-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Қонунга чап берган чапдастлар

09.08.2018

 

Ўғриликни амалга ошириб воқеа жойидан қочиб кетган жиноятчиларни эшитган бўлсангиз керак. Жиноятчи, албатта, қўлга тушади, узоққа бормайди. Аммо криминалистикада шундай вазиятлар ҳам бўлганки, жиноятчи узоқ вақт давомида қўлга тушмай келган. Улар аллақачон тарихнинг бир қисмига айланиб улгурган.
 

Гарри Уинстон заргарлик уйи

Гарри Уинстоннинг заргарлик уйи Голливуддаги энг машҳур савдо маскани ҳисобланади. “Оскар” мукофотини топшириш маросимида кўпчилик санъаткорлар мана шу заргарлик уйидан ижарага олинган қимматбаҳо тақинчоқлар билан безанади. Гарри Уинстон номи яна яқинда содир этилган йирик ўғрилик билан бирга тилга олинади. 2009 йилда Парижнинг Елисей майдонида жойлашган заргарлик дўконига у энди ­ёпилай-ёпилай, деб турган пайт тўртта қуролланган эркак кириб келди. Уларнинг учтаси аёл қиёфасида кийинган, парик ҳам тақиб олган эди. Жиноятчилар витриналардаги бор тақинчоқларни олиб, ходимларни омборхонани очишга мажбур қилишган. Шундай қилиб улар дўконни шип-шийдон қилиб чиқиб кетишган. Ўғирланган тақинчоқларнинг жами суммаси 80 миллион Еврони ташкил этади. Ўғрилик содир этилгани маълум бўлгач, заргарлик уйи акциялари 9 фоизга тушиб кетди.


 

“Юнайтед Калифорния” банкидаги ўғрилик

Бу жиноят анча олдин, 70-йилларда содир бўлган. Бугунги кунда ўғирланган пул миқдори 100 миллион АҚШ долларига тенг. Ўша пайтлари бу сумма рекорд кўрсаткич эди. Огаёлик ўғрилар етти киши бўлиб, уларга Эмиль Динсио раҳбарлик қилган. “Нигел лагунаси” номли тўда “Юнайтед Калифорния” банк­ларидан бирига ҳужум уюштирди. Ўғрилар тезлик билан сейфни тозалашди. Сейфдаги пул миқдори аниқ эмас эди, шунинг учун уни тахминан айтишади. Ўғриларни нафс балоси тинч қўймай, қайта ўғрилик қилишга чиқишгани уларнинг АҚШ полицияси томонидан қўлга олинишига сабаб бўлди.


 

Антверпендан ўғирланган олмослар

Кўпчилигимиз 80 фоиз олмоснинг айнан Антверпен орқали ўтишини билмаймиз. Бироқ ўғрилар буни билишади. Натижада, шаҳарда қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ кўплаб ўғриликлар содир этилган. Аммо бу ўғрилик содир этилиш йўли ва умумий суммаси билан бошқаларидан анча фарқ қилади. Ўлжа шу даражада катта бўлганки, ўғрилар уни зўрға олиб чиқишган. Олмос биржасидаги 160 сейфдан 123 таси шип-шийдон қилинган. Бу жиноятни 30 йиллик тажрибага эга бўлган ўғри Леонардо Нотарбартоло режалаштирган.

Қидирувга энг яхши айғоқчилар жалб қилинди. Бир кундан сўнг Леонардо Нотарбартоло қўлга олинди. Унинг шерик­лари, хотини ва голландиялик эр-хотин ҳам тезда қўлга тушди. Жиноятни улар содир қилганлиги тўғрисида далиллар бор эди-ю, 100 миллион АҚШ долларилик олмослар гўё ер ютгандек ғойиб бўлган эди. Нотарбартоло ҳозирда узоқ муддатли жазони ўтамоқда. Энг қизиғи, у судда уларни қандайдир бир яҳудий савдогар ёллаганини ва бор-йўғи 20 миллион АҚШ долларига тенг олмосни ўғирлаганликларини айтди. Улар омборга келганда сейфларнинг бир қисми аллақачон ўмарилганини қайд этди. Нотарбартолонинг тахминича, бу жиноятнинг суғурта билан боғлиқ йирик фирибгарлик ишига алоқаси бор. У эса мана шу катта фирибгарлик ишига ўзи билмай аралашиб қолган. Бироқ полиция Нотарбартолонинг бу талқинига ишонмай, унинг уч шеригини ҳам қўлга олди.

“Инсон ва қонун” мухбири

 Мадина ҲАМДАМОВА тайёрлади.