-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Сарсон бўлган тадбиркорлар Бош вазир қабулхонасидан нажот топди (2019 йил, 41 сон)

18.10.2019

МАМЛАКАТИМИЗДА бугун тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар энг долзарб мавзулардан бирига айланган. Аҳолининг энг илғор қатлами ҳам бугун ана шу соҳа вакиллари эканлиги барчага аён. Аммо, кўплаб ҳудудларда тадбиркорнинг ҳуқуқи у ёки бу кўринишда топталалаётгани қулоққа чалинаяпти. Ҳали тадбиркорнинг ери тортиб олинаяпти, ҳали дўконига кўз олайтиришмоқда, ҳали ҳокимлик қарорлари туфайли тадбиркорнинг бутун бошли бизнеси “тўхтаб қолиб”, касодга учраган ҳолатларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Аслида тадбиркорлик қилишнинг ҳам минг машаққатлари, катта синовлари бор.

Тадбиркорлар мурожаатлари учун алоҳида қабулхоналарнинг ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Авваллари уларнинг шикоятлари ўрганилиши ва муаммоларининг ечими шу қадар чўзилардики, гўё бу ёзишмаларнинг охири йўқдек эди. Бир шикоят пойтахтгача бориб, яна қайтиб келиб, ўша ҳудуднинг ўзида ечими топилгунча, тадбиркорнинг “она сути оғзига келарди”. Мабодо, бирор амалдор билан иш битмаётган бўлсак-у, Худо урди, деяверинг. Айниқса, банк, ҳокимликлар, кадастр хизматидагиларнинг ёнига яқин йўлаб бўлмасди. Банкир дегани “откад”ини олмаса кредит бермасди... Ҳокимият эса чорасиз тадбиркорнинг елкасига “ҳомийлик” атамаси билан катта маблағни юкларди, “хайр-саховат” кўрсатишнинг энг юқори поғоналарига чиқишни талаб қиларди. Кадастрдагиларнинг-ку минг бир ҳийлалари борлигини айтмасак ҳам бўлади...

Хўш, бугунги кунга келиб нима ўзгарди? Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган Бош вазир қабулхоналари давлат хизматлари марказлари биноларида ўз фаолиятини бошлади. Авваламбор, тадбиркорлар арз-додлари бўйича у ташкилотдан бу ташкилотга югурмасдан, ҳудудлардаги Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига мурожаат қилмоқда. Ўзи тадбиркорга пул, ер берилса, сўнг чўнтагига бегона қўл солмаса бўлгани, яъни молиявий жиҳатдан эркин бўлса бас.

— Бугун мазкур қабулхонага тушаётган мурожаатларнинг аксарияти худди шу масалада, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Навоий вилоят қабулхонаси мудири Дилшод Ширинов. — Масалан, қабулхона ишга тушгандан буён жами 726 нафар тадбиркор ўз муаммолари ечимини излаб мурожаат қилган. Уларнинг 296 нафари банк кредит маблағлари ­ололмаётгани хусусида, 122 нафари ер, кадастр, архитектура ва қурилиш масалаларида муаммолари борлигини айтиб мурожаат қилишган. 308 нафари бошқа масалалар бўйича турли тўсиқ ва муаммоларга дуч келганлигини билдирган.

Мурожаатларнинг натижаси, ечими ҳақидаги рақамлар ҳам оз эмас. Ҳар ҳолда 680 нафар тадбиркор ўз бизнесига соя солаётган муаммоларга ечим топганлиги кўнгилга анча таскин беради. Уларнинг 282 нафари банк кредитлари бўйича, 115 нафари ер кадастр ҳужжатлари бўйича, 283 нафари эса бошқа масалалардаги мурожаатларига ижобий жавоб олган. Хуллас, тадбиркорларнинг мурожаатлари бўйича ҳал ­этилган масалалар 93 фоиздан ошган. Аммо шу ўринда айтиш жоизки, ҳали масаласи ҳал бўлмаган тадбиркорлар ҳам бор. Улар 46 нафарни ташкил этаяпти, мазкур мурожаатлар тақдири ҳам ижобий ҳал этилишига умид бор.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, карманалик Худоёр Мардонов қишлоқ хўжалиги йўналишида тадбиркорлик қилиш учун чорва молларини кўпайтириш истагида “Сармиш” ширкат хўжалиги далаларида чорва боқишни, боғдорчилик қилишни ният қилганди. Айни кунда Ганжак қишлоғида 1 гектар ерда ёнғоқ, бодом ва ўрик кўчатларини парвариш қилмоқда. Аммо бизнесини кўп тармоқли қилиш режаси билан Қозоғис­тондан зотдор моллар олиш мақсадида вилоят “Халқ банки”га кредит олиш учун мурожаат қилганди. Банкнинг эса баҳонаси асло тугамайди. Ҳали “лимит” тугаган, ҳали банк фоиз ставкалари жуда баланд. Хуллас, тадбиркор кредит маб­лағларини олиш учун икки йил умрини сарфлади, қачонки, Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилгандан сўнг кредит муаммосига барҳам берилди. Тадбиркорнинг таъкидлашича, мабодо вақтида кредит ажратилиб, шу қорамоллар аввалроқ олинганида, ҳозир уларнинг сони анчага ортган бўларди.

Худди шундай тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган Саодат Расулова ҳам Навоий шаҳрида метални қайта ишлайдиган цех очиш учун жуда кўп югурди. Ер ажратиш ­учун шаҳар ҳокими қарори бир йил деганда чиқарилди. Ва яна шунча вақтини электр энергияси ­олиш учун сарфлаган тадбиркорнинг иши Бош вазир қабулхонасига мурожаатидан сўнггина “Навоийазот” корхонасининг ҳамкорлиги билан ижобий ҳал этилди.

Хуллас, муаммолар гирдобидан қочиш учун югуравериб “она сути оғзига келган” тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонасидан нажот топмоқда.

 

Маруса ҲОСИЛОВА,

 “Инсон ва қонун” мухбири