-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тошкент давлат юридик университетида қабул қандай амалга оширилмоқда?

10.07.2018

Айни кунларда 2018/2019 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университетининг бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш Адлия вазирлиги ҳузуридаги Дав­лат хизматлари агентлигининг 201 та туман ва шаҳарларда фаолият олиб бораётган давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда.

Давлат хизматлари марказ­лари орқали хорижий давлат фу­қаролари, фуқаролиги бўл­ма­ган шахслар ва магистратура бос­қичига топширувчилардан ҳуж­жат қабул қилинмайди.

Абитуриентлар 15 июлга қадар (шу куни ҳам) давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган ҳолда Тошкент давлат юридик ­университети бакалавриат таълим йўналишига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишлари мумкин.

Давлат хизматлари марказларига абитуриент томонидан қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим этилади:

— паспорт;

— ўрта (11-синф), ўрта-махсус ёки касб-ҳунар ўқув муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги ҳужжат (иловаси билан);

— имтиёзни тасдиқловчи ҳуж­жат (агар мавжуд бўлса).

Бу ерда ҳужжатларни қабул қилиш хизмати бепул амалга ­оширилади.

Абитуриент маълумотлари дав­лат хизматлари маркази томонидан Давлат тест марказининг махсус “Абитур” базасига электрон тарзда киритилади ва абитуриентни махсус фото-техника воситаси ёрдамида суратга олади.

Давлат хизматлари маркази ходими маълумотларни расмийлаштириб бўлгандан кейин махсус базада автоматик тарзда юкланган маълумотларни икки нусхада бланкага чоп этади ва бир нусхасини абитуриентга беради, иккинчи нусхасини махсус йиғмажилдга тикиб қўяди.

Ҳужжатлари масофадан туриб топширилган бўлса-да, абитуриентлар 29-31 июль кунлари абитуриент рухсатномасини олиш учун Тошкент юридик университетининг қабул комиссиясига шахсан мурожаат этишлари шарт.

1-15 август кунлари оралиғида бўлиб ўтадиган тест синовларига киритиш жараёнида абитуриентларнинг паспортидаги биометрик маълумотлар яна бир бор текширилади ва бармоқ излари идентификация қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ногиронлиги бўлган абитуриентларга қабул квотасидан ташқари квотанинг 2 фоизи (12 нафар. Башарти умумий баллнинг камида 30 фоизини олган бўлса) миқдорида давлат гранти асосида жой ажратилади. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига ҳам тегишли имтиёзлар белгиланган.

Хорижий давлат фуқаролари­дан жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб ҳужжатларни қабул қилиш бошланган эди. Бугунги кунга қадар Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикасидан абитуриентлар ўқиш истагини билдириб университет қабул комиссиясига мурожаат қилди. Хорижий давлат фуқаролари суҳбат асосида университетга қабул қилинадилар.

Таъкидлаб ўтамиз, Тошкент давлат юридик университетининг бакалавриат босқичига 600 нафар талаба қабул қилинади. Шундан давлат гранти асосида 20 нафар, тўлов контракт асосида 580 нафар.

Шунингдек, магистратурага қа­бул қилиш бўйича бу йил қу­йи­да­гича янгиликлар бўлди:

— ҳужжатларни электрон тарзда топшириш жорий этилди;

— квота 120 нафардан 150 нафарга кўпайди;

— 3 та янги мутахассислик (Ҳуқуқ ва бизнес, Молиявий-ҳуқуқий мониторинг, Ҳуқуқ ва ахборот технологиялари)лар жорий этилди;

— ўқиш муддати 2 йилдан 1 йилгача қисқартирилди;

— тест топшириш бекор бўлди ва 2 та фан (махсус фан ва чет тили) бўйича ёзма имтиҳон топшириш тизими жорий этилди.

Тошкент давлат юридик университети қабул комиссияси