-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бу кимнинг онаси?

27.04.2018

БУГУН ахборот асрида яшаяпмиз. Телевидение, газета-журналлар, интернет тармоқлари орқали турли-туман хабарлар, фотосуратлар, видеолавµалардан воқифмиз. Яқинда интернет тармоқида юролмайдиган кекса ота-онасини саватга солиб, икки елкасига осиб, Бангладешга қочиб кетаётган бирмалик мигрант йигитнинг суратини кўриб чуқур ўйга толдим.

Етти кун давомида ота-онасини елкасидан туширмасдан кўтариб кетаётган йигитнинг оёғи яланг, ­усти юпун, аммо қалби, имони бутун эди. Ота-онасига тенгсиз меҳр ва муҳаббат кўрсатган бу йигитни кўриб, кўз ўнгимдан кўчаларимизда баъзан учраб турадиган, садақа сўраётган кекса отахон ва онахонлар ўтди.

Шунда юрагим бир қалқиб, “бу кимнинг онаси?”, деган савол хаёлимдан ўтади. Дўкон ёнидаги ­овоз ёзиш студиясида эса севимли ҳофизнинг “Сочлари оқ, хаста бўлса ҳам, ­Орангизда Онам бўлсайди...”, деган ғамгин ноласи баланд пардаларда янграб, юракни баттар эзарди.

Йўқ, йўқ, тиланчилик ношукур­лик белгиси, деб асло таъна қи­лолмаймиз. Бу мақолани ҳам асло бундай таъна билан ёзаётганимиз йўқ. Аксинча, ота-онадек мўътабар зотларнинг кексайганда, меҳнатга яроқсиз бўлиб қолганда бундай ачинарли ҳолатга тушиб қолишига йўл қўймаслик мақсадида бу сўзларни ёзишга жазм этдик.

Фарзандини оқ ювиб, оқ тараган, бутун умрини боласига бағишлаган муштипар онасини кексаликда хўр­латиб қўйиш ҳолатлари бизнинг мил­латимизга ёт иллат, албатта. Тўғри, уйининг тўридан пиру бадавлат волидаси ва падари бузрукворига жой берган, меҳри билан уларни ардоқлаётган, қадрлаётган оқибатли фарзандлар бисёр. Ҳаётда тўшакка михланган хаста ота-онасини бир неча йиллар давомида қўлида кў­тариб, парвариш қилган меҳрибон фарзандлар жуда кўп. Аммо ҳаёт чорраҳаларида юқоридаги каби ҳо­латларни ҳам учратаяпмиз.

Кексайган ота-онасини ташлаб­ қўйган фарзанд­лар Бош қому­си­мизда белгиланган “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз­ ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қи­лишга мажбурдирлар”, деган ҳам қону­ний, ҳам виждоний асосни ҳис қи­лишармикин?

Яна бир оғриқли масала. Кексайганимда ҳолимдан хабар олсин, деб мол-мулкини фарзандларига хатлаб бериб, ўзи кўчада қолган ота-оналар ҳам афсуски учраб туради. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, ҳеч қаерда ишламай, кекса ота-онасининг елкасига “миниб” олгани етмаганидек, дўқ-пўписа билан уларнинг охирги пулларини ҳам тортиб олаётган нобакор ўғил-қизлар ҳам йўқ эмас. Энг ачинарлиси, ота-онасига қўл кўтараётган нонкўр фарзандлар бор­лигини асло кечириб бўлмайди.

Бу ўткинчи дунёда ота-­онасини йўлларига интизор қилиб, бир ҳол сў­рашга вақт тополмайди­ган айрим тошбағир фарзанд-лар улар оламдан ўт­гандан сўнг, катта рес­торанларда эҳсон оши уюштириши ҳам бизнинг қадриятларимизга ёт нарса эмасми? Отангиз ­ёки онангизнинг вафо­ти тўймидики, унга казо-ка­золарни таклиф қилиб ош берасиз? Ундан кўра, тириклигида кўзлари йўл­ларингизга ни­горон бўлган мўътабар зотни йўқлаб туриш, унга оддий бўлса ҳам нимадир совға қилиб қувонтириш, кўнглини кўтариб, ризо қилиб, дуосини олиш фарз эмасми?

Улардан сизга энг қимматли нарсани — ҳаёт ва оқ сут берган онангизни мурувват уйига топшираётганда виждонингиз уйғоқмиди, кўзларингиз очиқмиди, деб сўрагимиз келади. Ота-онангизни армонларга топшириб қўйиб, қандай бемалол яшашингиз, бемалол ухлашингиз мумкин? Ахир, онангиз, отангизнинг томоғидан сизсиз сув ҳам ўтмаган кунларни наҳотки унутган бўлсангиз? Тўғри, улар асло нолимайди, бировга шикоят ҳам қилмайди. Шунинг учун ҳам бизда ота-онасига қарамагани учун жарима тўлаган, унга озор етказгани учун жазога тортилган кимсани кўрмадик!

Мамлакатимизда “Мурувват” уйларида ҳимояга муҳтож ёлғиз инсонлар, ногиронлар жойлаштирилади. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларга барча қулайликларга эга бўлган бошпана, турмуш шароитларини яхшилашлари учун тикув машиналари, бошқа иш анжомларининг берилиши узоқ йиллар ўзларини жамиятдан ажралиб қолгандек ҳис қилиб яшаётган замондошларимизнинг хонадонига, кўнглига ёруғлик олиб кирмоқда.

Маҳаллаларда ўзгалар меҳрига муҳ­­­­тож қарияларни яна бир бор хатлов­дан ўтказиш, уларни қаровсиз қол­маслик чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир. Ички ишлар идоралари билан маҳалла, нуроний ташкилотлари ҳамкорлигида бу ҳо­латга янада ­эътиборни кучайтириш лозим бўлади. Ёрдамга муҳтож фуқароларни мутасадди идоралар ном­ма-ном аниқ билиши зарур ва кексайган ота-онасини ташлаб қўйган фарзандни тартибга чақириш, тартибга келмаганларга қонуний чора кўриш лозим. Қонунларимизда буларнинг барчаси ўз аксини топган.

Биз инсон қадри-қиммати ҳамма нарсадан устун бўлган давлатда яшаймиз. Ҳар бир ишимизни ва ҳар бир қилмишимизни виждон тарозусида ўл­часак, нур устига аъло нур бўларди.

Маруса ҲОСИЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири