-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлияда бир кун бўлди, кун бўлди!!! (2019 йил, 41 сон)

18.10.2019

Болажонлар учун унутилмас кун бўлди...

Бола хаёли:

— ИШ, яна иш... Бу иш деганлари қандай жой экан? Нега бу ерга ота-­онам доим шошилгани-шошилган? Балки мазза қилиб копток тепишар, балки катта телевизори бор хонада попкорн еб ўтиришар? Балки дўст ва дугоналари билан мазза қилиб суҳбатлашар? ­Уларни тергайдиган ўқитувчиси бўлмаса. Уйда дарс тайёрламаса. Кундалиги ҳам йўқ. Катта бўлиш бирам мазза. ­Ишлаш ҳам зўр-да. Бўлмаса ота-­онам ишига бунчалик шошилмасдилар.

Беғубор болалик тасаввурида ота-­онасининг иш жойи ҳақидаги илк тушунчалар шундай гавдаланган бўлиши табиий. Адлия вазирлиги болажонларга ишхона қандай жойлиги, бу ерда ота-­оналари нималар билан банд бўлишлари, умуман, вазирликнинг фаолияти қандай, қонунлар қандай ёзилиши, ким учун ёзилиши ҳақидаги тушунчаларини бойитиш учун кутилмаган ташаббусга қўл урди! Яъни, вазирликда “Оила куни” ўтказилди. Вазирлик эшиклари шу ерда фидойилик ва масъулият билан фаолият юритаётган ходимларнинг фарзандлари — “катта одамларга” — болажонларга очилди. Уларни Адолатхон ҳамда Одилбек рамзий образлари қарши олди.

Адлия вазирлиги масъ­ул ходими Шахноза Тўрахўжаева айтганидек: “Адлия вазирлиги жиддий ва совуққон ота эканини унутиб, меҳрибон ва қувноқ ­она қиёфасига кирди. Келиндек ясанди, онадек пишириб-куйдирди, опадек жилмайиб, сингилдек эркаланди: бағрини болажонларга очди”.

Болажонлар ота-оналарининг иш ўринларига ўтириб, “Адлия ходими қандай ­ишлайди?” деган саволга жавоб топ­дилар.

Шунингдек, бир асрлик тарихни ўзида жамлаган Адлия музейи билан танишдилар.

Айниқса, болажонларнинг вазирлик раҳбарияти билан учрашуви жуда самимий руҳда ўтди. Учрашувда болажонлар вазирга ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар, адлия органлари ва ҳуқуқшунослик ҳақида кўплаб янги маълумотларни билиб олдилар.

Ҳанифа — 12 ёш:

— Ойимнинг ишхонасини кўриш жуда завқли бўлди. Зерикишга вақт бўлмади. Айниқса, Адлия вазири билан учрашувимиз ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак. Шундай инсонлар бўлишимиз учун фақат аъло ўқишимиз, ишларимизни чала қолдирмасдан охиригача етказишимиз, доимо адолатли бўлишимиз кераклигини ўргандим.

Амирхон — 8 ёш:

— Дадамнинг ишхонаси энг зўр ишхона экан. Ҳам чиройли. Аввал ҳам келгандим, лекин бунақа шарлар, ранг­ли безаклар билан безатилмаган эди ­ўшанда. Бугун ҳамма жой ўзгариб кетибди. Байрамона экан. Ширинликлар билан меҳмон қилишди. Дадамнинг бош­қа ўртоқлари (ҳамкасблари демоқчи)нинг ҳам иш жойларини кўриб чиқдик. Айниқса, биринчи қаватдаги болалар оёқ излари бошлаб борадиган хонада “Бу ерда мўъжиза содир бўлаяпти” (ёзув рус тилида ёзилган) деб ёзилган ёзувли хона менга жуда ёқди. Биз учун аталган шоу дастур ҳам зўр бўлди.

Таниқли санъат ва спорт юлдузлари билан учрашувлар ҳам болажонларни бефарқ қолдирмади. Ўзбекистон Халқ артисти Гавҳар Зокирова таъкидлаганидек: “Бола балиқ ейишни яхши кўрса, ота-оналар уларга ҳар куни балиқ сотиб олиб келишлари эмас, балки балиқни қандай тутиш кераклигини ўргатишлари зарур. Бугун ота-оналар ўз болаларига минг марталаб яхши ўқи, деб насиҳат қилгандан кўра, яхши ўқисанг шундай жойларда ҳурмат-иззатда ишлашинг мумкин, деб айни мисолларда кўрсатгани болаларнинг бир умр ёдида муҳрланиб қолади. Бу уларга ўзига хос мотивация бағишлайди”.

Мирзоҳид — 6 ёш:

— Дадамнинг ишхонаси менга ёқди. Мен ҳам шу ерда ишлагим келаяпти. Лекин дадам менга аввал мактабга боришинг керак, ўқишларни аъло баҳоларга тугатсанг, яхши ўқисанг, албатта, шундай жойларда ишлашинг мумкин, деди. Болалар учун сайт бор экан (bolahuquqi.uz ни айтаяпти). Уйга борганимда дадам билан бирга шу сайтдан билим ўрганаман энди. Яна эртак қаҳрамонлари бизни ўйнатди. Кунимиз мароқли ўтди.

Байрам турли интерактив ўйинлар, интеллекту­ал 
викториналар билан ­янада бой мазмун касб этди. Викторина ғолиб­ларига вазирликнинг эсдалик совғалари топширилди.

Хулоса ўрнида, Адлия вазири Руслан­бек Давлетов ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида ёзган қуйидаги жумлаларни келтиришни ўринли деб билдик: “Ўйлайманки, бу кун болажонлар, қолаверса, ходимлар хотирасида ­узоқ вақт муҳрланиб қолади. ­Ажаб эмаски, улар орасидан келажакда юқори даражадаги кадрлар, адлия
вазирлари, генераллар, ­етак­чилар, ­адолат ҳимоячилари етишиб чиқади. Бугунги тадбир шунга кичик бир туртки берса, хурсанд бўлар ­эдик. Бу тадбирларни келажакда мунтазам ўтказиб борамиз”.

Хуллас, адлияда бир кун бўлди, кун бўлди!!! Болажонлар учун унутилмас кун бўлди...

 

Дилфуза ЭРГАШЕВА,

“Инсон ва қонун” мухбири