-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Боғдорчилик, узумчилик ва полизчилик учун ер участкалари олиш тартиби

08.05.2018

Қонун ҳужжатларида фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудида боғдорчилик, узумчилик ва полизчилик юритиш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Хусусан, Ер кодексининг 56-моддасида шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек қишлоқ аҳоли пунктларида яшовчи, деҳқон хўжалиги юритиш учун томорқа ер участкаларига эга бўлмаган фуқароларга корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосномасига биноан жамоа боғдорчилиги ва узумчилиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ёки жамоа полизчилиги учун вақтинча фойдаланишга ер участкаси туман ҳокими томонидан берилиши назарда тутилган.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги учун бериладиган ер участкалари кўчалар очиш, жамоат иморатлари ва иншоотлари қуриш зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда боғдорчилик-узумчилик ширкатининг ҳар бир аъзосига 0,06 гектаргача ва полизчилик ширкатининг ҳар бир аъзосига 0,08 гектаргача ўлчамда белгиланади.

Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари тўғрисидаги низомда жамоавий боғдорчилик ва узумчиликни юритиш учун фуқароларга ер участкаси корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ёки фуқаролар гуруҳининг илтимосномасига биноан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда туман ҳокими томонидан берилиши белгилаб қўйилган.

Туман ҳокимининг ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорида ширкат ташкил этилганлиги кўрсатилади ва кейинчалик меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириш мақсадида ширкат аъзоларининг ширкат ҳар бир аъзосининг ер участкалари майдони кўрсатилган ҳолдаги рўйхати тасдиқланади.

Жамоавий боғдорчилик ва узумчиликни юритиш учун фуқароларга берилган ер участкасидан мева, резавор ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланилади.

Жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилигини ташкил этиш учун фуқаролар боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкатларига бирлашадилар. Ушбу ширкатлар унинг аъзолигига киришни хоҳловчилар камида 30 киши бўлганда ташкил этилиши мумкин.

Ширкатни ташкил этиш учун унга белгиланган тартибда берилган ер участкаси умумий фойдаланиладиган ерлардан ва ширкат аъзолари ерларидан иборат бўлади.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, умумий фойдаланиладиган ерлар ширкатга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилади. Ширкат аъзоларига ер участкалари жамоавий боғдорчилик ва узумчиликни юритиш учун меросга қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилади.

 

Манба: https://t.me/huquqiyaxborot

Сўнгги янгиликлар: