-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тилини ҳимоя қилган ўз Ватанини ҳимоя қилади (2019 йил, 44 сон)

09.11.2019

Мақоламиз давомида шуни айтмоқчиманки, айрим таниқли санъаткорларимизнинг турли теледастурлар ва ижтимоий тармоқларда чиқиш­ларини кўриб, уятдан юзимиз қизаради. Хусусан, санъаткорлар орасида “Халқ артисти”, деган юксак шарафни кўтариб юрган баъзи бир кимсаларнинг ўзбек тилини мутлақо билмаслиги ёки она тилимиз мезон меъёрларига риоя қилмаслик ҳолатларини нима, деб аташ, қандай баҳолаш мумкин? Уларнинг гап-сўзлари наинки адабий тил меъёрлари, балки оддий ўзбекона сўзлашув маданиятидан жуда-жуда йироқ, аралаш-қуралаш тиллардан иборат. Айрим кимсаларнинг битта соф тилда гапиролмайдиган масхараомуз мулоқотларини ўзларича маданият белгиси, деб билишлари ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳол.

Бизни эшитиб, кўриб турган неча минг сонли юртдошларимиз ва хорижликларга она тилимизга нисбатан фахру ифтихоримизни, ўзлигимизни ҳурматимизни қандай намоён этмоқдамиз? Албатта, чет тилини билиш маърифат ва билимдонлик белгиси эканлигини инкор қилмаган ҳолда, ўз она тилининг софлиги, қадр-қимматига беписандликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Уларга қарата улуғ аллома Абдулла Авлонийнинг “...Бизга нима бўлди? Боболаримиз етушғон ва яратган муқаддас тил ва адабиёт бизга камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак, йўқолганларни ҳам топармиз. “Йўқолса йўқолсун, ўзи бошимга тор эди”, деб Европа қалпоғини кийиб, кулгу бўлмоқ зўр айб ва уятдир”, деган сўзларидан бошқа ибрат топиш қийин.

 

Она тилим — жон қадар муқаддас, ширин

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда она тилимизнинг бетакрор ўрни ва аҳамиятига урғу берилганлиги бежиз эмас, албатта. Зеро, XVI асрда яшаб ўтган француз шоири Дю Белле айтганидек: “Она тилини ҳимоя қилиш ватанни ҳимоя қилиш билан баробар”дир. Бу ҳикматли сўзлар шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас ва ҳеч қачон ўз мавқеи, ўз аҳамиятини йўқотмайди ҳам. Халқимиз азалдан маърифатпарвар, илму фанга чанқоқлиги боис чет тилларини тез ўзлаштира оладиган ва ёт тилга ҳамиша ҳурмати баланд, бағрикенг халқ. Шу билан бирга, она юрт ва миллат шаънини ҳимоя қилишга қодир, кези келганда она юрт ва миллат шаъни учун жон беради. Шу ўринда, яқиндагина Россия ўлкасида бўлиб ўтган бир воқеани келтириб ўтишни жоиз топдик.

Жорий йилнинг ўтган ойида Ижевск шаҳрида удмурт олими Альберт Разин ўзига ўт қўйиб жонига қасд қилди. Маълумотларга кўра, ўз миллати ва она тили йўқолиб бораётганлигига чидай олмаган удмурт олими мазкур фожиага қўл урган. Ўлимидан сал олдин у удмурт тили билан бирга миллий маданияти, урф-одатлари йўқолиб бораётганлиги, удмурт миллатига мансуб кишилар ўз исм-шарифини руслаштириб, она тилида мулоқот қилмаётганликлари ва бу кетишда яқин вақт ичида удмурт тили ўлик тиллар сирасига киришидан ташвишда эканлигини билдирган эди.

Эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда она тилимизнинг теран томирлари янада мустаҳкамланиб, бир-бири билан туташиб бормоқда. Халқаро минбарларда нуфузли симпозиумларда, давлатлараро мулоқотларда, башарият тақдирига дахлдор турли тадбирларда она тилимиз жаранглаб турибди. Жорий йилда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига аъзо бўлиб қўшилгани ва Боку шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг навбатдаги саммитида тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этгани ўзбек тилининг халқаро майдонда ҳам нуфузи ва аҳамиятини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон Президентининг қардош халқлар адабиётининг энг сара намуналари мужассам бўлган юз жилдлик “Туркий адабиёт хазинаси” китоблар туркумини аъзо давлатларнинг она тилларида нашр этиш борасида билдирган таклифи Кенгаш аъзолари томонидан зўр мамнуният билан қабул қилинганлиги барча ватандошларимизга ўзгача ғурур ва қувонч бағишлади.

Маълумки, ҳар бир юртнинг жой номлари ўша ҳудуднинг тарихи, табиати, аҳолисининг маънавияти ва маърифатини англатиш баробарида, ёшлар қалбида ватанпарварлик, элу юртга садоқат руҳини шакллантиришда ҳам ўзига хос тарбия воситаларидан бири саналади. Масалан, азим Тошкентнинг қоқ марказидан Бўрижар деган, мўъжазгина анҳор оқиб ўтишини барчамиз яхши биламиз. Бу номни эшитганда табиийки қачонлардир бу жойларда бўрилар макон топганганлиги хаёлимиздан ўтади. Яна бир Шаҳидлар хотираси аталмиш жой номи эса неча минглаб зиёли, эркпарвар инсонларнинг бегуноҳ қонини тўккан мустабид тузумини ҳамиша ёдга солиб, мустақиллик қадрини янада чуқурроқ ҳис этишга ундайди.

Кейинги йилларда бинолар, дўконлар ва турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалар пештоқларида бегона тиллардаги турли ёзувлар, рекламалар қўзиқориндай кўпайиб бормоқда. “Автомойка”, “Браво”, “Горбольница”, “Идеал”, “Домашная выпечка”, “Салон красоты” кабилар.

Юртимиз аҳолиси учун ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ва тушунарсиз бу каби ёзувлар ўзбек тилида ёзилса маҳсулот мавқеи, харидорлиги ошса ошадики, асло тушмаслиги аниқ. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганлигидан далолат беради. Ижтимоий объектларга ном бериш — бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак.

Эндиликда, Атамалар комиссияси томонидан бу каби ёқимсиз иллатларга мутлақ чек қўйилиши асносида давлат тилимизнинг мавқеи темирдай мустаҳкамланиши, шубҳасиз.

 Бугун техник тараққиёт шиддат билан ривожланаётган даврда яшаяпмиз. Келажакда она тилимиз замон билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлиб, унинг интернет жаҳон ахборот тармоғи, замонавий коммуникацияда қўллаш доираси кенгайиб бориши давлат тилига эътибор ва эъзозни талаб этади. Ўзбекистон раҳбарининг юқоридаги Фармонида бу масаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш белгиланди.

Мухтасар қилиб айтганда, 30 йил давомида интиқлик билан кутилган онлар она тилимизнинг обрў-эътиборини тубдан ошириш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этиш зарурияти ва фурсати пишиб етилди. Эндиликда бу эзгу амалларни шу азиз юртда яшаётган ҳар бир инсон ўзидан, оиласидан бошлаб, миллатига, она юртига муҳаббат ва садоқат туйғуларини намоён этиши ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири