-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Адлия вазирлигида халқаро оила куни муносабати билан вазир ўринбосари онлайн тарзда саволларга жавоб бермоқда

15.05.2018

1993 йил БМТ Бош Ассамбеяси 15 майни Халқаро оилалар куни (International Day of Families) дея эълон қилди.

Бу билан ташкилот оилаларда мавжуд муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, оила институтини ривожлантириш ва қадриятларни асраб қолишни мақсад қилган.

Маълумки, оила — анъаналар шаклланадиган, қадриятлар яратиладиган ва авлоддан авлодга етказиладиган жой. Оилада инсоният келажаги тарбияланади. Авлодларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги ҳам кўп жиҳатдан оилага боғлиқ. Оила — бу барқарорлик, тинчлик-тотувлик, меҳр ва муҳаббат маскани.

Оила туфайли жамият ривожланади, давлат мустаҳкамланади, аҳолининг фаровон турмуши таъминланади. Барча замонларда давлатнинг оилага эътиборига қараб унинг нақадар ривожланганлиги ҳақида хулоса чиқаришган.

Ўзбекистонда ҳам оила юксак қадрият саналади. Уйим-жойим, болам-чақам демаган ўзбекни топа олмайсиз.

Давлатимиз томонидан оила қонун ҳимоясига олинган, унинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, Ўзбекистон республикаси Президентининг яқинда эълон қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га Фармонида оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб бориш каби вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш, давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ҳамда уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетга зид бўлган турли ёт хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ҳам Фармонда кўзда тутилган асосий вазифалардан саналади.

Бугун Адлия вазирлиги Халқаро оилалар куни муносабати билан ана шу ҳуқуқий асосларни яна бир бор эслатиш, аҳолининг оила қонунчилиги соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунларнинг амалий аҳамиятини тарғиб қилиш мақсадида «Оилага ҳуқуқий ёрдам» акциясини ўтказмоқда.

Акция доирасида жойларда ҳудудий адлия органлари томонидан тадбирлар, аҳоли билан учрашувлар, бевосита мулоқотлар амалга оширилмоқда. Вазирлик томонидан телеграмда махсус «Оила куни» номли бот очилди. У ерда малакали ҳуқуқшунос мутахассислардан иборат гуруҳ томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Айни пайтгача бот орқали икки юздан ортиқ савол келиб тушди ва уларга жавоб бериш жараёни давом этмоқда.

Айни пайтда фейсбукдаги «Адлия билан мулоқот» саҳифасида Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов онлайн эфирга чиқиб, саволларга жавоб бермоқда. Акция кун давомида давом этади, саволлар соат 17:00 гача қабул қилинади.

 

Сўнгги янгиликлар: