-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Ўзбек йигитининг жанговар қўшиғи

08.05.2018

Хотира ва қадрлаш:

Ўзбекистон матонат, мардлик ва буюк о£ибат намунаси!

 

ЕНГИЛРОҚ яраланган Қўчқор ҳарбий тиббиёт пункти жойлашган ўрмон томон кетаётганида осмонда фашистларнинг шўнғувчи бомбардимончи самолёти пайдо бўлди. Биринчи учраган чуқурликка сакраб тушган йигит самолётдан тўртта бомба узилиб, худди устига тушаётганини кўрди ва бармоқлари билан қулоқларини қаттиқ беркитди. Чунки бомба портлаганда қулоқ пардалари ёрилиб кетиши мумкин эди.

Кўзларини чирт юмиб, кутди. Бахтига бомбалар чуқурликнинг атрофидаги текис ерга тушди. Қўчқорга зарар етмади. Эҳ-ҳе, бундай воқеалар тўрт йил давомида унинг ҳаётида кўп бора юз берди. У фронтда тўрт марта жуда хавфли яраланди. Ҳар сафар яна оёққа туриб, душманга қарши курашда давом этди.

— Украинадаги чекка посёлкада ­бир­оз тайёрлангач, жангга киришимиз керак эди, — дейди Қўчқор ота Хоназаров ўйга чўмиб. — Қарасам, қисмдагилар ҳаммаси Ўзбекистондан борганлар. Келинглар, ўзимиз учун бирорта жанговар қўшиқ танлаймиз, десам, бир йигитимиз баланд овозда:

“Қўй келади қўзи билан ҳай, ёр-ёр,

Бир-бирини изи билан ҳай, ёр-ёр.

Ҳамсоянинг қизини кўр, ҳай, ёр-ёр,

Қоши билан кўзини кўр, ҳай, ёр-ёр...

деб куйлай бошлади. Жангга кириш олдидан бир қишлоқдан ўтиб кетаётганимизда шу қўшиқни баралла куйлаб ўтсак, кекса чол, кампирлар, болалар ҳайрон бўлиб, кўчага чиқиб келишган, кексалардан бири “Оҳо, мусулмонлар ҳам биз тарафда жанг қилар экан, ғолиб бўламиз”, дегани ҳамон кўз олдимда.

Мана яна бир мисол:

1944 йилнинг қиши... У вақтда офицерларга пўстин берилган бўлиб, улар оддий аскарлардан ажралиб турарди. Буни пайқаган немис мерганлари биринчи галда ана шу “пўстинлиларни” сафдан чиқаришга киришди. Қўчқор ҳам мерган “қўлига тушди”. Душман портловчи ўқ билан уни кўкрагидан ярадор қилди. Ўша немис мергани рўйхатида Қўчқор “ўлдирилган офицер” деган ҳисобда экани шубҳасиз. Ҳарбий тиббиёт статистикасига кўра, бундай ярадорларнинг юзтадан биттаси тирик қолади. Шу битта бу гал Қўчқор бўлди...

У нафақат тирик қолди, балки ўзининг ақлий ва меҳнат салоҳиятини ҳам сақлаб, Ўзбекистонда илм-фаннинг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Унинг ­асарлари дунёнинг турли мамлакатларида 20 дан ортиқ тилда чоп этилди, шогирдларининг қирқдан ортиғи фан номзоди ва ўндан зиёди фан доктори бўлиб етишди. 700 дан ортиқ илмий-тадқиқий асарлари илмий муассасаларда дарслик сифатида фойдаланилмоқда. Ҳозирга қадар дунёда учта олимга насиб қилган Россия лингвистик фанлар академиясининг олтин медали билан Қ.Хоназаров ҳам тақдирланган.

Фалсафа фанлари доктори, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Қ.Хоназаров ҳамон изланишдан, газета-журналларни мутолаа қилишдан тўхтагани йўқ.

Тошкент шаҳрининг “Биринчи Минор” маҳалласида 1922 йилда туғилган Қўчқор Хоназаров 1941 йилнинг кузида урушга кетиб, 1945 йилнинг январида Ватанига қайтди. Шу йилнинг сентябрида Москва давлат халқаро муносабатлар институтига ўқишга кирди. 1950 йилда институтни битиргач, Москва давлат университетининг фалсафа факультети аспиранти бўлди. Йиллар ўтиб, 1964 йилда Тошкентга қайтганда у фан доктори эди. Албатта, у вақтда Ўзбекистонда бундай унвон соҳиблари бор-йўғи учта бўлгани, натижада, Қўчқор Хоназаров ­учун барча юқори ташкилотларнинг мансаб ўриндиқлари очиқ бўлгани ва у фаолият юритган корхоналар номи сиз учун қизиқ бўлмаса керак.

Қизиғи, урушда қон кечган, ҳозир ҳам танасида урушдан қолган ўттиздан ортиқ осколкани олиб юрган ана шу инсоннинг барча орден, медаллари алдов йўли билан олиб кетилгани. Энди уруш фахрийсида ана шу орденларнинг рўйхати ва суратлари қолган, холос.

— Ўн йилча олдин, Хотира ва қадрлаш куни олдидан келиб, байрам муносабати билан кўргазмали стенд қиламиз, урушдаги ҳужжатлар ва мукофотларни вақтинча бериб туринглар, деб олиб кетишган эди, — дейди Қўчқор отанинг турмуш ўртоғи Элинора Абдуллаева. — Биз уларга уруш ва урушдан кейин олинган орден, медалларни олтиндан ясалганларини ҳам бериб юбордик. Вақт ўтиб, ҳужжатлар қайтди, лекин орден, медаллар йўқолди. Ҳануз топилгани йўқ.

Ажабо, буни кимлар ва нима мақсадда қилди экан?

Беомон жангларда минг ўлиб, минг тирилиб, мўъжиза туфайли омон қолган Қўчқор отанинг ёдига бу воқеа қайта тушиб, бироз оғрингандай бўлди. Бироқ буларнинг бари ўткинчи, асосийси, тинч­лик замонида меҳрли одамлар орасида бахтли ҳаёт кечириш, дея бу воқеага қўл силтади, ота.

 

ЎзА