-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Фермер учун масъулиятли кунлар

11.07.2018

Президентимиз раислигида 4 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилиниши мамлакатимиз деҳқонларини янада руҳлантириб юборди. Қишлоқ хўжа­лигидаги сув танқислигини енгиш, ғўза ривожини тезлаштириш, пайкалларда кўзда тутилган ҳосилни тўплаш учун оқар сувга зовур сувларини омухта қилиб ишлатиш ва бундай суғоришни чекка ҳудудлардан бошлаб амалга ошириш кераклиги алоҳида уқтирилди.

Кўпгина сирдарёлик фермерлар каби Оқ­олтин туманидаги “Нурафшон орзу бўстони” фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси Қурбонгул Мамадалиева бошчилик қилаётган миришкор деҳқонлар ғўза парваришида долзарб дамлар кечаётган айни бир вақтда ўз вақтида кечиктирмай ўтказилган культивация, учинчи озиқлантириш даврида­ солинаётган минерал озуқа, боз устига ўғитдан кейинги сув эгатларида намликни бир маромда ушлаб туришни таъминлаш баробарида ғўза чуқур илдиз отиб, ҳосил тугунчалари сони кундан-кунга ошишига эришмоқдалар.

Агротехник қоидаларга амал қилинганлиги боис, пайкалларда шоналар сони ошиб, гулга-гул қўшилмоқда. Айни вақтда минерал ўғитлар берилиб, ўғитланган далаларда суғориш тадбирлари асосан тунги вақтларда изчил амалга оширилмоқда.

— Парваришда мутахассислар тавсияларига оғишмай амал қилиб июль ойи охиригача ҳар тупда ҳосил нишоналари сонини 12-14 тага етказамиз, — дейди Қурбонгул опа. Учинчи бор ўғитлашни барвақт тугаллаб суғоришни қулай муддатларда амалга ошириш, ҳосил зараркундаларига қарши кескин курашиш зиммамизга катта масъулият юклайди. Негаки, ғалла ўрилгач пайкаллардаги ҳашаротлар тўлиқ ғўза майдонларини “ишғол” қилишга интилади.

Буларнинг олдини олиш учун биологик ва кимёвий ишловни янада кучайтирдик ва ғўза ҳолатини текшириб, қатъий назорат қилиб бораяпмиз. Ҳаракатларимиз самарасида ғўза ривожида қолоқликка барҳам бериб, барча пайкалларда мўл ҳосил тўплаяпмиз. ­Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, суғориш ўтказилган майдонларда ўз вақтида культивация бажарилиши натижасида тупроқ ёрилиши, ғўза илдизи зарарланишига мутлақо йўл қўйилмаяпти. Хуллас, бор куч ва имкониятларни ғўза ривожини жадаллаштириш ва ҳосилга ҳосил қўшиш учун сарф этаяпмиз.

Шуҳрат СУЯРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири