-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Бизга нима бўлаяпти, одамлар?!

05.06.2018

 

ФАРҒОНА ТУМАН, Илғор ма­ҳалласи, Ёш куч кўчаси 10-уйда яшовчи Таманно Эргашеванинг таҳририятимизга қилган мурожаатини ўргандик. Т.Эргашева ён қўшниси Гулшаной (Чиннихон) Мамадалиеванинг 2016 йилда ўзига тегишли бўлган, иккала ҳовли ўртасидаги девор устига ва деворга ёпиштириб, ўзбошимчалик билан турли бино-иншоотларни қуриб олганлиги, мазкур бино-иншоотларни Г.Мамадалиеванинг ҳисобидан буздириш тўғрисидаги суд қарори ижроси тўлиқ таъминланмаётгани, қолаверса, қўшниси тегишли рухсатнома олмасдан, ҳудуднинг сейсмик ҳолатини инобатга олмаган ҳолда уйининг иккинчи қаватини барпо қилганлиги, бу эса ер қимирлаши натижасида ўзининг уйларига зарар етказиши мумкинлигини, юзага келган можаро туфайли Гулшаной опа таҳдид қилганлигини маълум қи­либ, амалий ёрдам сўраган.

Журналистик суриштирув жараёнида Таманно Эргашева ва Гулшаной Мамадалиеванинг ҳов­лисида бўлиб, ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик, ҳар иккала тараф билан суҳбатлашдик. Шунингдек, тақдим этилган ҳужжатлар билан танишдик. Маълум бўлишича, Т.Эргашева 2016 йилда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлар­аро судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Г.Мамадалиева томонидан девор устига ва деворга ёпиштириб қурилган бино-иншоотларни жавобгар ҳисобидан буздириш ва ўзига 5 миллион сўм маънавий зарар ундиришни сўраган. Аммо жавобгар суд мажлисига келмаган. Шунга қарамай, суднинг 2016 йил 27 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Гулшаной опа зиммасига ноқонуний қурилган бино-иншоотларни буздириш мажбурияти юкланган. Қо­лаверса, жавобгар 15 кунлик муддатда ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳақидаги ариза билан шу судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги ҳам ўз аксини топган. Табиийки, Г.Мамадалиева белгиланган муддатда судга мурожаат қилиб, тилга олинган ҳолат юзасидан мутахассис хулосасини ­олишни сўраган. Шу боис, суд 2016 йил 13 октябрда ажрим чиқариб, Фарғона вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси мутахассислари зим­масига жавобгар томонидан амалга оширилган қурилиш ишларининг қонунийлигини ўрга­ниш, “Г.Мамадалиева томонидан қурилиш ишларини амалга оши­ришда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига амал қилинганми, бу қурилиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкинми?”, деган саволларга жавоб қайтариб, хулоса бериш вазифаси юклатилган. Суд ажримига жавобан туман бош архитектори Ф.Кенжаев имзоси билан 2016 йил 11 ноябрда юборилган хулосада Гулшаной опа эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларсиз қури­лишни амалга ошираётгани, ­амалдаги тартибга кўра, ҳар қандай бино қурилиши қўшни участка эгалари билан келишилиши за­рурлиги ҳақидаги талабига зид­ эканлиги, жавобгар уйнинг 2-­қаватини қуриши учун тегишли ижо­бий хулоса олиши лозимлиги қайд этилган. Лекин шунда ҳам юқоридаги ҳал қилув қарори ижрога қаратилмаган. Шунинг учун Таманно Эргашева такроран аввалги мазмундаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган. Натижада, суд (судья Ж.Худойбердиев) 2017 йил 26 январда яна даъвони қисман қаноатлантириб, девор устига ва деворга ёпиштириб қурилган бино-иншоотларни Г.Мамадалиева ҳисобидан мажбурий буздириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган. Бироқ жавобгар бундан норози бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини берган. Суднинг 2017 йил 4 майдаги ажримига биноан эса биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Шундан сўнг 2017 йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг юқоридаги ажримини бекор қилиш юзасидан протест келтирилган. Аммо Ўзбекистон Рес­публикаси Олий суди фуқа­ролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 20 февралдаги ажримига мувофиқ апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 майдаги ажрими ўзгаришсиз, протест қаноатлантирилмасдан қол­­­дирилган. Бу орада Т.Эр­га­ше­ва Ёш куч кўчаси, 14-уйда­ ­яшовчи Бўстон Махмашоев (Г.Ма­мадалиеванинг иккинчи томондаги ён қўшниси) билан бирга Фарғона туман ҳокимининг 2016 йил 2 декабрдаги Гулшаной опанинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгиловчи ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан қабул қилинган 1531-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда уйнинг 2-қаватини жавобгар ҳи­собидан буздиришни сўраб, судга даъво ариза киритишган. Мазкур фуқаролик ишини кўриб чиққан судья Э.Исмоилов эса ўзининг 2017 йил 7 августдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантиришни рад этган. Оқибатда, даъвогарлар ­апелляция шикоятини беришган. Бинобарин, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2017 йил 12 сентябрдаги ажримига кўра, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори қисман бекор қилиниб, туман ҳокимининг 2016 йил 2 декабрдаги 1531-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Бундан ташқари, суд қарори қисман ижро қилиниб, 0006-литердаги ҳаммом, 0007-литердаги ошхона ва тандирхона бузилган. Лекин негадир 0003-литердаги қозонхона бузилмай қолган.

Албатта, Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъ­атининг 2018 йил 20 февралдаги ажримидан кейин суднинг 2017 йил 26 январдаги ҳал қилув қарори ижроси давом эттирилиши лозим эди. Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Фарғона туман бўлими томонидан суд қарори ижроси 2018 йил 17 март кунига белгиланган. Бироқ Гулшаной Мамадалиева давлат ижрочисига “Илғор” МФЙ маълумотномаси ҳамда 1989 йил октябрдаги уй-жойнинг техник паспортини тақдим қилиб, 0003-литердаги қозонхона бу уйга кўчиб келгунига қадар мавжуд бўлганлиги, суд қарорида эса айнан ўзи томонидан қурилган бино-иншоотларни бузиш назарда тутилганини билдирган. Шунга кўра, МИБ туман бўлими томонидан судга мурожаат қилиниб, юзага келган ноаниқлик хусусида тушунтириш бериш сўралган.

Ана шундан буён суд қарори ижроси ҳамон тўхтаб турибди. Негаки, суд МИБ туман бўлимининг тушунтириш беришни сўраб қил­ган мурожаатига нисбатан 2018 йил 12 апрель куни 0003, 0005, 0006 ва 0007-литерлардаги барча бино-иншоотлар бузилиши тўғрисида тушунча берилган аж­римни чиқарган. Унда мазкур ажрим устидан хусусий шикоят ёки хусусий протест келтириш мумкинлигини қайд этади. Бу эса Г.Мамадалиевага қўл келиб, юқоридаги ажримга нисбатан хусусий шикоят тақдим қилган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 27 апрелдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ажрими 0003-литерни чиқариб ташлаган ҳолда ўзгаришсиз қол­дирилган. Яъни, шу литердаги қо­зонхона бузилмайдиган бўлган.

Уйнинг иккинчи қавати масаласига келсак, Таманно Эргашеванинг аризасига асосан Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, вилоят давлат архитектура қурилиш назорат инспекцияси, вилоят “Ермулккадастр” давлат унитар корхонаси, туман ҳокимлиги мутахассислари, “Илғор” МФЙ раиси, профилактика инспектори ҳамда тарафлар иштирокида ўтказилган ўрганишда Гулшаной Мамадалиеванинг 1980 йилларда давлат томонидан қурилган бир қаватли уйнинг 2-қавати (мансарт қисми)ни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, “Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш тўғрисида”ги Низом ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги 41-сонли қарори талабларига амал қилмаган ҳолда барпо этилгани, Фарғона вилояти сейсмик фаол, яъни 8-9 балли зилзила юз бериши мумкин бўлган ҳудудда жойлашганлиги боис 2-қават зилзила ҳолатига бардош бермаслиги ўз тасдиғини топган. Бинобарин, туман бош архитектори 2018 йил 18 мартда Г.Мамадалиевага 3 кун муддатда уйнинг 2-қавати (мансарт қисми)ни ўз ҳисобидан бузиб ташлаш тўғрисида огоҳлантириш хати берган. Аммо Гулшаной опа бу талабни бажармаган.

— Қўшнимнинг “Болаларингни болта билан чопаман”, деган таҳдиди бўйича ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаяпти, — дея сўзини давом эттиради Таманно Эргашева.

Бунга жавобан шуни айтишимиз мумкинки, бу масалага ойдинлик киритиш ва қонуний чора кўриш ички ишлар органлари ваколатидаги вазифадир. Шунинг учун муаллифнинг айни важи бўйича туман ИИБ ва профилактика инспектори жавоб беради.

Т.Эргашеванинг маълум қили­шича, Гулшаной Мамадалиеванинг ўзбошимчалик билан бунёд этган қурилишга нисбатан на туман, на вилоят мутасаддилари айни пайтгача узил-кесил нуқта қўйишмагани ҳамда суд қарори тўлиқ ижро этилмаётгани туфайли у 2017 йил мобайнида ва 2018 йил 3 майга қадар республикамиздаги бир қатор юқори идораларга мурожаат қилган. Албатта, улар Таманно Эргашеванинг мурожаатини батафсил тинглаб, вилоят мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар беришган. Лекин маҳаллий масъуллар муаммони ҳамон бартараф этишмаган. Энди ҳақли савол туғилади: Нега, нима учун?

Шу ўринда бир гап. Икки қўш­ни ўртасидаги шунча низо ва тор­тишувлар турли маъмурий­ жа­вобгарликларга ҳам сабаб бўл­ган. Яъни, 2017 йилнинг май-­октябрь ойлари мобайнида Таманно Эргашевага нисбатан қилинган ҳақорат ва бошқа ҳуқуқбузарликлари учун Гулшаной Мамадалиева Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 192-­­моддалари (“Ҳақорат қилиш” ва “Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш”), унинг фарзандлари Гулноза Атажанова МЖтКнинг 41, 183-моддалари (“Ҳақорат қилиш” ва “Майда безорилик”), Отабек Бозорбоев МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”),  Нигора Бозорбоева МЖтКнинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), Г.Атажанованинг қизи Шаҳлохон Боротова эса МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”) билан (яъни бутун оила) маъмурий жавобгарликка тортилган. Қолаверса, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2017 йил 19 октябр­даги ҳал қилув қарорига асосан Г.Мамадалиевадан Т.Эргашева фой­дасига 300.000 сўм маънавий зарар ундирилган. Ўз навбатида, Т.Эргашевага ҳам МЖтКнинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”)га биноан маъмурий жазо тайинланган.

Бир сўз билан айтганда, икки қўшни ўртасига совуқчилик тушган, Ёш куч кўчасидан файзу барака кўтарилган. Туман ҳокимлиги, “Илғор” МФЙ масъуллари ва бошқа мутасаддилар эса бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кетишини ҳанузгача анг­лаб етишмаяпти. Шу онда кўнгилдан бир гап кечади: Бизга нима бў­лаяпти, одамлар? Нега оқибат пардаси кўтарилиб бормоқда?

 

Хуршид СУЛТОНОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири