-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Аёлда ор ва ғурурнинг йўқлиги миллат фожиасидир (2019 йил, 38 сон)

27.09.2019

ОЛЛОҲ аёлни муқаддас қилиб яратди, бардошини гулдан эмас, тошдан, меҳрини туп­роқдан эмас, қуёшдан қилиб яратди. Елкасига нимаики юкни юклаган бўлса, албатта, уддасидан чиқишига ишончни қўшиб яратди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай даврда, ҳар қандай замонда, ҳар қандай жамиятда аёлга энг муҳтарама зот — Она сифатида эҳтиром кўрсатилган. Аёлнинг елкасида қанча юку, қанча масъулият борлигини барчамиз яхши биламиз. Аёлнинг масъулиятсизлиги, эътиборсизлиги, беорлиги нималарга олиб келиши мумкинлигини ҳам жуда яхши тушунамиз.

Ва худди шу ўринда аёлнинг юқоридаги фазилату сифатларига қарама-қарши бўлган хунук қиёфаси ҳам борлигини инкор эта олмаймиз. Замондошларимиз орасида оналикдан маҳрум қилинган она, аёл — товламачи, фирибгар, ахлоқ кўчаларидан узоқлашган хиёнаткор, аёл — жиноятчи деган тавқи лаънатларга лойиқ хотин-қизлар ҳам афсуски оз эмас.

Бугун жамиятдаги оғриқли нуқ­таларнинг янада катталашаётганлигига аёлларимизнинг айнан ана шу кирдикорлари сабабчи ­эмасмикин, деб ўйланиб қоламиз.

Оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги кенг кўламли ишларга қарамасдан остонаси тиллодан уйлар нега вайрон бўлмоқда? Замонлар зайлини кўтарган, оғир савдоларни бошдан ўтказган момоларимиздаги сабр-тоқатлар, меҳру оқибатлар қаёқда қолди?

Ўз боласини, ўз танасини пулга сотаётган аёллар ўзбек эмас, деб инкор қилгимиз, жар солгимиз келади. Минг афсуски, пешонамизга урилаётган зарбаларни, зардаларни кўриб, ерга қараймиз, мулзам бўламиз... Бу иллатлардан қутулишга наҳотки қодир эмасмиз?

Ижтимоий тармоқларда кўрсангиз кўзингизни кўр, эшитсангиз қулоғингизни кар қиладиган воқеалар — аёлларнинг ҳақоратларга тўла жангларидан, ҳатто эркаклар ҳам уятдан ёқа ушлайдиган бўлди. Миллат шаънига иснод келтирадиган бундай шармандали манзараларни ижтимоий тармоқларга жойлаштираётган орсиз, ғурурсиз миллатдошларимизнинг танобини тортиб қўйиш учун нега кучимиз етмаяпти? Ёки миллатимиз аёлларининг юзи қора бўлиши кимларгадир керакми?

Аёллар нега бу қадар қуюшқондан чиқиб кетди? Нега баъзи амалдорлар, ҳатто ҳокимларни ўзларига қўшиб, шармандаю шармисор қилаётган, турли тармоқларга беҳаё видеоларни жойлаштириб, бош кўтариб юрган аёллар ўзбек аёли номига катта иснод келтириб, миллатимизни бутун дунёга шарманда қилаётганлигини тушунтириб қўя олмаяпмиз?

Нега кенг жамоатчилик бунга томошабин бўлмоқда? Бехосдан бировга озор берган, жаҳл чиққанда ақл кетиб, бир ножўя сўз айтган ­одамни суднинг қора курсисига ўтиришга мажбур қиладиган қонунларимиз, миллат шаънига доғ тушираётган бундай беҳаёларга ҳуқуқий чора кўришга ожизми?!

Интернет тармоқларида, ҳатто илон ҳам пўст ташлайдиган чиркин изларини қолдираётган бундай замондошларимиз миллат шаъни — ­аёл сўзида, миллат ори — аёл кўзида эканлигини, аёлда ор ва ғурурнинг йўқлиги миллат учун катта фожиалигини қачон тушунаркин?

 Зарафшон шаҳри кўп миллатли шаҳар. Салкам йигирма йил шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, ­“Оила” маркази директори сифатида қирқ мингга яқин хотин-қизларнинг, минглаб оилаларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлдим. Авваллари аёллар бирор дардини айтиш учун қабулимизга келса, ҳатто ёрдамчимнинг ёнида ҳам оилавий сирини ошкор қилишга ийманарди. Иложи бўлса холи қолгач, минг истиҳола билан ерга қараб маслаҳат сўрарди. Бугун-чи, бугун? Айрим аёлларнинг ўзини тутишлари, қилмишлари уларга билдирилган ­ишончлар, кўрсатилган эҳтиромлар, берилаётган имтиёзлар ҳайф, деган хулосаларга келишга мажбур қилади одамни.

Бир вақтлар бутун Шарқу Ғарбда ўзбек аёлига ҳурмат билан қараганлар бугун турли интернет тармоқларида ўзини шармандаю шармисор қилиб юрган аёлларимизга, асрлар давомида ўз маънавияти ва маърифати, одобу ахлоқи билан ўрнак бўлиб келган миллатимизга қандай баҳо беришини нега жиддийроқ ўйлаб кўрмаяпмиз? Бу масала шундайлигича қолмаслиги, бунга тегиш­ли чоралар кўрилиши ва бундай иснодга чек қўйилиши зарур!

 

Зулхумор ЖЎРАЕВА,

Зарафшон шаҳри “Юлдуз” маҳалласи фаоли