-A A +A

Сайтимизнинг оҳирги янгиликларидан ҳабардор бўл!

Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари фаолияти қониқарлими?

08.09.2018
2018 йилнинг 8 сентябрь куни Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари фаолиятига бағишланган мажлиси ўтказилди.

Видеоконференцалока шаклида ташкил этилган мажлисда вазирлик  марказий аппаратининг таркибий бўлинма раҳбарлари, Корақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳамда туманлар (шахарлар) адлия бўлимлари ходимлари иштирок этди.

Унда Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг шу кунгача бўлган фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокама этилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг Фармони ва қарорига асосан жойларда  жами 200 та туман (шаҳар) адлия бўлимлари ташкил этилди. Уларга жами  560 нафар ходим ишга қабул қилинди.

Ушбу адлия бўлимлари фуқароларга ҳуқуқларини тушунтириш билан чекланиб қолмай, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашмоқда. Аҳолининг вилоят марказига юзлаб чақирим йўл босиб овора бўлиб боришларига чек қўйилди. Боиси аввалари адлиянинг қуйи тизими вилоят адлия бошқармаларига вақт сарфлаб боришларига тўғри  келарди. Энди бўлса туман (шаҳар) адлия бўлимлари ташкил этилгани фуқароларнинг муаммоларини шу ернинг ўзида бартараф этишга имкон яратди.

“Республика — вилоят — туман — маҳалла” принципи бўйича қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга етказиш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқни қўллашда бир хил амалиётни жорий қилиш ҳамда ҳокимларнинг қарорларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланмоқда.

Энг асосийси фаолияти йўлга қўйилган туман (шаҳар) адлия бўлимлари учун алоҳида бинолар ажратилиб, талаб даражасида жиҳозланди. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлардан тизимли равишда адлия бўлимларини хабардор қилиб бориш, уларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ягоналигини таъминлаш, амалга оширилган ижобий ишлар бўйича тажриба алмашиб бориш мақсадида ижтимоий тармоқда барча туман (шаҳар) адлия бўлимларидан иборат ягона тизими ташкил этилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг май ойида вазирликнинг малакали ходимларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан  Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ишларни ташкил этиш, ҳужжат билан ишлаш бўйича семинар, мастер класслар ўтказилиб, адлия бўлимлари ходимларига тегишли кўрсатма ва йўналишлар берилди.

Туман (шаҳар) адлия бўлимларининг ишини тўғри ташкил этиш ҳамда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида йўриқнома, янги ишни бошлаш бўйича 10 та қўлланма ва ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб адлия бўлимларига етказилди.

Жорий йилнинг август ойида Адлия вазири ўринбосарларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳи тузилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазрлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан амалга оширилган ишлар, ходимларининг билими, салоҳияти, олдимизга қўйилган вазифаларнинг моҳиятини тушунганлиги, мамалакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги ўрганиб чиқилди.

Аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини янада ошириш, яхши ишлаган, ҳар томонлама ўрнак бўлган туман адлия бўлимларига 70 та хизмат автомашиналари тантанали топширилди.

Бўлиб ўтган мажлисда Адлия бўлимлари ташкил этилган вақтдан бошлаб шу кунга қадар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда улар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик масаласи ҳам муҳокама этилди.

 Йиғилишда Сурхондарё вилоятининг Денов, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Андижон вилоятининг Марҳамат, Тошкент шаҳрининг Бектемир туман адлия бўлимлари қисқа вақт ичида ижобий натижаларга эришгани қайд этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда адлия бўлимлари томонидан фаолиятида қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинганлиги жиддий танқид остига олинди.

Белгиланган вазифа ва топшириқларни ҳар бир ходим, вазирдан тортиб тизимдаги оддий ходимгача масъулиятни чуқур хис қилиши лозимлиги, бунда ҳеч ким, на раҳбар ёки оддий ходим четдан туриб кузатиб туришга ҳаққи йўқлиги, бунга йўл қўйилмаслиги, юклатилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариши шартлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда фаолиятида камчиликларга йўл қўйган, ишига масъулиятсизлик билан ёндошган 28 нафар адлия бўлимларининг ходимлари (шундан 15 нафари туман адлия бўлимлари бошлиқлари) лавозимидан озод этилди.

Адлия бошқармалари томонидан юклатилган вазифалар ижросини таъминлашга ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимларининг иш фаолиятларини тўғри ташкил этишга, фаолиятини мувофиқлаштириб уларга услубий раҳбарлик қилишга масъулиятсизлик билан қаралаётганлиги, баъзи ҳудудларда адлия бўлимларининг фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги, кўрсатиб ўтилди. Фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий адлия бошқармаларининг 25 нафар ходимларига ҳайфсан эълон қилинди. 29 нафар ходим огоҳлантирилди.

Йиғилиш сўнгида Адлия вазири:

1. Ҳар бир адлия ходими иш фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий ва оғишмай амал қилиши, Адлия органлари ва муассасалари ходимлари “камтар бўлиб, халқимиз олдида қўли кўксида бўлиб хизмат қилиши лозим”лиги;

2. Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари “туман-шаҳар адлия бўлимлари бизнинг юзимиз” тамойилига қатъий риоя этиши ва уни амалда рўёбга чиқариш чораларини кўриши;

3. “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратиши ҳамда ўз фаолиятида устувор вазифа сифатида белгилаб олиши зарурлигини қайд этди.

 

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими