давлат дастури бўйича эса 19 километр йўлларга асфальт ётқизилди.

Вилоят туманлари ички йўлларини таъмирлаш бўйича 65,8 километр режалаштирилган эди. Шундан 26,6 километр йўлга асфальт ётқизилди, 39,2 километр йўл шағал билан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Айни пайтда корхона муҳандис-техник ходимлари томонидан 2020 йилда вилоят йўл соҳасида амалга оширилиши режалаштирилаётган Давлат дастурини шакллантириш учун барча туманлардаги ички йўлларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича хатлов ишлари олиб борилмоқда. Бу Президентимиз томонидан имзоланган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурларининг изчил ­амалга оширилаётганлиги ҳамда юртимиздаги улкан бунёдкорлик ишларининг амалдаги ­ифодаси, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Биз обод қишлоқлар, обод маҳаллалар ва равон йўллар ­учун доимо халқимизнинг хизматидамиз.

 

Меҳриддин СУВОНОВ,

“Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК директори,

Тилав БОБОЕВ,

корхона бош юрисконсульти