-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Тақиқланган ахбороти бўлган сайтлар қандай чекланади

07.09.2018

Вазирлар Маҳкамасининг 5.09.2018 йилдаги 707-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Веб-сайтда ёки веб-сайт саҳифаларида қонунга зид ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланиладиган ахборотлар мавжуд бўлган тақдирда Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги улардан фойдаланишни чеклайди (бу ҳақда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 121-моддасида батафсил берилган). Фойдаланишни чеклаш жараёни 3 босқичдан иборат бўлади.

I. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган интернет-ресурсларни аниқлаш. Бунинг учун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази томонидан мониторинг юритилади, шу жумладан келиб тушган мурожаатлар асосида ҳам мониторинг ўтказилади. Аниқланган тақиқланган ахборот мавжуд ресурслар бўйича хулоса тайёрланади, унда мониторинг ўтказиш учун асос, ўрганиш предмети ва натижалар кўрсатилади. Марказ мониторинг натижаларини экспертизадан ўтказиш учун Оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясига мурожаат қилиши мумкин.

! Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссиясининг қарори устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

II. Интернет-ресурс идентификация маълумотларини махсус Реестрга киритиш. Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган ресурсларнинг ноёб домен номлари, веб-сайт саҳифалари кўрсаткичлари ва тармоқ манзиллари (идентификация маълумотлари) тегишли Реестрга киритилади. Реестрни шакллантириш ва юритиш Марказ томонидан электрон шаклда амалга оширилади. Реестрга киритишда асос – Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссиясининг қарори кўрсатилиши шарт.

III. Ахборот ресурсидан фойдаланишни чеклаш. Маълумотлар Реестрга киритилгандан кейин 12 соат мобайнида тегишли чоралар кўрилади. Бундан кейин фойдаланилиши чекланган ресурсларга мурожаат қилган фойдаланувчилар мазкур ресурс Реестрга киритилгани ҳақида хабарни ва мурожаат учун боғланиш маълумотларини кўрадилар.

Қачон ресурс Реестрдан чиқарилади ва эркин фойдаланишга ўтказилади

Бу икки ҳолатда амалга оширилиши мумкин:

а) ахборот ресурси эгасининг тақиқланган ахборот ўчирилгани тўғрисида ёзма (электрон) мурожаатига кўра. Марказ ёзма мурожаат олинган вақтдан бошлаб бир сутка мобайнида бу ҳолатни текширади ва ID-маълумотларни Реестрдан чиқаради.

б) ресурс Реестрга кириши учун асос деб топилган Марказ хулосаси ёки Эксперт комиссияси қарорини бекор қилиш ёки ҳаққоний эмас деб топиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарорга асосан.

Ресурс Реестрдан чиқарилгач, Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги фойдаланишни чекловчи тўсиқларни бир сутка мобайнида олади. Тегишли маълумотлар ўзгартириш киритилган сана ва вақт кўрсатилган ҳолда Реестрда сақланади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.09.2018 йилдан кучга кирди.

Манба: norma.uz