-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Вазифа бажарилган, аммо ҳақ тўланмаган

08.08.2018

Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти бўйича ўрганиш ҳамда таҳлиллар ўтказилмоқда.

Жумладан, Наманган вилоят ҳокимлиги махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғи томонидан 2018 йил 30 апрелда бўлимнинг 23 нафар ходими учун тунги навбатчилик жадвали тасдиқланганлиги аниқланди.

Мазкур жадвалга кўра, бўлимнинг 23 нафар ходими ҳар 9 кунда бир марта иш вақти тугагандан сўнг кечки соат 16:00 дан эртаси куни соат 08:00 га қадар тунги навбатчиликда туриб, ўзига юклатилган вазифаларни бажарган. Бироқ бўлим томонидан мазкур иш вақтидан ташқари ишлар учун ходимларга амалдаги меҳнат қонунчилигида назарда тутилган иш ҳақи ва кафолатли тўловлар тўланмаган, шу орқали барча ходимлар бўлим томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинган.

Шунга кўра, махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғини маъмурий жавобгарликка тортиш учун тегишли ҳужжатлар вилоят бандлик бош бошқармасига юборилиб, бошқарманинг қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра махсус эксплуатация-монтаж бўлими бошлиғига 368 600 сўм маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликларини ўрганиш жараёнида аксарият ҳокимликлар томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳокимлик ваколатига тааллуқли бўлиб, уни кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар олиш имконияти мавжуд бўлса-да, мурожаатлар тегишлилиги бўйича бошқа давлат органлари ва ташкилотларига юборилиб, нотўғри амалиёт шаклланганлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли таъсир чоралари қўлланилди.

Дилмурод АҲМЕДОВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси масъул ходими