-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бу кунларга ҳар қанча шукрона айтсак арзийди, — дейди 95 ёшли Яҳё бобо

03.05.2018

ДАВЛАТИМИЗ раҳбарининг 2018 йил­ 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғ­ри­сида”ги Фармони имзоланди.

Кексаларга ҳурмат кўрсатиш, ёши улуғларни эъзозлаш халқимизга хос фазилат. Фармоннинг ҳар бир бандида мана шундай ардоқ ва эъзоз намунасини кўриш мумкин.

Хусусан, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши ҳамда фашизм устидан қозонилган ға­лабанинг 73 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида уларга 5 миллион сўм миқ­дорида бир марталик пул мукофоти белгиланди. Ўтган йили уруш қатнашчилари ва ногиронларига байрам муносабати билан 2 миллион сўмдан пул ажратилган эди.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қат­нашчилари истаклари асосида ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафари ташкил этилади ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланади.

Бундан ташқари, улар Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга ҳам бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилади.

— Фармонни телевизор орқали кўриб, эшитиб, кўзимга ёш келди. ўша давр­ларни эсладим. Бугунги кунга шукрона келтирдим. Халқимиз, давлатимиз раҳбарининг рағбатидан руҳланиб кетдим. Ёшимга ёш қўшилди. Бизни эъзозлаганни Оллоҳ ­азиз қилсин, — дейди сирдарёлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Яҳё бобо.

— 1941 йилнинг айни қиш чилласида Мирзачўл станциясидан (ҳозирги Гулистон шаҳри) фронтга жўнаб кетдик, — дея уруш ҳикоясини бошлади отахон. — Перронда фронтга отланган йигитларнинг ота-оналари йиғлаб-сиқтаб кузатиб қолишди. 1942 йилнинг май ойида Сталинград шаҳрини душмандан ҳимоя қилиш учун жангга кирдик. Генерал Чуйков қўмондонлик қилган 6-армиянинг 199-қизил байроқли ўқчи дивизиясида пулемётчи бўлиб хизмат қилдим. Иккинчи жаҳон урушида Совет қўшинларининг ғалабани ўзларига оғдиришларида Сталинград жанги ҳал қилувчи аҳамият касб этганлиги рост. 1942 йилнинг ноябрь ойи­да Сталинград учун қақшатқич жанглар бўлди, еру осмон оловга бурканди. Трактор заводи учун бўлган жангларда душман самолётлари ёғдирган бомба шундоқ ёнимга тушиб портлади. Чап оёғимни снаряд парчалари бамисоли пичоқ кесгандек ёндириб ўтди. Қарасам ротадошларимнинг кўпчилиги тутдай тўкилган. Икки кун жанг майдонида қолиб кетдим. Жасадим шу жойларда қолар экан-да, дея ноумидликка ҳам тушдим. Яхшиям дўстларим оёғимнинг болдирини маҳкам қисиб боғ­лашган экан, кўп қон йўқотмабман. Учинчи куни санитарка қизлар мени икки километрга судраб бориб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди. Сўнгра оёғимга шина боғлаб, Волга дарёси бўйлаб пороходда Саратов госпиталига олиб келишди. Бу ерда оёғимни кесиб ташлашди. Бироз ўзимга келгач, Қозоғистоннинг Семипалатинск госпиталига ўтказишди. Бу ерда олти ой даволаниб, қўлтиқтаёқда юра бошладим. Махсус кузатувчилар ёрдамида Мирзачўл станциясига келиб тушдим. Қўқон аравада уйга кириб бордим. Ўша пайтда икки колхоздан урушдан қайтган илк аскар мен бўлган эканман. Ҳамма мени кўргани ёпирилиб кела бошлади. Айниқса, кекса онахонлар, менинг ўғлимни кўрдингми, соғ-саломатмикан, қачон фронтдан қайтади, деган сўроқлари жон-жонимдан ўтиб кетарди.

Бироз ўзимга келгач, колхозда котиб бўлиб иш бошладим. Сўнгра мактабда бир йил болаларга дарс бердим. Болаларнинг оч ва юпунлигини кўриб асабларим дош бермади. Ўқитувчиликни ташладим. Бухгалтерия курсида ўқидим. Шундан сўнг бухгалтерлик асосий касбимга айланди. Колхозда 39 йил бухгалтер бўлиб ишладим. Оила қуриб, олти ўғил, олти қизга ота бўлдим. Айни пайтда 45 нафар набира, 110 нафар чевара, 14 нафар эваранинг бобосиман.

Яҳё бобо Шарипов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган иззат-икромдан боши осмонда.

— Бундай замонларга ҳар қанча шук­роналар айтсак арзийди, — дейди Яҳё бобо. — Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, Президентимиз омон бўлсин. Бизлар Оллоҳ берган умрни доруломон яшаб халқимизни дуогўйи бўлиб юраверайлик.

Шуҳрат СУЯРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири