-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тилини ҳимоя қилган ўз Ватанини ҳимоя қилади (2019 йил, 43 сон)

04.11.2019

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ рамзи, миллатимиз шаъни ва фахру ифтихори саналган она тилимизнинг ўттиз йиллик санасини ҳар қачонгидан ҳам кўра, кўтаринки руҳ билан нишонладик. Очиғи, кўксимизни тоғдек кўтарган, бошимизни осмонга етказган сабаб­лардан бири Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Рес­публикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган қутлуғ санага бағишлаб ўтказилган тантанада 21 октябрь кунини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниши бўлди. Халқимиз узоқ кутган бу хушхабар чексиз қувонч, шукроналик билан кутиб олинди. Юртбошимизнинг нуфузли хорижий давлат арбоблари ва меҳмонлари иштирок этган мазкур анжуманда: “Кимда ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини билмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни ­эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”, дея баралла айтган сўзлари миллий ғуруримизни янада ошириб, неча минг йиллик қадриятларимизни қалбимизга янада чуқурроқ жойлади.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон бу ёруғ дунёда кўз очиб, эшитадиган энг ширин, энг эзгу калом она алласи ўз тилимизда янг­райди. Шу тил орқали ҳаётий зарур бўлган билим ва тушунчалар онгу шууримизга сингади, инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари, тафаккуримиз тил воситасида шаклланади, жонланади. Ҳар биримиз болалигимизда неча юз йиллар, асрлар оша, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган халқ достонлари, эртаклар, лапар ва ўланлар, ҳикматли нақлларни боболаримиз ва момоларимиз тилидан эшитиб улғайдик. Шу аснода қалбимизда жасорат, фидойилик, она заминга меҳр-муҳаббат, элу юртга садоқат каби инсоний туйғулар шаклланди.

Она сути билан тилимиз чиқади, она тилимиз орқали Алпомишнинг мардлиги, Жалолиддиннинг ватанпарварлиги руҳиятимизни юксалтиради, Алишер Навоийнинг “Хазойин-ул маоний”си дунёқарашимизни кенгайтиради, Фурқатнинг ғазаллари элу юрт қадрини англатади, “Бобурнома”, “Ўткан кунлар” тарихимиз билан яқинлаштиради. Фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, она тилимиз — ўзбек тили кўп асрлар давомида дунё цивилизациясига, умумбашарий қадриятлар ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Қутадғу билиг” асарлари, Ҳазрати Аҳмад Яссавийнинг бебаҳо ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Хазойин-ул маоний”си, Бобур Мирзонинг “Бобурнома”си, Бобораҳим Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби буюк аллома ва адибларимизнинг ўлмас асарлари нафақат миллатимиз, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, инсоният маънавиятининг сарчашмаси саналади.

Яна бир хушхабар, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса бир қувончимизга ўн қувонч қўшди, мустақиллик шукуҳини баралла ҳис қилдик. Айниқса, “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тутиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир”, деган даъвати эртанги кунимиз ­эгалари бўлмиш фарзандларимиз учун ­ўзига хос бетакрор маънавий-ахлоқий тарбия мактаби вазифасини ўташи тайин.

Шу ўринда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Эрларда жамол лисон ва тилдадир”, деган муборак сўзларини эслаб ўтиш жоиз. Бу муборак калом инсон комиллиги унинг тил ва нутқ маданиятида намоёнлигидан далолатдир.

Юқоридаги анжуманда яна бир ҳақиқат, “Аввало, бундан ўттиз йил муқаддам қабул қилинган ”Давлат тили ҳақида”ги Қонунни бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, такомиллаштириш зарурияти...га” эътибор қаратилди. Зотан, узоқ йиллар давомида миллий ғуруримиз ва ўзлигимизни аста-секинлик билан қуртдек кемириб келаётган иллатни ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида наинки кўрсак-да кўрмасликка, сезсак-да сезмасликка олдик, илла ўзимиз унга имконият яратиб берганимиз рост. Шу нуқтаи назардан Юртбошимизнинг юқоридаги Фармон ва даъвати халқимиз дардига малҳамдек бўлди.

 

Тилга ҳурматсизлик ўзликка ҳурматсизлик

Ўз тилини йўқотган миллат ўзлигидан маҳрум бўлади, маънавий заволга, таназзулга юз тутишини жафокаш халқимиз жуда яхши билади. Чор Россиясининг “Бирор миллатни йўқ қилмоқчи бўлсанг, аввало, ­унинг тили ва маънавиятини йўқотмоқ керак”лигига қаратилган салкам бир асрлик уринишлари асорати бугунги кунимизда ҳам манаман, деб ўзини кўрсатиб турибди. Зотан, собиқ мустабид даврда тарихимизни атайлаб бузиб кўрсатилиши, буюк аждодларимизнинг дунё тан олган бебаҳо илмий, маънавий меросини йўқотишга ­уриниш, она тилимизнинг камситилиши, хат-саводли, зиёли кишиларимиз қатағон қилинишлари замирида ҳам айнан мана шу мақсад ётган эди-да.

 Халқимиз, миллатимизнинг фидойи ва зиёли фарзандлари она тилимизга давлат тили мақомини бериш йўлида матонат кўрсатилди. Турли тўсиқларга қарамай, 1989 йилнинг 21 октябрь куни, ҳали собиқ мустабид тузум ҳукмронлиги тугамаган пайтда мамлакатимизда ўзбек тили давлат тили, деб эълон қилинди. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби қатори муқаддас тимсолига айланди.

 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Асосий Қонунимиз — Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясида ва “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунда ўзбек тили давлат тили сифатида белгилаб берилди. Аммо айтсак тилимизни ҳам, айтмасак дилимизни ҳам куйдирадиган, “аммо...”ларга асло кўз юмишнинг иложи йўқ. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳифзи Лисон” асарида... “Биз туркистонликлар миллий тилни сақламоқ бир тарафда турсун, кундан-кунга унутмоқ ва йўқотмоқдадурмиз”, — дея бир аср муқаддам чеккан ташвишлари, билдирган хавотири бугунги кунда миллатимизнинг янада долзарб муаммоси ва оғриқли нуқтасига айланиб, таъбир жоиз бўлса, миллатимизнинг 30 йилдан буён битмай келаётган очиқ яра бўлиб келди.

Бўғзимизда тош қотган бир савол жунбушга келиб, бизга тиним бермади. ­Она тилимиз Ўзбекистон давлат тили деб эълон қилинганига ўттиз йил бўлса-да, ўзбек тили том маънода ўз мавқеига ­эришолмаётганига нима сабаб бўлмоқда? “Маънавий қашшоқликми”, мустабид тузум асоратларидан ҳали-ҳануз қутила олмаётганимизми ёки... муайян бир мақсадга қаратилган, кўзга кўринмас сунъий тўсиқларми?....

 

Маданиятлилик белгисими ёки масхарабозлик?

 Расмий идораларда давлат тилига муносабат, бу борадаги саводхонлик қай даражадалигини билиш мақсадида айрим вазирлик ва ташкилот қабулхоналарига қўнғироқ қилдик. Жуда кўпчилик давлат ­идораларида телефон гўшаги кўтарилиши билан “Ассалому алайкум”, деган ҳам эзгу каломни эшитиб қувонган бўлсак, айрим ташкилотларда Ассалому алайкум, деган сўзимизга “по русский говорите, не понимаю”, деган жавобни эшитиб, мулзам тортдик. Нафсиламрини айтганда, эҳтиёж ва истак бўлса, чет тилини 30 кунда ўрганиш мумкин. Бу борада машҳур рус сайёҳи Миклухо Маклайнинг иқтидорига тан бериш лозим. Дунёга таниқли сайёҳ Амазонка чангалзорларида яшовчи одамхўр аборигенларнинг тилини бор-йўғи 5-6 кунда ўзлаштириб, шу орқали нафақат ўз жонини сақлаб қолган, балки ўша қабилада ҳурмат қозона билган. Зотан, сувини ичиб, нонини еб, тупроғини босиб юрган юртнинг тилига ҳурмат кўрсатиш ҳар бир инсоннинг ички олами ва маънавий қиёфасини кўрсатадиган кўзгудир.

Кўча-кўйда айрим ёшларнинг она тили билан ёт тилни аралаш-қуралаш қилиб, “Зуля знаешь, кеча қизиқ бир гап бўлди, эшитсанг умрёшь”, “Мам, уйга кечроқ бораман, ладно?”, “Бугун садикда родительский собрание бўларкан”, қабилидаги суҳбатларини эшитиб, очиғи уларнинг ўзбек эканлигидан уялиб кетасан киши. Уларнинг онгидаги бу каби маънавий қашшоқлик, саводсизлик, аввало, оила, ота-­она ва таълим-тарбия муассасасида олинган кундалик тарбиявий жараён маҳсули эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Бир қўшним бор, касби ўқитувчи. Мактабда болаларга таълим-тарбия беради. Ҳар гал у кишининг бешинчи қаватдаги деразасидан янграган овозини эшитганимда, “эссиз...” деган афсуснамо ўкинч кўнглимдан ўтади. “Жоҳа (Жаҳонгир) ­быстро домой, папанг чақираяпти. Жоҳа, домашний заданияни қилдингми? Жоҳа, почему шапкангни киймадинг”. Она-боланинг бундай ўзаро диалогидан нафақат Жаҳонгир, балки бу муаллимадан дарс олган барча ўқувчиларнинг эртанги маънавий қиёфаси яққол кўз олдимизда гавдаланади. Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университетининг профессори, ватандошимиз Азамат Акбаровнинг “Шахснинг нутқидан келиб чиқиб, унинг саводлилик даражасини билса бўлади”, деган сўзлари нечоғлик ҳаётий ҳақиқат эканлигига тобора амин бўламиз.

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларнинг аксарияти рус тилида олиб борилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Касб тақозоси билан мана шундай халқаро анжуманлардан бирида иштирок этдим. Таниқли давлат арбоби модератор суҳбат аввалини ўта назокат билан “уважаемые дамы и господа” билан бошлаб, тадбирни рус тилида олиб борарди. Сўз навбати америкалик халқаро экспертга келганда, у тадбир иштирокчиларидан нутқидаги айрим камчиликлар учун узр сўраган ҳолда ўзбек тилининг жозибаси ва қадимийлиги ҳақида икки оғиз гапириб, ўзбек тилида маъруза қилди. Бу ҳолат барча иштирокчилар учун жуда ёқимли эди. Шу ўринда кўпчиликда синхрон таржима борасида ҳеч қандай муаммо бўлмаган бир пайтда нега Ўзбекистондаги барча халқаро анжуманлар давлат тилида олиб борилмайди? Бугунги кунда зукко йигит-қизларимиз инглиз, япон, олмон ва бошқа чет тилларини мукаммал ўзлаштириб, юксак билим ва салоҳияти билан жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда. Ўзбек тилини кўплаб хорижликлар ўрганаётган, катта қизиқиш билдириб, ҳурмат қилишаётганда нега биз ҳамон ўзга тилга маданият белгиси, деб қараймиз? Қачонгача, ўзбек фарзанди бўлган бирор бир давлат арбоби ўзбекча маъруза қилса, қизил қор ёққандек қабул қиламиз?

Яна бир гап, таҳририятимизга респуб­ликамизнинг айрим нуфузли давлат идора ва ташкилотларидан келаётган расмий хатлар рус тилида битилганини қандай ­изоҳлашга ҳам ҳайронмиз. Бу ўз она тилида саводсизлик белгисими ёки давлат тилига ҳурматсизликми?

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири