-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

#ФЛЕШМОБ (2019 йил, 41 сон)

18.10.2019

ПОЙТАХТИМИЗНИНГ Олой бозори мажмуаси шу йил 12 октябрь тонгида аҳоли янада гавжум масканга айланди. Бу ерга харид ниятида ташриф буюрганлар кўтаринки руҳда ўтаётган тадбирнинг устидан чиқишди. Кўпчилик “нима бўлаяпти ўзи бу ерда”, дегандек тушунмайгина воқеа жойидан ўтиб бораяпти. Аммо муҳими бу эмас. Муҳими ана шу ўтиб кетаётганларнинг асосий қисми, айтайлик, ҳуқуқий билимга эҳтиёжмандлиги сабабли ўтказилаётган тадбирга қизиқиш билдиргани, бевосита унинг турли шартларида иштирокчига айланганидадир. Биз Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган “Ҳуқуқий ахборот куни” флешмоб акцияси ҳақида гапираяпмиз.

Флешмобни уюштиришдан мақсад аҳолининг ҳуқуқий онгини ­ошириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашдир. Босма ва интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар орқали бу вазифа талабга мос равишда ­амалга оширилаётган бўлса-да, юзма-юз туриб ҳуқуқий билим ва маслаҳатларга эга бўлишнинг ўрни бўлакча экан. Бу айни амалиётдан бир лавҳа дегани. Айтиб ўтиш жоиз, бир неча йилдирки, “Ҳуқуқий билимлар куни” пойтахтимиз, барча вилоят ва туманларда ўтказиб келинаяпти.

Тадбирга элимиз суйган таниқли санъаткорлар, маданият ва санъат таълим муассасаларининг ёш истеъдодли вакиллари ташриф буюргани, улар ўз чиқишлари билан барчага хуш кайфият улашганини гапирмаса ҳам бўлади. Уларсиз байрам байрамдек бўлмасди, албатта. Айниқса, ёшларнинг куй-қўшиқлар завқи-шавқида тадбир шартларига қизиқишлари янада ортиб борарди. Юридик коллеж ва Юнусобод туманининг бир қанча мактабларидан ўқитувчилари ҳамроҳлигида келган ўқувчилар тест синовлари ва викториналарда фаол иштирок этишди. Яхши натижа кўрсатганларга ад­лия бошқармасининг 1000 дан ортиқ эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Юнусобод туманидаги 5-мактаб 10 “Б” синф ўқувчиси Ширин Бўстонова ўз таассуротларини шундай баён этди:

— Ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Шу ниятда ҳуқуқ ва тарихга оид фанларни чуқур ўзлаштираяпман. Ҳозир тест ечиб, яхши натижа кўрсатганим учун мени тақдирлашди. Билимларимни синовдан ўтказиб олдим, десам бўлади. Тошкент давлат юридик университетига ўқишга топшириш учун қай даражада тайёрлигимни ўзим учун билиб олдим. Бу ерда жуда кўп ўқувчилар тест ишлаб викторинада қатнашишга қизиқишаяпти. Чунки улар учун ҳам энг муҳими менга ўхшаб ўзларини баҳолаб кўришдир. Тадбир менга жудаям ёқди.

Ёшлардан ташқари бошқа катта-кичик фуқаролар учун ҳам флешмобнинг жуда аҳамиятли бир томони бўлди. Гап шундаки, тадбирга нотариуслар, адвокатлар, давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ органларидан вакиллар иштирок этишди. Уларнинг асосий иши фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш эди ва буни уддалашди ҳам. Тадбир сўнггида жамланган маълумотларга кўра, улар томонидан 100 дан ортиқ шахсларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Маҳфуза МИРБАБАЕВА,

Юнусобод туман ФҲДЁ бўлими мудираси:

— Кун давомида фуқароларимиз жуда кўп муаммолари билан мурожаат қилишди. Улардан бири фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаганини айтиб, энди нима қилиши ва қаерга мурожаат қилиши ҳақида маслаҳат сўради. Маълум бўлишича, бола туғилган пайтда онанинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган. Табиийки, бундай ҳолатда туғуруқхона уларга туғилганлик тўғрисида маълумотнома бермаган. Ҳозирда эса бу ҳолат ­ота-онанинг фарзандига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишида муаммоларни юзага келтираяпти. Оила кодексининг 215-моддасига ­асосан, фарзанд туғилса ота-­она қаерда доимий рўйхатда турган бўлса ўша ердан ёки бўлмаса туғуруқхона жойлашган ҳудуддаги ФҲДЁ бўлими орқали туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириш мумкин. Биз фуқаро билан гаплашганимизда билдикки, она Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмас экан. Шу сабабли уларга туғуруқхона жойлашган ҳудуд, яъни Олмазор туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишлари кераклигини тушунтирдик.

Демак, бу ҳолатни фуқароларимизга эслатма тарзида таъкидласак бўлар экан, агарда фарзандингиз Тошкент шаҳрида туғилса-ю, сизда Тошкент шаҳар пропискаси бўлмаса, у ҳолда сиз туғуруқхона ҳудудидаги ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Яъни, ­Оила кодексига биноан, маълум ҳудудда доимий рўйхатнинг мавжуд эмаслиги туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олишда моне бўлолмайди.

Флешмоб давомида жуда кўп фуқаролар ҳуқуқий маслаҳатларга эга бўлдилар. Нотариус ва адвокатнинг столидан деярли одам ­аримади.

 

Азиз НЕЪМАТОВ,

Юнусобод тумани:

— Анчадан бери мерос масаласида бир муаммога дуч келаётган эдим. Ҳозир нотариус қабулида бўлдим ва саволларимга керакли жавобларни олдим. Шу масала ­юзасидан бўладиган суд жараёнида иштирок этиш учун адвокатдан муҳим маслаҳатларни олдим. Аслида йўл-йўлакай ўтиб кетаётиб, қандай тадбир экан, деб бир мўралагандим. Мана, ўзим учун, айни пайтда муаммоли вазиятим учун бир талай маълумотларга эга бўлдим. Тадбир менга жуда маъқул бўлди.

Акция давомида қатнашчиларга қонунчиликдаги янгиликлар, аҳоли учун қизиқарли ва фойдали бўлган ҳаётий масалалар, нотариат, давлат хизматлари, интеллектуал мулк, тадбиркорлик соҳалари бў­йича маълумотлар берувчи 2000 дан ортиқ тарқатма материаллар тарқатилди.

Тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар бандлик бош бош­қармаси, Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда пойтахтимиз тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари, корхона ва ташкилотларнинг бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳам ўтказилди.

Флешмобда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатидан ҳам вакиллар иштирок ­этди.

Маълум бўлишича, акцияда 10000 га яқин фуқаролар қатнашган.

 

Мадҳия АВАЗОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири