-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 7 фоизлик кредитлар берилади

10.06.2018

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш Жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

  • Жамоат ишлари жамғармасидан ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ажратиладиган тегишлича 350 миллиард сўм ҳамда 150 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам;
  • аукцион савдоларида фуқароларга ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган тушумнинг 10 фоизи;
  • халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
  • маблағларни депозит ҳисоб рақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

 

Жамғарма маблағлари қуйидаги вазифаларни бажаришга йўналтирилади, жумладан:

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун АТ «Микрокредитбанк», АТ «Агробанк» ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Халқ банки»га ресурслар жойлаштиришга;

тижорат банклари орқали Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича 2 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда «Томорқа хизмати» МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техник базани мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва транспорт сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар беришга;

айланма маблағларга муҳтож бўлган «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг устав фондини 25 фоиздан кам бўлмаган миқдорда шакллантиришга;

фермер, деҳқон хўжаликларига инвестицияларни жалб қилиш ва томорқа ерларни ривожлантиришга ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа йўналишларга.

Тижорат банкларига ресурслар ажратиш учун Жамғарма ва бош тижорат банки ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бош келишув тузилади.

Жамғарма томонидан АТ «Микрокредитбанк», АТ «Агробанк» ҳамда «Халқ банки»га ресурс ажратиш бўйича бош келишувда ушбу маблағлар тижорат банклари томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига 3 йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар бериш учун ресурс сифатида ишлатилиши алоҳида келишиб олинади.

Ҳуқуқий ахборот