-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Кел, Хадича, қоқигул терамиз... (Қатра)

11.05.2018

Хадича момо набираларидан ха­бар олгани яйловга чиқди. Ҳассага суянди-ю, узоқ-узоқларга бир дам тикилиб қолди.

— Баҳор ҳам келди, кўкатлар қулоқ чиқаряпти. Ҳамма ерни яшиллик эгалламоқда.

Момо ҳассага суянганча қоқи­гул­ларга маъюс тикилади.

“Кел, Хадича, қоқигул терамиз”. Кимдир унинг қулоғига шивирлагандай бўлди.

— Ҳайдар... эссиз... у ёш кетди. Лаънат сендай урушга!

Ёр-ёр айтилган кеча... иккиси ши­­вирлаб тонг оттирган тунлар... қоқигуллар терилмай қолган кунлар... даҳшатли уруш...

“Хадича, мен узоқроқ кетиб қолсам, хавотирланмайсанми? Ёлғиз яшаш қи­йин, аммо сен бардошли аёлсан. Кел, Хадича, қоқигул терамиз...”.

Иккиси маъюс ўйга толган ўша оқшом Хадичанинг хотирасидан ўч­майди. Тонг ёришиб эшик очилганда қандайдир қўрқинчли шарпанинг ёпирилиб киргани, уруш бошлангани, икки дил умрбод жудо бўлгани...

Ҳайдар фронтга кетди, қоқигуллар терилмай қолди. Унинг овунчоғи Ёдгор туғилди.

Хадичанинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ана шу яккаю ягона ўғли. Уни улғайтириб эл қаторига қўшди. Тўрт набираси энди уйни тўлдириб юрибди.

Ўғли чўпон бўлди-ю, куну туни яйловда ўтади.

— Келинг, момо, қоқигул терамиз, — унинг хаёлини кичик набираси бўлиб юборди.

— Ҳозир болам, сен қаердан келиб қолдинг?

Момо ҳассага суяниб ўрнидан турди.

 — Терамиз, кўп терамиз. Бобонгнинг ўрнига ҳам терамиз.

У қаддини бир тиклади-ю, сўнг энгашиб қоқигул тера бошлади...