-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Не келса бошингга тилингдан келур...” (2019 йил 41 сон)

18.10.2019

ХАЛҚ қўшиқларидан бирида шундай сатр бор. Инсон равон нутқи, жозибали ва таъсирчан талаффузи билан кўп нарсаларга эришади, бунинг акси бўлса, кўп нарса йўқотади. Тилшунос олимлар тирик жоннинг ҳаёти учун сув ва ҳаво қанчалик зарур бўлса, нутқ ҳам инсон учун шундай мақомга эгалигини таъкидлашади. Нутқ, талаффуз шундай буюк қудратга эгаки, унинг воситасида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ.

Она тилида, шу билан бирга бошқа тилларда мукаммал сўзлай оладиган, фикрини тиниқ ­ифода этишга қодир кишилар фазилат бобида комилликка яқин турадилар. Улуғ аждодларимиз бир эмас, бир неча тилларни ­эгаллаб, шу тилларда баракали ижод қилган, ўзга тиллардаги ноёб китобларни мутолаа қилиб, келажак насллар учун бебаҳо маънавий мерос қолдирган. Бу хазинадан бугун ҳам илм, ­зиё аҳли фойдаланиб келмоқда. Бундай мақомга эга бўлиш учун, биринчи навбатда, қулоғига азон, алла айтилган она тилига ҳурмат билан қарамоқ, уни асраб-авайламоқ зарур бўлади.

Ҳаётдан маълумки, ўйламай-­нетмай айтилган биргина сўз, беҳаё бир ибора оилани барбод қилиши, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғни бир-бирига тескари қилиб қўйиши мумкин. Бунга мисоллар кўп. Миллат шаънига ботадиган, ғурурига тегадиган ­асоссиз айблов ёки таҳқир боис халқлар, мамлакатлар ўртасига раҳна солингани, жангу жадалларга сабабчи бўлгани ҳам сир эмас. Гоҳо бир-бирини мутлақо танимаган, мулоқотда бўлмаган икки киши гўзал бир лутф, самимий табассум, ширин муомала боис қадрдон бўлиб кетади. Бирор ­асарни ўқиётган ўқувчи қаҳрамонларнинг ибратли ўй-фикр­лари, яхши фазилатлари, эзгу ­амаллари билан танишар экан, уларга ғойибона меҳр қўяди, ­асар муаллифига нисбатан кўнглида ­илиқ туйғу пайдо бўлади.

Сўзнинг қудрати, тилнинг жозибаси боис шундай бўлади. Тан олайлик: кўп ҳолларда нотаниш мусаввирнинг ранглар жилосида акс этган жозиб фикрлари, санъаткорнинг сўзлаш одоби, воизнинг ифода маҳорати, олимнинг мантиқли мушоҳадалари таъсирида биз уларга беихтиёр мухлис бўлиб қоламиз.

Бола нутқини тарбиялаш ­оиладан, мактабдан, маҳалладан бошланади. Инсон нечоғлик узоқ умр кўрмасин, бу одобга ўрганишнинг адоғига етиб бўлмайди. Кичиклик чоғидан тўғри талаффузга, сўз ва иборалар, исмлар, жойлар, турфа хил номларни тўғри ифода қилишга ўргатилган, китоб билан дўст тутинган, халқ эртакларини кўп ва хўп ўқиган, саргузашт достонларини мириқиб тинглаган болаларнинг нутқи бошқа тенгдошларига нисбатан мукаммал, айни чоғда ширали бўлади. Машҳур таржимон Кибриё Қаҳҳорова болаларнинг нутқини тўғри шакллантириш учун қадимда уларнинг тилини қайровчи махсус матнлар ёдлатилганини кўп бор таъкидлар эди. Тил қотиб қолганидан кейин нутқда кўп муаммолар пайдо бўлади.

Нутқ тарбиясида болаларни кичиклик чоғидан эртак китобларни овоз чиқариб ўқишга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки эртак ўқиб катта бўлган бола билан китобларга ошно этилмаган болалар ўртасида жиддий фарқ бўлади. Бу фарқни наинки уларнинг нутқида, шаклланаётган характерида, тенгдошлари билан муомаласида, атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатида ва ҳатто, орзу-хаёлларида ҳам кўриш мумкин. Ёшлигида кўп китоб ўқиган, катталар овоз чиқариб ўқиганида, диққат билан эшитган болалар вояга етгач, бош­қаларнинг ҳам фикрини ­эътиборга оладиган бўлади.

Болалар тарбияси билан шу­ғулланувчи мураббийларнинг ку­затувича, бола нутқи ва ёзувининг қандай бўлиши кўп жиҳатдан оила аъзоларига, хусусан, ота-онага, боғча ва мактаб муаллимларига боғлиқ. Болаларни эркалаб, исмларини қисқартириб, бузиб айтиш, баъзи сўзларни ёқимли эшитилиши учун бош­қача талаффуз қилиш жиддий қусур ҳисобланади.

Яна бир ҳолат — биз кўпинча фарзандларимиз анча ул­ғайиб, яхши-ёмон, рост-ёлғоннинг фарқига бориб қолганини сезмай қоламиз ёки сезсак-да, бунга ­эътибор бермаймиз. Бола бўлгандан кейин катталарнинг олдида жим туриши, нима дейил­са, хўп дейиши, бетгачопарлик қилмаслиги лозим, деймиз. ­Улуғ аждодларимиз ҳам “Ақлли, фаҳм-фаросатли кишилар, айниқса, ёш­лар билимдонликларини ҳуда-­беҳудага пеш қилмайдилар, бош­қаларни кўпроқ эшитадилар, биров бир нимани сўрамагунча одоб билан сукут сақлайдилар”, деб таълим берган. “Сукут гоҳо каломдан улуғ”, деган ҳикмат ҳам бор. Бир қарашда, бу насиҳатлар шарқона одобга жуда мос, эътироз билдириш қийин. Аммо ҳамма нарсада бўлганидек, сукутда ҳам меъёр бўлиши зарур. Чунончи, болага ҳам гапириш, суҳбатга қўшилиш, фикрини билдириш имконини бериш керак.

Болалар тарбияси билан шу­ғулланувчи мутахассисларнинг йиллар синовидан ўтган фикри бу. Бола ота-онаси таъсирида оғзини очмай, фақат бошқаларни тинглаб, ким нима деса хўп дейиш­дан бошқага ўтмай улғайса, кейинчалик ҳаётда ўзини шахс сифатида намоён қилишга қийналади, фикрини аниқ ифодалаб беролмайди, боз устига бефарқ ва лаббайчи бўлиб қолади. Болани фикрлашга, мулоҳаза юритишга ўргатиш уни эътибор билан тинглашдан, гап-сўзларига, хатти-ҳаракатларига эътибор беришдан, енгил мунозараларга қўшишдан бошланади. Шундай қилинса, бола бундай муносабатни мукофотдай қабул қилади, катталар таъбири билан айтганда — кўнглида ўзига нисбатан дастлабки ишонч куртаклари пайдо бўлади. Ҳар бир рағбат, ҳар бир эътибор бу ишончни мустаҳкамлайди. Аксинча, болани бўлар-бўлмасга жеркийвериш, “гапга аралашма”, “оғзингни юм”, “нари тур”, “қачон одам бўласан ўзи”, “ҳе фалончи”, дея тенгдошлари олдида изза қилиш мурғак қалбини жароҳатлайди, гапирмаслигим керак, нари туришим керак, бундай қилмасам яхши одам бўла олмайман, деган тушунчалар мурғак онгига нақшланади ва кейинчалик шундай бўлади ҳам.

Нутқ ўз-ўзидан равон, оҳанг­дор бўлиб қолмайди. Чолғучи бирор куйни ўрганмоқчи бўлса, уни юз бор, минг бор ижро қилибгина муддаосига эришади. Мусаввир бир асар яратгунча қанча заҳмат чекади. Ҳеч ким бирданига Суқрот ёки Абдулла Қаҳҳор даражасига кўтарилмайди. Нутқ маҳоратини эгаллаш учун йиллар давомида тинимсиз машқ қилиш керак. Қадимги юнон нотиғи Демосфен ўзининг паст, ҳазин овозини яхшилашга жазм қилиб, ертўлага тушар экан-да, ертўла шифтига ўткир тиғли ханжарни осиб қўйиб (бошини димоғдорона баланд кўтармаслик учун) узлуксиз машқ қилар экан. Ўзимизнинг карнайчилар машқ қилсалар, бу асбобнинг ҳали қиёмига етмаган беўхшов овози маҳаллани безовта қилмасин, дея карнайнинг оғзини кўрпа остига олиб пуфлашади. Бу усул нотиқликка тўғри келмайди.

Хон Феруз мақом куйларини бузиб ижро этган машшоқларни жазолаган. Пётр I замонида нутқи норасо кишиларга ўқитувчилик қилишга рухсат берилмаган. Чунки ўқитувчи нутқидаги камчилик у тарбиялаётган болаларга ҳам ўтади. Демак, нутқимиздаги норасоликлар эртага фарзандларимизга кўчишини билиб туриб, бу муаммога бефарқ бўлсак, ўнглаб бўлмас хатога йўл қўйган бўламиз.

Бугун кундалик ҳаётимизни телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар, турли йиғинлар, машваратлар, баҳс-мунозараларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар куни турфа даражадаги нотиқларнинг, жамият ҳаётида ижтимоий фаоллик кўрсатаётган кишиларнинг суҳбатларини тинглашга тўғри келади. Таассуфки, уларнинг ҳаммасида ҳам нутқ маҳорати, талаффуз қоидаларига тўла риоя қилинмайди. Она тилимизга хос бўлган нозик, бетакрор ибораларни, халқ донишмандлиги ифодаси бўлмиш мақол ва маталларни, таъсирчан ташбеҳларни ўринсиз ишлатиш, маъносини бузиб талқин қилиш асабингизга тегади.

Кайковуснинг машҳур “Қобуснома” асарида нутқ ва муомала одобига алоҳида эътибор берилган. Асарнинг еттинчи бобида қуйидагиларни ўқиймиз: “Эй фарзанд, токи қила олсанг (яъни, қўлингдан келса), сўз эшитмакдин қочмағилким, киши сўз эшитмак била сухангўйлик ҳосил қилур... Ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир қисмидур. Ҳар кишига сўз айтар бўлсанг, қарағил, у сенинг сўзингга харидорму ёки харидор эмасму? Агарда уни сўзингга харидор топсанг, унга сўзингни сотғил. Йўқ эрса, ул сўзни қўйиб, шундоқ сўз дегилким, унга хуш келсин ва сенинг сўзингга харидор бўлсин”.

Кайковус одамларни тўрт тоифага бўлади: “Бири улким, билур ва билғонин ҳам билур. Ул олимдур, унга тобе бўлмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин билур, ул қобилдур, унга ўргатмоқ керак. Бири улдурким, билур ва билғонин билмас, ул уйқудадур, уни бедор қилмоқ керакдур. Бири улдурким, билмас ва билмағонин ҳам билмас, у жоҳилдур, ундан қочмоқ керакдур”. Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асарида тил одоби, яъни ўқиш ва билим олишда тилнинг аҳамияти, қисқа ва мазмунли сўзлаш, тилга ортиқча эрк бермаслик хусусида қуйидагилар баён қилинади: “Тил ақл ва билимнинг таржимонидир. Билки, кишини нуроний қилувчи восита очиқ ва мазмундор тилидир... Тил кишини иззатли қилади, киши тили билан бахтли бўлади. Тил арслондир, қара, у сени доим эшикда пойлаб ётади. Эй мағрур уй хўжаси, ҳушёр бўлки, агар тилингга ортиқча эркинлик берсанг — ўйламасдан сўзласанг — у бир кун эмас, бир куни ўз бошингни ейди...”. Абу Райҳон Берунийнинг фикрича, тил — сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимондир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади.

Она тилимиз, ундаги ноёб сўз ва иборалар, ҳикматлар, мақол ва маталлар асрлар давомида жуда катта ҳаётий тажриба асосида шаклланган, тўпланган ва сайқал топган бўлиб, бу нодир хазина, биз, биздан кейинги авлодлар ­учун нодир мерос ҳисобланади. Бу хазинадан баҳраманд бўлган буюк аждодларимиз ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккирлар дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшдилар, айни чоғда, ўзларининг буюк ­асарлари, илм-маърифатлари билан бу хазинани янада бойитиб, мақомини баланд кўтардилар.

Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган турмуш тарзи, орзу-умидлари, зулм ва истибдодга қарши курашлари, шу билан бирга, эзгу инсоний фазилатлари, бағрикенглиги, мард ва тантилиги, ҳақсўз ва меҳнатсеварлиги сон-саноқсиз мақол ва маталларда, ҳикматли ривоятларда ўз ифодасини топган десак, муболаға бўлмайди. Шу боисдан ҳам, тилга эътибор бериш, уни миллий бойлик сифатида севиб-ардоқлаш, бойитиш, келажак наслларга бутун таровати, завқ-шавқи билан етказиш бизнинг ­аждодлар руҳи олдидаги маънавий бурчимиз ҳисобланади.

Тил шундай бир боғки, ундаги ҳар бир ниҳол, ҳар бир ғунчанинг ўз ўрни бор, борди-ю улардан бири эътиборсиз, парваришсиз қолса, боғнинг кўрки бузилади, таровати сусаяди. Бинобарин, тилимиздаги ҳар бир мақол ва матал, сўз ва ибора ҳам худди шундай мақомга эга. Ҳикматли сўзлар, мақол ва маталлар, ривоят ва ҳикоятлар орқали биз узоқ ўтмишга назар ташлаймиз, халқимиз босиб ўтган машаққатли йўлдан хабардор бўламиз. Шу маънода, тилни бугунги кунни олис ўтмиш билан боғловчи маънавий кўприкка қиёслаш мумкин. Бу кўприк бизни эзгу амалларга, инсоний комилликка, саҳоватпешалик ва бағрикенгликка, ҳалол-покликка, шу билан бирга, яратувчиликка даъват этади.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ