-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

“Тўйларни камхарж ўтказиш борасида Олмазор тумани ўрнак бўлиши керак”

10.07.2018

Оилавий маросимлар, тўй-ҳашамлар ва тантаналарни тежамкорлик билан ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш бугун жамиятимизда энг кўп муµокама қилинаётган масалалардан бирига айланди. Халқимиз тўй-ҳашамни, топган-тутганини эл билан баҳам кўришни ёқтиради. Тўй учун йиллаб йиғинади. Аммо бу йиғинни ҳаддан ошириб, кимўзарга айлантириш тобора авж олмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманига ташрифи чоғида тўйларни камхарж ўтказиш борасида Олмазор тумани ўрнак бўлиши кераклиги айтиб ўтилди. Бугун бу борада туманда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу мақсадда мухбиримиз Олмазор туман фаоллари билан суҳбатлашди.

Бу иллатга қарши бир аср аввал ҳам курашилган

Дилоро СУЛЕЙМАНОВА,

Олмазор туман ФҲДЁ бўлими мудираси:

— Сир эмас, халқимиз ўртасида кимўзарга тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш иллати авж олиб кетди. Тўғри, бундай иллат учун бир аср аввал ҳам курашилган. Унинг оқибатлари хусусида асарлар ҳам ёзилган. Жумладан, буюк мутафаккирларимиздан бўлган Абдулла Авлоний бир аср аввал “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!” деган экан. Бугун ҳам шундай. Тўй ва оилавий маросимларни ихчамлаштириш борасидаги жамоатчилик ҳаракати халқимиз хоҳиш-иродасига асосан татбиқ этилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида бугун анча тартибга тушган тўй маросимлари кўпчилик юртдошларимизни “кўрпасига қараб оёқ узатиш”га ундамоқда. Ахир, бугунги кунда ёш оилалар ўртасидаги аксарият ажралишлар тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ҳолда келиб чиқаётган можаролар оқибатида юз бераётганига қандай жим қараб туриш мумкин?

Тўйларни ихчамлаштириш борасида ФҲДЁ бўлимимиз томонидан никоҳланувчи ёшлар билан индивидуал суҳбатлар уюштирилмоқда. Шу билан бирга никоҳ қураётганлар ҳақида маҳалла идоралари ҳам хабардор бўлиши мақсадида уларни маҳаллаларда ташкил ­этилаётган суҳбатларга ҳам йўналтираяпмиз. Бундан мақсад, ав­вало, ёшларнинг оила, турмуш ҳақидаги тушунчаларини, бу ҳақдаги тасаввурларини кўпни кўрган отахону онахонларнинг ўгитлари билан бо­йитиш, шунингдек, маҳалла фаолларини тўй бўлаётган хонадондан, қолаверса, никоҳланувчи ёшлардан хабардор қилишдан иборат. Чунки баъзан тўй-ҳашамлар бўлаётган хонадонлардан маҳалланинг хабари ҳам бўлмайди. Тўй ўтиб можаро келиб чиққач эса, маҳалланинг эшигини қоқиб келувчилар ҳам бор. Яна бир гап. ФҲДЁ бўлими нафақат оила қурувчилар, балки ажралишга қарор қилиб бўлимимизга келганлар билан ҳам суҳбатлар уюштиради. Бундай суҳбатлар давомида кўплаб оилаларнинг ярашувига эришаяпмиз.

“Маслаҳатли тўй тарқамас”

Турсунхўжа ЭРГАШЕВ,

“Гузарбоши” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Маҳалладошимиз Нуриллаевлар оила­си шу йилнинг август ойида тўй қилиш ниятида. Маҳалла фаоллари йиғилиб, Акбаржон Нуриллаев билан маслаҳатлашиб тўйни ихчам, камхарж қилиб ўтказишга келишиб олдик. У кўпчиликнинг насиҳати, ма­ҳалладошларимизнинг маслаҳати ва қу­да­лар­нинг таклифи билан наҳорги ош маросимини қилмади. Қўни-қўшни учун кичик дас­турхон ёзди. Энди 8 август куни никоҳ базми бўлиб ўтади. Тўйга 120 киши таклиф қилиш режалаштирилди. Харажатлар ҳам олдиндан ҳисоблаб чиқилди. Аслини олганда, бир коса овқатга ҳам одамнинг қорни тўяди. Биласизми, ҳашамдор ва дабдабали тўйларни ўтказишга битта ойликка яшайдиган одамларнинг қурби етмайди. Агар қурби етдими, демак, унинг қаердандир келадиган “сармояси” бор. Мана шундай пулини кўкка совураётган тўй эгаларининг уйига бориб, сувга  ёки газга пул тўлаш учун имконияти етмаган қўшниси учун унинг харажатларини тўлашни илтимос қилсангиз ҳеч қачон тўламайди. Лекин тўй дас­турхонига анқонинг уруғидан бошқа ҳамма нарсани қўяди. Бу дастурхондаги исрофгарчиликка бутун маҳалла аҳлига ёрам берса бўлади, аслида! Яна имкони етмагани-чи? Улар элдан кам бўлмаслик учун  қарз-қавола қилади. Қарабсизки, бир кунлик тўй ўтади-кетадию, кейин тўй эгасини қарзни қандай тўлаш ташвишлари қийнай бошлайди. Оилада можаро келиб чиқади. Бугун оиладаги тушунмовчиликларнинг бош сабаби ҳам мана шу олди-бердию, дабдаба натижасидир. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тўй бошлаган хонадон эгалари билан ёқса-ёқмаса суҳбатлар уюштираяпмиз. Ахир, айтадиларку, “Маслаҳатли тўй тарқамас”, деб.

Тўй ўзини кўрсатиш учун эмас, балки икки ёшнинг бахтини ўйлаб ўтказилиши керак. Катта миқдордаги қарз эвазига тўй қилиб, ке­йин қотган нон еб ўтиришдан кимга наф? Ёки қимматбаҳо сарпо-суруқ ёшларнинг бахтини таъминлайдими? Ундан кўра келин-куёвга энг сара, дурдона асарларни сарпо қилиб берайлик. Улардан сабоқ олиб, ота-онасининг юзини ёруғ қилиб юришмайдими? Тўйдан тежаладиган ортиқча маблағни ёш оиланинг эҳтиёжи учун сарфлаш мумкин. Қарабсизки, оила ҳам тинч, ёшлар ҳам бахтли.

“Инсон ва қонун” мухбири

Дилфуза ЭРГАШЕВА тайёрлади.