-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Пиёда одоби нима? Пиёда маданияти нима?

09.08.2018

Пойтахт кўчаларида қатнов узилмайди. Ҳайдовчилар ҳушёр. Бундай вақтда бир зумга йўқотилган ҳушёрлик турли кўнгилсизликларни келтириб чиқаришини ҳамма яхши билади.

Айнан шундай бир паллада йўловчи, пиёдалар ўтиш жойидан телефонда гаплашган кўйи, гарчи пиёдалар учун светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бўлса-да, ҳеч нарсага эътибор бермасдан ҳаракатлана бошлади. Иккиуч нафар ҳайдовчи сигнал босганча пиёданинг олди-орқасидан ўтди. Пиёда бунга парво ҳам қилмай йўлида давом этаверди. Кейинги ҳайдовчи яшил чироқда тўхташга мажбур бўлди, йўқса пиёдани уриб юбориши мумкин эди. Аммо бу ҳайдовчига қимматга тушди, ортидан келаётган машина келиб урилди.

Шундан сўнг бир зумда кўчада тирбандлик юзага келди. Ҳайдовчилар бир-бирини айблаб гап талашмоқда, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари келиб, айбдорларга жарима ҳам белгилади. Кўчадан ўтиб олган ҳақиқий айбдор эса ҳамон телефонда гаплашган ҳолда содир бўлган ҳодисага бир кўз ташлади-ю, бунга ўзини заррача айбдор ҳисобламади шекилли, йўлида давом этди. ИИВ ходимлари ҳам уни тўхтатиб, “бу воқеа сен туфайли бўлди”, дея унга на жарима белгилади, на пиёда маданияти-ю одобидан сабоқ берди.

Ҳа, юртимизда бундай воқеаларга тез-тез гувоҳ бўламиз. Нега шундай, чунки бизда пиёда маданияти, пиёда одоби шаклланмаган. Кўплаб хорижий давлатларда гувоҳ бўлганимиз, кўрган-эшитганимиз бор. ­Сизга гувоҳ бўлганимиз Россиядаги ҳолатни мисол келтирадиган бўлсак, ўша давлатдаги одамлар сайр қиладиган бульвар(сайилгоҳ)да бўлдик. Бульварнинг ўртасидан автомобиль йўли ўтган. Пиёдалар йўлдан ўтиши учун светофор ҳам ўрнатилган. Кузатиб шунга амин бўлдикки, гарчи ўша йўлдан автомобиллар аҳён-аҳёнда ўтса-да, пиёдалар светофорнинг қизил чироғида ҳеч қачон ҳаракатланишмайди. Ана энди шундай ҳолатни ўзимизда тасаввур қилиб кўраверинг! Бизда шундай ма­шиналар кам ҳаракатланадиган жойларда керак бўлса фарзандларимиз чиқиб ўйнаса ҳам парво қилмаймиз.

Ҳайдовчи ва пиёда билан бўладиган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Буни бугун барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Республикамиздаги айрим бозорларнинг олдидаги йўлларга баланд панжаралар ҳам ўрнатилди. Мақсад пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг автомобиль йўлидан эмас махсус ерости йўлларидан бемалол ҳаракатланишини олиб боришдир. Биз пиёдалар эса нима қилаяпмиз, жонимизни икки марта хатарга қўйиб бўйимиздан баланд панжарадан ошиб ўтамиз.

Юртимиздаги пиёдалар ҳаракатидан бугун шундай хулоса қилиш мумкинки, пиёда сифатида маданиятимиз, йўловчи одобимиз шаклланмас экан, автомобиль йўлларида дуч келган жойдан ҳаракатланаверамиз, бу эса мудҳиш автоҳалокатларнинг сони ортишига сабаб бўлаверади.


Азиз ўқувчи!

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йўловчи маданияти нима? Йўловчи одобичи? Газетанинг кейинги сонларида ана шу икки саволга жуда қисқа ва аниқ жавоб йўллаган ўқувчиларимизнинг фикрларини чоп этамиз.


Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири