-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Маҳобатли кўприклар куч-қудратимиз ва тараққиётимиз тимсоли

10.07.2018

Азалдан ободлик ва бунёдкорлик руҳи билан яшайдиган халқимиз ўзига хос меъморчилик санъати билан жаҳонга та­нилган. Буюк аждодларимиз томонидан­ барпо этилган маҳобатли иншоотлар ҳа­нуз дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур “Кимки бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлса, биз қурган иморатларга боқсин”, деганидек ҳар бир давлатнинг куч-қудрати ободлик — ободончиликда, яратилаётган улкан иншоотларда намоён бўлади. Мана шундай буюклик ва эзгулик рамзи бўлган кўприклар энг қадимий ва йиллар оша сайқал топиб, ҳайратомуз санъат даражасига етган меъморчилик дурдонасидир. Маълумки, кўприк қуриш — қудуқ қазиб сув чиқариш, боғ яратиш каби хайрли ишлардан бири саналади. Қадимдан кўприк кишилар мушкулини осон, машаққатини енгил қилувчи восита сифатида қаралади. Бугун юртимизда қурилаётган кўприклар кўрган кўзларни қувонтириб, эстетик завқ бағишлаш баробарида, замон талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ва одамларга ҳар томонлама қулайлик яратиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қодир иншоотдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон эстакада бунёд этиш тажрибасини ўз­лаштирмоқда. Пойтахтимизнинг Мах­тумқули ва Оҳангарон кўча­ла­ри­ кесишмасида барпо этилаётган уч қаватли янги кўприк шу аснода бунёд бўлаётган улкан иншоотдир. Таъкидлаш жоизки, шу вақтгача мамлакатимизда уч қаватли кўприк қурилмаган эди.

Жорий йилнинг 1 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев Тошкент шаҳ­рида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишар экан, ушбу иншоотга шундай таъриф берди: “Бу кўприк келгусида Тошкент шаҳрининг ўзига хос ташриф қоғози бўлади. Ўзбекистон учун янгилик бўлган ушбу маҳобатли иншоот Чорвоқ ва Чимён ҳудудини ривожлантиришга замин яратади. Кўприк қурилиши жараёнида автомобиллар ҳаракати тўхта­тил­майди”.

Шаҳримизнинг энг гавжум чор­раҳа­ларидан бири бўлган мазкур ҳудудда янги кўприкнинг қурилиши тирбандликни камайтириб, ҳайдов­чи ва йў­ловчилар хавфсизлигини таъминлайди. Кўприкнинг Паркент кўчасидан Оҳан­гарон шоссесига ўтувчи қисмида узунлиги 500 метрдан зиёд туннель қурилади. Иккинчи босқичда Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўл­нинг мазкур туннель устидан ўтган қисмида айланма кўприк бун­ёд этилади. Иккала кўприк устидан ўтувчи учинчи қават Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. 2019 йилнинг август ойида тўлиқ якунланиши назарда тутилаётган мазкур маҳобатли кўприк Тошкент ҳудудидан Чорвоқ ҳу­дудига борувчи йўлни 22 километрга қисқатирмоқда. Айни пайтда пойтахт аҳолиси ва юртимиз меҳмонларининг Чорвоқ ҳамда Чим­ён ҳудудига тез ва ­осон етиб олишлари учун Чирчиқ дарёси устидан кўприк бунёд этилмоқда.

Дарвоқе, пойтахтимизнинг Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасидаги замонавий кўприк­нинг­ фойдаланишга топширилиши­га ҳам саноқли кунлар қолди. Кўп­рикнинг умумий узунлиги 676 метр, шундан эстакада қисми 488,5 метр бў­либ, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метрдан иборат. Бу ерда 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги ҳам мавжуд бўлиб, уларда ногирон, кекса ва ёш оналарга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт, эскалатор ўрнатилган. “Кўприкқурилиш” трести унитар кор­хонасининг 67-кўприк қурилиш отряди бошлиғи Шерзод Ашуровнинг берган маълумотига кўра, кўприкка жаҳон стандартларига­ тў­ла жавоб берадиган энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатилган. Ушбу иншоотда Германия, Жанубий Корея, Хитой давлатларидан келтирилган замонавий техникалардан фойдаланилди. Пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшадиган мазкур иншоотнинг ишга туширилиши шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларига катта қулайлик яратади.

Яқин келгусида Тошкент шаҳри­да яна 15 та кўприк қурилиши режалаштирилганлиги ҳам юртимизда янгидан-янги ободлик ва ободончилик, яратиш ва яратувчанлик руҳи бардавомлигидан, мамлакатимиз тараққиётининг поғоналари табора юксалиб бораётганлигидан яна бир далолатдир. Зеро, барча эзгу ишларимиз жумласидан бу каби бунёдкорлик замирида ҳам тинч­лик аталмиш энг улуғ неъмат мужассамлигини ва бу муқаддас неъматнинг қадрига етмоқ ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслик лозим.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири