-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Мактабларда ремонт учун пул йиғилиши тўғрими?

10.06.2018

Фарзанди мактабга борадиган ҳар қандай ота-онага турли пул йиғимлари масаласи жуда яхши таниш. Синф фонди, мактаб фонди, таъмирлаш, обуна, металлолом ва ҳоказо учун бир йилда анча-мунча сумма бериб қўйилади. Ҳеч бир мезонларда кўрсатилмаган ва ҳеч қаерда қайд қилинмайдиган ушбу маблағларни ота-оналардан талаб қилиш қонунийми? Шундай шароитда фуқаролар қандай йўл тутишлари керак?

Савол: Мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилардан таъмирлаш учун пул талаб қилишга ҳақлими? Мактабда 1200 нафар ўқувчи ўқийди, 25 та ўқитувчи дарс беради. Ўқувчилардан 15 000 сўм, ўқитувчилардан 10 000 сўмдан маблағ йиғиб олиняпти. Яна ота-оналарнинг айримлари кўнгилли равишда ҳомийлик ёрдами сифатида қурилиш моллари ҳам келтириб беряптилар. Бу йиғилган пуллар мактабнинг ҳисоб рақамига ўтказиладими ёки мактаб раҳбарлариннг чўнтагига бориб тушадими?

Мактаблар ва бошқа таълим муассасалари томонидан таъмирлаш учун ўқувчи ва ўқитувчилардан пул йиғилиши ноқонуний ҳисобланади.

Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган.

Айрим ота-оналар бу пулни оғринмай берса-да, кўпчиликда норозилик туғилади. Лекин атрофдагиларнинг босими ва фарзандига ўқитувчининг муносабати ўзгармасмикан деган ўй билан ота-оналар ушбу асоссиз тўловларга рози бўлади.

«Таълим тўғрисида»ги Қонунда жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.

Аслида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан етарлича маблағ ажратилади. Президентнинг 2017 йил 24 августдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан, идоравий бўйсунувдаги, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларни ҳамда бошқа инфраструктура объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.

Умумий ўрта таълим тўғрисида низомга мувофиқ мактаблар фаолиятини молиялаштириш тегишли харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

"Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида"ги 1998 йил 13 майда қабул қилинган Ҳукумат қарорига мувофиқХалқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 августга қадар мактаблар моддий-техника базасини тайёрлашни, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратилишини таъминлаши зарур.

Шундай экан, ажратилган маблағларнинг ўз манзилига тўлиқ етиб боришида нафақат давлат назорат органлари, балки жамоатчилик, хусусан, ота-оналарнинг ҳам ҳушёрлиги ва масалага масъулият билан ёндашуви талаб этилади. Пул сўралганда асос талаб қилиш, ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётгани билан қизиқиш, зарур ўринларда тегишли органларга мурожаат қилиш орқали ота-оналар жамоаси мазкур маиший коррупцияга қарши қонуний йўл билан курашишлари ва ушбу иллатга узил-кесил барҳам берилишига ҳисса қўшишлари мумкин.

Ҳуқуқий ахборот