-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Нотариуслик амал эмас

15.05.2018

“ИНСОН ва қонун” газетасининг 2018 йил 23 январь сонида “Нотариус сансалорликка йўл қўйди... оқибатда ишдан ­олинди!” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада нотариус хушмуомала, хушфеъл бўлиши ҳақида фикр юритилган.

—  Ҳар бир касбнинг ўзи­га яраша қийинчиликлари бўла­ди. Айнан биз фаолият юритаётган нотариуслик касби қатъий тартиб-қоидани талаб қилади. Энг муҳими, нотариал ҳаракатларга оид қонунчилик назариясини мукаммал билишимиз лозим. Шунингдек, ўз вазифаларимизни қонун доирасида олиб боришимиз керак. Бу соҳа вакиллари фуқаролар билан муомала қилишда ёлғон гапириши, уларни алдаши, қў­поллик қилиши асло мумкин эмас. Бошқача айтганда, нотариус қонун устуворлигини тар­ғиб қи­ладиган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган шахсдир. Бу вазифа эса ўта мураккаб ва масъулиятли, — дейди Каттақўрғон шаҳри 3-сонли нотариал идораси нотариуси Жамшид Холиқов.

— Тан олиб айтиш керак, кўп фуқа­роларимиз қонунларнинг мазмун-мо­ҳия­тини яхши тушунишмайди. Шу туфайли ҳам турли хил саволлар билан бизга мурожаат қилишади. Ана шундай ҳолатда яхши муомала билан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунтириб маслаҳат беришимиз керак. Нотариал идорамиздан алоҳида хона ажратиб, ҳуқуқий маслаҳатхона ташкил этдик. Қабулга келган фуқароларнинг саволларига­ қо­нуний жавоб бериб, маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатаяпмиз. Ҳаттоки қария ва ногиронларни навбатсиз қабул қи­лаяпмиз. Бундан ташқари, ҳафтанинг жума ва якшанба кунлари Каттақўрғон шаҳридаги 36 та маҳаллага чиқиб, уларнинг хонадонларида бўлиб, нотариус ҳужжатларини жойида қонуний расмийлаштириб бераяпмиз. Масалан, А.Навоий маҳалласида истиқомат қи­лувчи Аҳмаджон Одилов ногиронлик нафақасини олиш учун ўғлига ишончнома расмийлаштириш масаласи билан мурожаат қилган эди. Нафақадаги ўқитувчини овора қилмай ўзи яшайдиган маҳалланинг ўзида расмийлаштириб, масаласини жойида ҳал этдик. Шунингдек, Сўфи Оллоёр маҳалласида яшовчи Ойдинисо Расулова ўғ­лига ўзининг номидаги енгил автомашинасини ҳадя қилиш тўғрисида мурожаат қилди. Онахоннинг ҳам мурожаатини жойига бориб ҳал қилдик.

 

Азим ҚОДИРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири