-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Автомобиллар қандай экспертиза қилинади? (2019 йил, 43 сон)

04.11.2019

СУД автотехника экспертизасининг тобора кенгайиб бораётган имкониятлари тадқиқотларни янада чуқурроқ олиб бориш ва аниқ натижаларга эришиш имконини бермоқда. Бу, ўз навбатида, экспертизага тақдим этилган иш материалларини атрофлича ва тўлиқ ҳамда холисона кўриб чиқилишини янада мустаҳкамлайди. Натижада, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимларига йўл-транспорт билан боғлиқ ишлар бўйича асл воқеликни очиб беришга хизмат қилади.

Хадича Сулаймонова номидаги Рес­публика суд экспертиза марказининг суд автотехника экспертизаси лабораториясига суд экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун тақдим этилаётган иш материалларининг тадқиқот объектлари ва иш ҳужжатлари процессуал қонунда белгиланган тартибда бўлиши шарт. Суд автотехника экспертизасини тайинлаш ва ўтказишда айбланувчи (гумон қилинув­чи) нинг ҳуқуқларини таъминловчи қонун талабларига риоя қилинганлигига эътибор қаратилиши лозим. Бу талабларга риоя қилмаслик экспертлик тадқиқотларини ўтказишнинг процессуал қоидаларини жиддий бузилиши, деб айтишга асос бўлиб, экспертнинг хулосасини ишончсиз, деб топилишига ва қайта экспертиза тайинлашга асос бўлади.

Баъзан фактларни тўғридан-тўғри ­аниқлаш мумкин, масалан, ҳайдовчини ҳодисани олдини олиш техник имконияти ёки транспорт воситасида техник носозликни юзага келиши вақти аниқланади. Аксар вазиятларда эксперт хулосасида кўрсатилган ҳолатлар бундай фактларни аниқлашнинг воситаси бўлиб хизмат қилади, масалан, ҳодиса жойидаги транспорт воситасидан қолдирилган тормоз изларини ўлчаш.

Эксперт хулосасининг тўғрилигини белгилаш мураккаб. Хулосага тўғри ва ­асосланган баҳо бериш учун унинг шакли, мазмуни, тузилиши таҳлил қилинади ва эксперт аниқлаган фактлар бўйича йиғилган бошқа далиллар билан таққосланади.

Эксперт хулосаси бошқа далиллар билан тасдиқланиши унинг тўғрилигига ­ишонч пайдо қилади. Агар эксперт хулосаси ишдаги далилларга (ёки уларнинг айримларига) мос келмаса, бу мос келмаслик қайта экспертиза ўтказиш ёки тергов ҳаракатлари орқали бошқа далилларни текширишга асос бўлади.

Эксперт хулосасидаги якун аниқ ва лўнда бўлиши шарт, уларни турли тарзда талқин қилишга йўл қўйилмайди. Хулосанинг якун қисми тушунарли бўлиб, содда тилда баён этилган ва талқин этиш учун махсус билимларга эҳтиёж туғилмаслиги керак.

Сўнгги вақтларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига қаратилган Президент ва Ҳукуматнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди. Мазкур соҳани келгусида янада ривожлантириш, мавжуд суд экспертлик йўналишлари бўйича етакчи хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини кенг татбиқ қилиш, янги экспертиза йўналишларини очиш, экспертиза муассасасида яратилган меҳнат шароитлари, замонавий илмий-услубий ва моддий-техник база, малакали кадрларни танлаш ва тайёрлаш, уларни касбий малакаларини тизимли ошириб бориш, қўлланилаётган экспертлик услубларининг илмий асосланганлиги ва ишончлилигини ошириш бўйича мақсадли илмий тадқиқотларни ўтказиб бориш каби аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда Марказнинг САТЭ лабораториясида 4 та ихтисослик:

  • йўл-транспорт ҳодисаларини математик усуллар билан тадқиқот қилиш экспертизаси;
  • транспорт воситаларини ва уларнинг қисмларини баҳолаш экспертизаси;
  • суд-транспорт баҳолаш экспертизаси;
  • транспорт изшунослик экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинмоқда ва 2019 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида жами 1760 та экспертиза тадқиқотлари олиб борилди. Лабораторияда амалга оширилаётган ҳар бир экспертиза тадқиқоти асосли, холисона ва тўлиқ ҳажмда олиб борилиши, мазкур жараёнга суд экспертлик амалиёти ҳамда фан-техниканинг сўнгги ­ютуқларини татбиқ этиш бўйича амалий тавсиялар бериб боришда лабораториянинг кўп йиллик иш тажрибасига эга ходимларидан бош эксперт М.Маҳкамов ва етакчи экспертлар Р.Саматов, Қ.Умидиллаевларнинг илмий-услубий ёндашувлари, маслаҳатлари алоҳида ўрин тутиб келмоқда.

Ёрқин АДАШЕВ,

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза Маркази иш ўрганувчи эксперти